Навбат Galaxy S23 Ultra'га!

Навбат Galaxy S23 Ultra'га!

Samsung ўзининг янги Galaxy S23 флагманларини тақдим қилишига 2 ҳафтача вақт қолди. Кутилганидек, тақдимотга яқин бўлажак смартфонларга оид маълумотлар тарқалиши кўпая бошлади. Бундан аввал биз Galaxy S23 ва Galaxy S23+ расмий техник хусусиятлари билан танишган эдик. Навбат қатордаги энг юқори бўлган Galaxy S23 Ultra'га!

Улашилган маълумотларга кўра, Galaxy S23 Ultra смартфони 78.1×163.4×8.9 мм ўлчамда 233 грамм оғирликка эга бўлади ва у IP68 сертификати билан сув чангдан ҳимояланади. Унинг Infinity-О рамка дизайнидаги Dynamic AMOLED экрани 6.8 дюйм бўлиб, у QHD+ (3088×1440) резолюциясига эга. Gorilla Glass Victus билан ҳимояланган экран 120 герц янгиланиш тезлигини қўллаб-қувватлайди.

Экран юқори марказидаги юмалоқ тирқишдан ўрин олган селфи камера 12МП (f/2.2, ҲДР10+) бўлиб, у 4К форматида сониясига 60 кадр (fps) тезликда видеолар олиш қобилиятига эга. Смартфон орқа томонида эса 200МП (ҳа, ростдан ҳам) асосий, 12МП ( f/2.2, 120°) ултра-кенг ва яна иккита 10МП телефото (бири f/2.4, 3х оптик зум, иккинчиси f/4.9, 10х оптик ва 100х масофавий зум қобилятлари, ҳамда, OIS) камералари ўрнатилган.

Смартфон 4 нм Snapdragon 8 Gen 2 чипсети билан 8/12 ГБ оператив, ҳамда, 256/512 ГБ ёки 1ТБ доимий хотирада Android 13'га асосланган One UI 5.1 операцион тизимида ишлайди. Унинг 5000 мА/соат батареяси 45 Вт тезликда USB-C порт орқали, 10 Вт тезликда эса симсиз қувватланади.

Алоқа борасида смартфон 5G, Wi-Fi 6E ва Bluetooth 5.3 технологияларини қўллаб-қувватлайди. Смартфонга иккита нано SIM-карта солиш, eSIM улаш мумкин. Қўшимчасига смартфон экран остида бармоқ изини аниқлаш сканери, NFC, юзни аниқлаш сканери ва стилусга эга.

Galaxy S23 Ultra смартфони қора, оқ (крем ранггида), яшил ва лаванда гул ранггида 1 феврал куни чиқарилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Galaxy S22 Ultra билан суратга олинган филм трейлерини чиқарилди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!