Навбатдаги ҳамёнбоп – Galaxy A35 (ёки Galaxy A30e) смартфони рекорд даражали аккумуляторга эга!
Samsung компанияси ҳамёнбоп Galaxy A туркумида яна камида битта моделни тақдим этадиган кўринади. Аммо ушбу сериядаги барча «ўнлик рақамли» номлар қатори аллақачон тўлиб бўлган.
ЎҚИНГ: Galaxy A20e – ҳамёнбоп туркумнинг энг ихчам, лекин «бели бақувват» вакили!
TENAA регулятори базасида Samsung’нинг янги қурилмалари рўйхатдан ўтди: SM-A3050 ҳамда SM-A3058. Афтидан, булар – битта моделнинг иккита версияси бўлиши керак, аммо улар негадир уларнинг қалинлиги ҳар хил. Битта версиянинг ўлчамлари 158,4х74,9х7,4 миллиметрга, яна бириники эса 159х75,1х8,4 миллиметрга тенг. Қизиғи – уларнинг вазни бир хил, яъни 174 граммни ташкил этади.
Кузатувчиларнинг фикрича, янги смартфон Galaxy A35 ёки Galaxy A30e деб номланиши мумкин, балки иккита версия деётганимиз шу номлардаги алоҳида-алоҳида иккита модел сифатида бозорга тақдим этилар.
ЎҚИНГ: Ўта арзон Galaxy A2 Core тақдим этилди: Redmi Go’нинг асосий рақиби!
Маълумотларга кўра, бу смартфоннинг 6,4 дюймлик AMOLED-дисплейи HD+ форматида. Унинг «электрон юраги» сифатида эса 1,8 ГГц частотасида ишловчи саккиз ядроли номаълум процессор кўрсатилган.
Қурилманинг тезкор хотираси 4, 6 ёки 8 гигабайтлик, доимий хотираси эса 64 ёхуд 128 гигабайтлик бўлади. Ушбу моделнинг бош камераси уч модулли – 13 + 5 + 5 мегапикселлик, олд камераси эса 16 мегапикселлик датчикларни ўз ичига олади.
Лекин энг қизиқарлиси – мазкур ҳамёнбоп смартфоннинг «бели бақувват». TENAA маълумотларига кўра, унинг аккумулятори 4900 мА/соатлик ток сиғимига эга, лекин расмий спецификацияларда у 5000 мА/соатлик деб кўрсатилса керак. AMOLED матрицали ва тасвир аниқлиги ўртача дисплейга эга эканини ҳисобга олсак, Galaxy A35 (ёки Galaxy A30e) смартфони ўта юқори даражада автономликка эга бўлади.
ЎҚИНГ: Galaxy Fold буклама смартфонини Samsung муддатидан аввал ва негадир яширин сота бошлади!