Навбатдаги Telegram янгиланишида бизни нималар кутмоқда?

Навбатдаги Telegram янгиланишида бизни нималар кутмоқда?

2-3 ойда бир марта янгиланиб, шунда ҳам атиги бир-икки янги функциялар қўшадиган айрим мессенжер ва ижтимоий тармоқлардан фарқли ўлароқ, Telegram ўзининг янги версиясини деярли ҳар ой бир дунё янги хусусиятлар билан чиқаради. Дуров мессенжери охирги марта янгиланганига ҳам бир ойдан ошди. Бу вақт оралиғида Telegram бир бизга бир қанча янги функциялар тайёрлади ва эндиликда уларни синовдан ўтказмоқда. Қуйида навбатдаги Telegram янгиланиши билан келадиган янги функциялар билан танишинг.

Қувват сарфланиши

Янги версия билан келадиган энг эътиборли функцияларнинг бири бу "Қувват истеъмоли"дир. Бу Telegram'нинг Созламалар менюсига қўшилаётган бутун бошли бўлим бўлиб, унда сиз қуйидагиларни бошқарингиз мумкин бўлади:

  • Анимацияланган стикерлар - панел ва чатларни автоматик анимацияланишни
  • Анимацияланган эможилар - панел, реакциялар менюси ва чатларда автоматик анимацияланишни
  • Чатлардаги анимациялар - орқа фон ҳаракатлари, форумларда ён менюни, спойлер анимациялари ва тунги режимда чат юқори панелларидаги хиралашишни ўчириб-ёқишни
  • Қўнғироқлардаги анимацияни
  • Видеоларни автоматик қўйилишини
  • GIF'ларнинг автоматик қўйилишини
  • Ойналар орасида анимацияли ўтишни
  • Қурилманинг қувватни сақлаш режими ёниқ бўлганида Telegram'ни кам қувват сарфланишини

Шунингдек, сиз юқоридаги бошқарувлар билан бирга қувват сарфланишини батареянгиз фоизига қараб белгилаш имконини берадиган слайдерга ҳам эга бўласиз.

Юқорида айтилганидек, сиз Қувват сарфланиши бўлими тўғридан-тўғри Созламалар менюсидан, яъни профилингиз остидан топишингиз мумкин бўлади.

Кўрилган хабарлар вақти

Telegram'нинг iOS ва Android учун бета версиясида гуруҳ аъзолари томонидан кўрилган хабарлар айнан қачон кўрилганлиги вақти ҳам қўшилган бўлиб, бунда ўқувчи хабарни биринчи марта эмас, балки охирги марта қачон ўқиганлиги вақти кўрсатилади, шунда ҳам, фойдаланувчининг хабарни ўқиш вақти у ҳар доим хабарни кўрганида эмас, балки гуруҳга янги хабар юборилганидан кейин янгиланади. Эслатиб ўтиш жоизки, хабарларни ким ўқиганлигини кўрсатиш функцияси фақат 100 тагача фойдаланувчилари бор гуруҳда ишлайди ва бу 7 кун сақланиб туради.

Созламалар менюсида ўзгаришлар

Навбатдаги Telegram янгиланиши Android фойдаланувчиларига бироз ўзгартирилган Созламалар менюсини таклиф қилади. Бунда менюга янги Қувват истеъмоли бўлими қўшилган. Чат созламалари эса менюнинг энг юқорисига жойлаштирилган. Менюдаги Стикерлар ва Эможи бўлими Чат созламаларига кўчирилган. Тил созламалари рўпарасида эса энди иловага ўрнатилган тил номи кўриниб туради.

Папкадаги барча чатларни ўқиш

Янги функцияларнинг яна бири эса сизга папкангиздаги барча чатларни ўқиш имконини беради. Бунинг учун папкани бироз ушлаб туришингиз ва пайдо бўлган менюдан "Ҳаммасини ўқиш"ни танлашингиз керак бўлади.

Гуруҳга қўшиб бўлмайдиганлар учун ҳавола юбориш

Эҳтимол, бу янги Telegram версиясида бўладиган энг фойдали функцияларнинг бири ҳисобланади: энди сиз бирон кимни гуруҳга қўшаётганингизда уларнинг махфийлик созламалари тўсқинлик қилса, уларга сиз ўша вақтнинг ўзидаёқ гуруҳга қўшилиш учун ҳаволани юборишингиз мумкин бўлади.

Видео тезлиги слайдери

Янги Telegram версияси билан сиз видео қўйилиши тезлигини салйдер орқали 0.2х дан 2.5х гача атиги 0.1х да тезлаштиришингиз ёки секинлаштиришингиз мумкин бўлади. Слайдер видео ойнасининг ўнг юқорида бурчагидаги уч нуқтани босиш билан пайдо бўладиган менюнинг Тезлик бўлими жойлашган.

Хабарларни узатишда папкаларни кўрсатиш

iOS учун Telegram'нинг бета версиясида хабарларни узатишда папкаларни кўрсатиш ҳам синовдан ўтказилмоқда. Бу эса сизга керакли чатни тезроқ топиш имконини беради.

Юқоридаги янги функциялар билан бирга Telegram'дан янги интерактив стикерлар ва махсус анимацияли эможилар тўпламини ҳам кутиб қоламиз. Бета версияда янги функциялар пайдо бўлганлигини ҳисобга олсак, навбатдаги Telegram янгиланишига ҳам оз қолди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.