Нега дастурчилар давлат ишларидан қочишади?

  •   DiMaX
  •  3151
  •  30.05.2018 15:54

Нега дастурчилар давлат ишларидан қочишади?

Охирги бир йил ичида барча давлат ташкилотлари дастурчиларни ишга олиш бўйича жуда кўп таклифларга кўзимиз тушяпти. Ойлик маошлар ҳам олдингидан анча юқори. Мисол учун, МИБ 7-11 миллион сўм миқдорида ойлик маош таклиф қиляпти. Бундан ташқари, ҳар бир давлат ташкилоти дастурчи мутахассисларга муҳтож. Нега ойлик маоши яхши, қўшимча имкониятлар мавжудлигига қарамасдан, дастурчилар ҳамон ташқи давлатлар билан ёки фриланcер сифатида (эркин тартибда) ишлашни маъқул кўришади? Агар бунга фақат ойлик маош камлиги сабаб, десангиз – жуда катта хато қиласиз. Бу ерда бошқа камчиликлар ҳам мавжуд. Келинг, шулар ҳақида гаплашсак.

Агар сиз, «Барчаси маошга бориб тақалади, агар сизга ҳам 2000$ ойлик маош таклиф қилса, албатта ишлашга борасиз», деб ўйлаётган бўлсангиз, илтимос – мақоланинг давомини ўқиманг. Вақтингизни сарфлаганингиз қолади.

Талабалик давримда битта лойиҳа устида ишлаганмиз, тепамизда 3 та «бошлиқ» бор эди. Бир кун келиб биттаси «бундай қиласизлар» деб кетса, иккинчиси келиб, «нега бунақа қилдинглар, бошқача қилинглар», учинчиси келиб эса, «сизларга ким айтди бунақа қиласизлар деб», деганича ўз талабларини қўйиб кетарди. Охир-оқибат, лойиҳани ўзимиз билганча тугатиб, ишдан бўшаб кетганмиз. Шу пайтлар ҳеч ким «нима иш қилдинглар», деб эмас, балки аксинча – «қоғозда нималар ёзилган», деб қизиқишарди ва шу тариқа пулнинг асосий қисмини 3 та «бошлиқ» тақсимлаб олиб, озгина «шамоли» дастурчиларга тегарди. Ҳозир вазият анча яхшилашган, олдингидай 3 та «бошлиқ» эмас. Лекин шунча ислоҳотлар бўлишига қарамасдан, ҳалигача тизим биз дастурчилар хоҳлагандай шаклланмаган. Бунга асосий сабаб, лойиҳага бош бўлган «бошлиқ»нинг «тошбақа учадими» деган саволига «йўқ, учмайди, сиз нима деётганингизни биласизми, қайси замонда тошбақа учган...» деб сал ақллилик қилсангиз на ойлик маошингиз кўтарилади, на ўзингиз кўтариласиз, на сизга бонуслар ёзилади. Сиз қанчалик яхши мутахассис бўлманг, бошлиқ барибир бошлиқ-да.

Биринчи сабаб шу, яхши мутахассис сифатида қилинаётган ишнинг хатолигини билиб туриб жим тура олмаслигим мени давлат ташкилотида ишлаб «бошлиқ»ларга яхши кўрина олмаслигимга сабабчи бўлишидир.

Биз инсонмиз, ҳар қандай шароитга мослаша оламиз. «Майли, тошбақа учади, фақат ерга тегиб» деб «бошлиқ»қа секин тушунтирармиз. Аста-секин «бошлиқ» ҳам бизларни тушуна бошлар. Шу билан биринчи муаммони ҳал қилдик, деб энди ишлайман десангиз, эрталаб 9:00 да ишда бўлишимиз шарт лекин «бошлиқ» кетгунча ҳамма жойида ўтириши лозимлигини эшитасиз-у, «эҳ» деб қўясиз. Агар «бошлиқ»дан олдин кетсангиз – яна анча нарсадан қуруқ қоласиз. Бу нима дегани энди. Биз куни бўйи компьютер олдида ўтирамиз, куни бўйи миямизни ишлатамиз. Агар инсон жисмоний меҳнат қилса, уйига бориб дарҳол ухлаб қолади, лекин ақлий меҳнат билан шуғулланган инсонларда ухлаш жуда қийин бўлади. Уйга соат 21:00 атрофида борсак (агар «бошлиқ»нинг бирорта иши чиқиб қолиб кетган бўлса) яна овқат еб, мияга дам бериб ухлайман дегунча соат 00:00 атрофи бўлиб қолади. Эртага яна чала уйқу билан 9:00 дан кечга қолиб борсангиз гап ҳам эшитасиз. Уйқуси чала бўлса одам ишлагиси ҳам келмайди. Самарадорлик 50% гача тушиб кетади.

Иккинчи сабаб, дастурчиларга эркин графикда ишлашни ташкил қилиш керак. Чунки ўзим ҳам вақти келганда кунига 16 соатлаб ишлайман, вақти келганда 4 соатлаб ишлайман, лекин айтилган ишни айтилган вақтида тугатиш зарурлигини жуда яхши биламан. Шундоқ экан, дастурчиларга маълум бир муддатга ишни бериш керак ва шу муддат оралиғида унинг қаерда ва қандай шароитда ишлаганини эмас, балки ишни қандай тугатганлигини назорат қилган ҳолда баҳо бериш керак.

Иккинчи муаммони ҳал қилиш сал қийинроқ, чунки СССР таъсиридан энди озод бўлган давлатга ишчиларнинг ишхонага келмай ишлаши бу «катастрофа». Майли, бу муаммони ишхонани 24 соат очиқ ҳолда қолдириб, ишчиларни келган ва кетган вақтларини назорат қиладиган тизимлар орқали бир иложини ҳам қилишар, деб хурсанд бўлсангиз, учинчи муаммо: ишхонага кўйлак-шимларда, галстук (бўйинбоғ) тақиб келиш керак экан. Нима эмиш – мен «катта»лар билан ишлармишман. Шу катталарнинг ўзи шу классик кийимда битта жойда қимирламасдан, қаттиқ стулда ўтира олармикан-а?

Шунақа қилиб учинчи сабаб, кийим масаласи. Биз дастурчилар бўлсак, мижозлар билан ишламасак, ҳеч кимнинг кўзига деярли кўринмасак, нега энди чиройли кийиниб ўтиришимиз керак? Эркин, ўзимизга мос кийимларда ўтириб, ишни тезроқ тугатганимиз маъқул эмасми?

Биз XXI асрда яшаяпмиз, олдинга интилишимиз керак. Тошбақалар учадиган даврлар ўтди. Агар давлатимизнинг ривожланишини хоҳласак ўз билганимизча эмас, дунё тажрибасидан келиб чиқиб шароитларни яратишимиз керак. Шундоқ экан, ҳеч бўлмаганда қуйидагича қилинса, ўйлашимча, ҳозиргидан анча енгилроқ бўларди.

Биринчидан, бирорта ишни бошлашдан олдин мутахассисга топшириш ва тўлақонли ўрганиб, якунланган иш сифатидагина дастурчиларга топшириш, йўл-йўлакай ўзгартирмасдан.

Иккинчидан, «бошлиқ»лар айтганча эмас, юқорида айтилганидек – тугалланган иш бўйича қилиш.

Учинчидан, майли, 9:00 да келмасин, лекин кунига 8 соат ёки ҳафтасига 40 соат ишлаб берсин. Хоҳласа бир кунда 16 соатдан 3 кун ишласин, хоҳласа 7 соатдан 6 кун. Албатта, ишхонага келган ҳолда. TimeDoctor каби дастурлар ёрдамида ишчиларнинг уйда ўтириб ишлаган ёки ишламаганини билиш имкони бўлишига қарамасдан, юқорида ёзганимдек, ишхонага бормаслик бу биз учун «катастрофа».

Тўртинчидан, ертўлада ўтирсаям, эркин кийинсин!

Агар мендан, «Юқоридаги шароитлар яратилганда ишлармидингиз?» деб сўрашса, «Балки прописка учун, балки ватанга хизмат қилиш ҳисси уйғонганида ишлашим мумкин», дейман. Лекин ҳозир «отиб ташлашсаям» ишлашга бормаган бўлардим.

Манба: ©  Руслан Абдуллаев

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.