Нанороботлар саратонни даволашга ёрдам беради

Нанороботлар саратонни даволашга ёрдам беради

Канаданинг Монреаль шаҳрида олимлар саратон касалликларини даволаш самарадорлигини оширадиган ва кимёвий терапияни асоратларини бартараф этадиган нанороботларни яратишди. Бу ҳақда Hightech.fm ресурси хабар бермоқда.

Роботлар қивчинсимон бактериялар, магнит қисмларининг занжирлари ва ҳар хил датчиклардан тайёрланиб, улар одам организмидаги саратон ҳужайраларини аниқлашга хизмат қилади. Касалланган тўқималар топилгач, роботлар даволаш учун уларга дори воситаларини етказади.

Саратонни самарали даволаш ушбу технологиянинг асосий афзаллиги ҳисобланади. Нанороботлар доривор воситани бевосита саратон ўсимтасига етказганлиги туфайли, улар ёрдамида кимёвий терапия учун зарурий токсинларнинг дозасини сезиларли даражада тушириш мумкин. Бунинг натижасида беморлар даволашнинг акс таъсирларидан (бошқа органларнинг шикастланиши, кўнгил айниши, сочнинг тўкилиши ва бошқалар) ҳимояланадилар.

Олимлар мазкур кашфиётни сичқонларда синаб кўриб, ижобий натижага эришдилар. Ажаб эмас, яқин келажакда роботлар саратонни даволашга жалб қилинса.

Таъкидлаш керак, саратонни даволашдаги илк бундай ихтиро эмас. 2013 йилда Жанубий Кореялик олимлар йирик саратон ўсимталарини аниқлайдиган ва бироз бошқача модулдаги роботларни патентлаган эдилар.