Ниҳоят, бўлғуси бестселлер – Galaxy M40 тақдим этилди: «гапирувчи» экран ва уч модулли камера!

  •   DiMaX
  •  3490
  •  12.06.2019 11:53

Ниҳоят, бўлғуси бестселлер – Galaxy M40 тақдим этилди: «гапирувчи» экран ва уч модулли камера!

Samsung компанияси ҳамёнбоп смартфонлар туркумида Galaxy M40 флагманини тайёрлаётгани ҳақида кўплаб хабарлар берганмиз. Ниҳоят, Ҳиндистонда унинг тақдимоти бўлиб ўтди.

ЎҚИНГ: 11 июнда чиқаётган Galaxy M40 ҳам Geekbench’да имтиҳон топшириб кўрсатди

Мазкур линейканинг аввалги вакиллари каби, Galaxy M40 ҳам фақатгина интернет-дўкон – Ҳиндистондаги Amazon сайти орқали сотилади. Samsung унга 290 АҚШ доллари миқдорида нарх белгилаган; функционал имкониятларини ҳисобга олсак, ушбу смартфон маҳаллий бозорнинг етакчисига айланиши турган гап.

Galaxy M40 модели ҳам, худди Galaxy S10 (сотиб олиш) флагманлари каби олд камера учун тирқишли – Infinity-O дисплейга эга (ҳамёнбоп туркумда илк бора). IPS матрицали экран диагоналига 6,3 дюймлик бўлиб, тасвир аниқлиги Full HD+ форматида. Корпус олд панелининг 91,8% майдонини эгаллаган дисплейнинг ўзига хосликларидан бири – Screen Sound технологиясига эга эканлигидир. Яъни, смартфонда динамик йўқ, овозни бевосита дисплейнинг ўзи чиқаради.

Ушбу моделда аппарат қисмининг асосини Snapdragon 675 процессори ташкил этади. Тезкор ва ички хотира ҳажми эса тегишлича 6 ва 128 гигабайтга тенг; унга яна 512 гигабайтгача ҳажмли microSD-карта ўрнатса бўлади.

Корпуснинг орқа панелида, худди Galaxy A70 (харид қилиш) моделидаги сингари учталик бош камера жойлашган. Ундаги 32 мегапикселлик асосий датчик F/1,7 диафрагмали объектив билан бирлашган. Иккинчи датчик аниқлиги 8 мегапиксел бўлиб, кенг форматли, кўриш бурчаги 123 даражали, F/2,2 диафрагмали объектив билан ҳамроҳликда ишлайди. Ниҳоят, учинчи модул 5 мегапикселлик сенсорга ҳамда F/2,2 диафрагмали объективга эга бўлиб, суратга олинаётган саҳнанинг чуқурлигини аниқлашга хизмат қилади.

Galaxy M40 экранидаги тешикка жойланган селфи-камера эса 16 мегапикселлик оптик датчикка ҳамда F/2,0 диафрагмали объективга эга.

Жанубий кореяликлар ушбу смартфоннинг бармоқ изи сканерини корпуснинг орқа панелига ўрнатишган. Шунингдек, смартфонни блокдан чиқариш учун олд камерадаги Face Unlock функциясидан ҳам фойдаланиш мумкин.

Galaxy M40 аккумуляторининг ток сиғими эса аввалги хабарларда айтилганидек 5000 эмас, балки 3500 мА/соатлик экан. Батарея 15 ваттлик технология асосида тезкор қувват ола билади. Қизиғи шундаки, флагманларга ўхшатиб, Galaxy M40 моделини ҳам қулоқчин уланувчи 3,5 миллиметрлик стандарт аудиотирқишдан маҳрум этишган. Демак, фойдаланувчилар ё симсиз гарнитурадан фойдаланишлари, ёки USB-C порти орқали переходник ёрдамида қулоқчин улашлари мумкин бўлади.

Умуман олганда, Galaxy M40 модели ўзининг техник хусусиятлари ва дизайнига кўра Galaxy A60 билан деярли бир хил. Ушбу смартфон One UI 1.1 интерфейси остидаги Android 9.0 Pie операцион тизимига эга, лекин Samsung уни шу йилнинг ўзидаёқ Android Q’гача янгилашга ваъда берган.

Galaxy M40 савдоси Ҳиндистонда 18 июнда бошланади ва у икки хил – Midnight Blue ҳамда Seawater Blue рангларидаги (ҳар иккаласи ҳам градиентли) корпусларда таклиф этилади. Ҳозиргача глобал савдога чиққан айрим Samsung телефонларини эса атиги 451 000 сўмдан бошланувчи нархларда Terashop.uz интернет-дўконимиздан харид қилиш имкони мавжуд.

ЎҚИНГ: Galaxy A’ларнинг бари арзонлашди – Terashop.uz’да Samsung смартфонлари нархлари (2019 йил 10 июнь)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!