Neuralink одамни киборгга айлантирмоқчи – бу қанчалар хавфли?

Neuralink одамни киборгга айлантирмоқчи – бу қанчалар хавфли?

Neuralink – инсон мияси ҳамда компютерни ўзаро боғлаб қўйиш технологиясини ривожлантираётган компания. Эҳтимол, бу сизга ёқмас, аммо унинг моҳияти билан танишсангиз фикрингиз ўзгариши мумкин.

Инсонга мулоқотни яратиши учун асрлар керак бўлган: аввал олов ва имо-ишора орқали мулоқот қилиш, сўнг товушли гаплашиш, ундан кейин ёзув кашф қилинган, кейин ноширлик технологияси ривожланди, асрлар ўтиб электр кашф қилиниб, телефон, радио ва телевизор, сўнгра компютер, смартфонлар орқали мулоқот қила бошладик.

Йиллар ўтиб, телефонлар симларидан маҳрум бўлиб, 30 тонналик компютер бир неча 100 граммлик қурилмаган айланмоқда. Ҳозир, виртуал ва тўлдирилган воқелик орқали ташқи ва виртуал оламни боғлаш ишлари авж олган.

Neura-нима?
Инсон эволюциясининг янги даври бўлиши кутилаётган нейролинк технологияси технология ёрдамида инсоннинг ақлий салоҳиятини юқори даражага кўтаради, мушоҳада қобилиятини оширади. Мисол учун, инглиз тилининг 60 минг сўзлик изоҳли луғатини билиш — сиз учун ҳеч иш бўлмай қолади. Neuralink — мисоли бошингиздаги кўринмас сеҳрли шапкача бўлади.

Tesla, Space X ва Hyperloop лойиҳаларининг муаллифи, таниқли бизнесмен Элон Маск Neuralink компаниясини сотиб олгач, илм-фан аҳли ҳам бу режанинг энди амалга ошишига ишона бошлади. Neuralink айни кунда инсонга ташқи олам билан овозсиз алоқа қилиш имконини берувчи ўта ингичка электродлардан ташкил топган тўлиқ мия интерфейсини яратмоқда. У орқали инсонлар фикр алмашиш, уланган компютер ва ахборот тизимларига овозсиз буйруқ бериш, маълумотларни тинглашлари мумкин бўлади.

Кибер-одамлар жисман интернет тармоғига уланган бўлади. Натижада, ўзимизни қизиқтирган барча саволларга глобал тармоқдан керакли маълумотларни сониялар ичида топиб оламиз.

Инсонитя тарихининг муҳим бўлаги
Neuralink ва унинг мақсади ўртасида қатор технологик қийинчиликлар мавжуд. Neuralink технологияни бевосита одамнинг танасига олиб кирмоқчи: бош мия суяги, мия ҳамда асаб тизимига ўрнатилган нейро-симлар маълумотлар омбори ва шу каби интерфейга эга бошқа одамлар билан алоқа қилиш, маълумотни мисоли ҳозирги фикр каби алмашишга хизмат қилади.

Жумладан, бунинг учун 1-навбатда юксак даражада ишлайдиган сунъий ақл тизими ҳамда маълумотлар базалари, тезкор интернет инфратузилмаси керак бўлади.

Иккинчидан, бу — инсонни ҳаётини сақлаб қолиш учун амалга ошириладиган тиббий муолажа эмас. Бу — хоҳиш асосида қилинадиган жарроҳлик амалиёти, аниқроғи — ҳаёт ўртага қўйиладиган жиддий масала. Бу эса уни назорат қилиш ва бошқариш учун ҳуқуқий асосни талаб қилади. Ушбу технология одамга йирик имконият билан бирга, жиноятларни ҳам амалга ошириш имконини бериши мумкин.

Қолаверса, келажак ҳукуматлари ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш ёки одамлар ахлоқини бошқариш учун мия имплантанларидан фойдаланмайди, деб ким кафолат бера олади? Бу одамларнинг табиий ақлий ривожланишига қай даражада таъсир этиши мумкин? Бу каби хира мулоҳаза ва саволларнинг жавоби ҳозирча бизга қоронғу.

Мия хавфсизлиги

Хавфсизлик эса навбатдаги масала. Атрофимиз “ақлли” қурилмаларга тўла даврда хавфсизлигимиз, обрў-нуфузимиз тобора қил устида қолмоқда. Боиси, улар биз ҳақимиздаги ҳамма нарсани билишади. Модомики, Neuralink бизга компютер ва тизимларни ўқиш имконини берар экан, бизнинг миямизни ҳам кимдир ўқимайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Эҳтимол, бугунги авлодлар мазкур технологияга тайёр эмасликлари сабабли уни қабул қила олмайдилар ва саволларга жавоб ҳам бера олишмайди. Аммо, тараққиёт тўхтаб қолмайди. Ғоялар устида бош қотирадиганлар доимо топилади. Унинг қанчалар ўзини оқлаши эса вақт ҳукмига боғлиқ.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!