Наркотик сотувчиси WhatsApp орқали антиқа тарзда қўлга тушди

Наркотик сотувчиси WhatsApp орқали антиқа тарзда қўлга тушди

Замонавий технологиялар шунчалик ривожланиб кетдики, жиноятчилар улардан қанчалик эҳтиёткорлик билан фойдаланишга уринмасин, фош бўлиб қолмоқдалар.

Жанубий Уэлс полициячилари наркотик моддаси сотиб олиш ниятида бўлган мижозга WhatsApp орқали юборилган сурат асосида жиноятчини қўлга олдилар. Жиноятчи сотувчи ушбу суратда экстази таблеткаларини кафтига қўйганча, мижозга кўрсатаётган бўлган.

Мамлакатнинг Бриженд шаҳрида полиция бир неча ойдан бери наркотик савдоси ошиб бораётганини кузатиб келаётган эди. Бундан бир мунча вақт аввал полиция наркотик моддалари сотиб олувчиларни ҳибсга олиб, улар орқали сотувчи ким эканлигини аниқлашга ҳаракат қилади. Бироқ сотувчи шу даражада эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилар эдики, ҳатто мижозлар ҳам унинг асл шахси ҳақида бирор маълумотга эга эмас эди.

Жиноятчини фош қилган сурат

 

Полиция қўлга олинган олинган мижозларнинг смартфонларидаги маълумотларни ойлар давомида текширади. Аммо, асосан, WhatsApp мессенжери орқали сотувчи ва мижоз ўртасида олиб борилган ёзишмаларда калаванинг учини топишга ёрдам берадиган ҳеч қандай далил йўқ эди. Ёзишмалар сотилаётган товар ҳақидаги асосий маълумотлар ва уларнинг нархи ҳақида эди.

Apple Watch қотилликни фош этишга ёрдам берди

Шундай кунлардан бирида мобил қурилмалардаги далилларни қайта кўздан кечираётган полициячилардан бири сотувчи томонидан WhatsApp мессенжери орқали мижозга юборилган суратга эътибор бериб қолади. Суратда наркотик таблеткаларни тутиб турган сотувчи кафтининг бир қисми кўриниб турар эди. Полициячи шу заҳоти бармоқ излари орқали шахсни аниқлаш учун суратни экспертизага юборади.

Бироқ суратда сотувчи бармоғининг жуда кичик қисми кўринган эди, холос. Шундай бўлсада, экспертиза бармоқ изини имкон қадар юқори аниқликда ўрганишга ҳаракат қилади ва олинган изларга мос тушган 11 нафар гумонланувчи шахс қўлга олинади.

Натижада бармоқ изи гумонланувчилар орасида бўлган Эллиот Моррис исмли шахсга тегишлилиги аниқланади. Эллиот Моррис наркотик моддалар сотиш айби билан муқаддам 8,5 йилга қамалган бўлган ва полиция шунча ўтган вақт давомида у ҳақида ҳеч қандай шубҳага бормаган ҳамда сотувчи у эканлигини ҳаёлига ҳам келтирмаган.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.