Нақ 14.000 долларлик, лекин Snapdragon 660 чипли Vertu Aster P смартфони тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  2330
  •  18.10.2018 09:44

Нақ 14.000 долларлик, лекин Snapdragon 660 чипли Vertu Aster P смартфони тақдим этилди

Люкс смартфонлар бренди – Vertu бозорга қайтаётганлиги ҳақида куни кеча хабар бергандик. Ниҳоят, шу иш амалга ошди – 17 октябрь куни Хитойда унинг Aster P русумли янги телефони тақдим этилди.

ЎҚИНГ: Vertu ўзининг энг кучли смартфонини намойиш этди

Vertu оригиналликка қанчалик интилса ҳам, Aster P модели барибир компаниянинг аввалги смартфонларига ўхшаб қолган. Бу унинг дизайнига ҳам, корпуси материалларига ҳам, нархига ҳам тегишли. Дарвоқе, янги смартфонга, конфигурациясидан келиб чиққан ҳолда, 5.000 дан то 14.000 долларигача нарх қўйилган!

Хўш, Vertu бунча қиммат нарх эвазига Aster P смартфонида нималарни таклиф этаётир? Афсуски, ташқи ҳашамдорлигига қарамай, унинг «ички дунёси» унчалик бой эмас – техник хусусиятлари флагманларга эмас, балки ўрта нархли смартфонларга тўғри келади.

Қисқача қилиб айтганда: корпус ўлчамлари 149,8х71х10,1 миллиметр, вазни 220 грамм; 5 дюймлик AMOLED-дисплейининг тасвир сифати Full HD форматида. Флагман процессорлар нарёқда турсин, ҳатто Snapdragon 700 туркуми ҳам эмас, балки ундан-да пастроқ Snapdragon 660 чипи ўрнатилган. Тезкор хотираси 6, доимий хотираси эса 128 гигабайтлик. Аккумулятор ток сиғими 3200 мА/соатга тенг, унга тезкор қувватлаш технологияси татбиқ этилган. Селфи-камераси 20 мегапикселлик, асосий камера эса 12 мегапикселлик якка сенсорлардан иборат. Замонавий USB-C портига ҳамда контактсиз тўловлар учун NFC модулига эга. Операцион тизими ҳам энг сўнгги эмас, балки Android 8.1 талқинида.

ЎҚИНГ: Xiaomi ўзининг энг қиммат маҳсулотини чиқарди – у асосан ёшлар ва ёш оилаларга мўлжалланган

Ўртача техник хусусиятларига қарамай, Vertu Aster P ушбу бренднинг анъаналарига мос тарзда, Англияда қўлда терилган материаллар асосида безакли қилиб ишланган. Корпуснинг роми титандан ишланган, экранига 133 қиротлик сапфир шишаси ётқизилган. Орқа қопқоғида тимсоҳ ва калтакесак териси қопламалари мавжуд, тугмачаси эса қимматбаҳо ёқут (рубин) тошидан. Dazzling Gold версияси – энг қиммати, яъни 14.000 долларлик бўлиб, қўшимчасига унда тилла ҳам ишлатилган.

Қизиғи шундаки, Vertu расмий сайтида ҳозирча бу модель ҳақида ҳеч нима дейилмаган, юқоридаги барча маълумотлар JD.com интернет-дўконидан олинган. Шунга қараганда, Vertu Aster P биринчи навбатда Хитой бозорига мўлжалланмоқда.

Айни дамда шу битта смартфон пулига Terashop.uz интернет-дўконимиздан бир нечта смартфон, планшет, ноутбук, камера, телевизор, компьютер ва унинг жиҳозлари, смарт-соат ва турли аксессуарлар олиш имкони мавжуд...

ЎҚИНГ: Vertu $20,000 долларлик телефонини ‘арзон’га аукционга қўйди