Нарса-буюмларнинг ичини кўрувчи камера яратилди

Нарса-буюмларнинг ичини кўрувчи камера яратилди

Сиэтлда жойлашган Вашингтон университети олимлари Microsoft компанияси билан ҳамкорликда ноёб камера яратдилар. HyperCam деб ном олган ушбу аппарат предметларнинг ичини кўра олади. Уни аппаратга жойланган кучли рентген нурлари деб ўйламанг. HyperCam гиперспектраль тасвир технологияси билан ишлайди, бунда турли электромагнит спектрли расмлар бирлаштирилади. 17 диапазонда суратга олади. Бу технологиядан астрономияда анчадан бери фойдаланилади, аммо ҳали омманинг қўлига етиб бормаган эди.

HyperCamни маиший мақсадларда ҳам ишлатиш мумкин. Камера сабзавотларнинг янги-эскилигини аниқлашда қўл келади, масалан, қовун-тарвузнинг ичида қурт бор-йўқлигини текширишингиз мумкин. Ё бўлмаса, унинг ёрдамида қўлингиздаги қон томирлар ҳолатини кўриб, зарур бўлса шифокорга мурожаат қиласиз. Камчилиги – хира ёритилган муҳитда тасвир сифатли чиқмаслиги.

Ҳозирча, HyperCam нархи 800 доллар, аммо мутахассислар 50 долларгача туширишни режалаштирган. Бундан ташқари HyperCamни смартфонга жойлаш ниятлари ҳам йўқ эмас.