Наманганлик ўқувчи ўз IT-лойиҳалари даромадидан оиласига Gentra олиб берди

  •   DiMaX
  •  732
  •  16.06.2021 17:58

Наманганлик ўқувчи ўз IT-лойиҳалари даромадидан оиласига Gentra олиб берди

Наманган шаҳридаги 2-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 9-синф ўқувчиси Умар Улфориқ Рустамовнинг 10 ёшидан буён компьютер ва ахборот технологияларига қизиқиши баланд. Қатъий аҳд ва мақсадга айланган ана шу қизиқиш йўлидаги изланиш ва интилишлар натижасида 14 ёшидан дастурлар бўйича ишлаш ва сайтлар яратиш билан профессионал фаолият сифатида шуғулланиб келади, деб ёзади Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати.

ЎҚИНГ: «Чиқинди қутиси боласи» – гўдаклигидаёқ ташлаб кетилган миллионер дастурчи ҳикояси

Веб сайтлар устида ишлаш ва дастурлар яратиш бўйича ўқув марказларида билим ва салоҳиятини оширган Умар Улфориқ ҳозирга қадар яратган сайтлар сони йигирмадан ортиб кетди.

У яратаётган лойиҳалар буюртмачилари, асосан, Россия Федерациясида. Қолаверса, айни пайтга қадар Америка Қўшма Штатларидан тушган битта, Жанубий Кореядан тушган 2 та буюртма бўйича сайтни такомиллаштириш ва янгидан яратиб беришни самарали бажарган ёш дастурчига йирик лойиҳалар бўйича ҳам ҳамкорлик таклифлари бўлиб туради.

Хусусан, Россиядаги туристик агентлик буюртасига кўра у яратган муваффақиятли лойиҳа учун буюртмачилар томонидан 6700 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўланган.

Ҳар бир сайтни яратиш устида ҳажмига қараб 15 – 20 кундан, йирик лойиҳалар бўйича 2 – 3 ойгача ишлаймиз. Дастурлар, лойиҳалар, сайтларни яратиш ва анимациялар бўйича Adobe XD, Premiere Pro каби дастурлардан фойдаланамиз. Дастлабки пайтларда ўзим мустақил ўрганган бўлсам ва сатларни бир ўзим яратган бўлсам айни пайтда 6 кишилик жамоа билан иш олиб боряпмиз. Уларнинг барчаси 7-, 11-синф ўқувчилари, шунингдек онлайн қизиқувчилар ҳам лойиҳаларимизни яратиш борасида иштирок этадилар ва кузатадилар, – дейди IT лойиҳалар бўйича муваффақиятли фаолият олиб бораётган Умар Улфориқ Рустамов.

Ўз олдига улкан ният ва мақсадларни қўйиб, истиқбол сари дадил қадам ташлаётган ёш дастурчининг бугунги фаолияти эътибор ва эътирофга лойиқ. Фрилансинг бўйича фаолият юритиш баробарида стартап лойиҳалар устида ишлаётган тенгдошингиз ойига 500 – 600 АҚШ доллари миқдорида даромад қилмоқда. Эътиборлиси, у айни пайтгача қилган ўз даромади ҳисобидан оиласи учун Gentra автомашинаси ҳам олди.

У рус, турк, араб, инглиз тилларини мукаммал билади. «Ўзбекистон учун 100 ғоя» ва «Стартап ташаббуслар» танловларида муваффақиятли иштирок этаётган Умар келажакда ўзининг IT соҳасида бизнес фаолиятини янада ривожлантириб, йирик лойиҳалар, дастурлар бўйича иш олиб боришни мақсад қилган.

ЎҚИНГ: Дипломатия университетига кира олмаган қиз Tesla’га ишга кирди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.