Ниҳоят, Infinity-O дисплейли илк смартфон – Galaxy A8s ҳам тақдим қилинди: уч модулли камера ва Snapdragon 710 чипли!

  •   DiMaX
  •  2360
  •  10.12.2018 18:12

Ниҳоят, Infinity-O дисплейли илк смартфон – Galaxy A8s ҳам тақдим қилинди: уч модулли камера ва Snapdragon 710 чипли!

«Тешик» дисплейли смартфонни биринчи бўлиб тақдим этиш борасида учта смартфонсоз ўзаро пойга олиб бораётганидан хабарингиз бор. Улардан Samsung Galaxy A8s модели 10 декабрда, Huawei Nova 4 смартфони 17 декабрда, Lenovo Z5S эса 18 декабрда намойиш этиладиган бўлган.

Аммо хитойлик техногигант шу пайтгача айтмай турган яна битта шундай модел бор экан ва бугун – 2018 йилнинг 10 декабрида кенг жамоатчиликка биринчи бўлиб уни кўрсатишди...

ЎҚИНГ: Honor View 20 намойиш этилди: 48 МПлик камера ва «тешик» экранли илк смартфон!

Samsung ҳам бугун ўзининг шундай технологияга эга илк смартфонини расман тақдим этди; компания бунинг Infinity-O туридаги дисплей эканини аввалроқ – SDC 2018 анжуманида маълум қилган.

Шундай қилиб, Galaxy A8s экранида селфи-камера учун очилган «тирқиш» диаметри 6,7 миллиметрга тенг. Таққослаш учун келтириб ўтамиз: бугун кўрсатилган Honor View 20 моделида бу кўрсаткич 4,5 миллиметрни ташкил этади.

Samsung’нинг янги смартфони диагоналига 6,4 дюймлик Infinity-O дисплейга эга бўлиб, томонлари ўзаро 19.5:9 нисбатда. Экраннинг матрицаси қанақа экани айтилмаган, аммо AMOLED бўлса керак. Унинг тасвир аниқлиги эса Full HD+ форматида, яъни 2340х1080 пикселли. Экран «тирқиш»идан «мўралаб» турган олд камера сенсори бўлса 24 мегапикселлик аниқликда. Samsung’нинг таъкидлашича, экраннинг ёруғи камерада акс этмаслиги учун улар аллақандай махсус технологияга мурожаат этишган.

Galaxy A8s орқа панелида тиккасига жойлашган бош камера эса уч модулли бўлиб, улар 24+5+10 мегапикселлик сенсорлардир. Шунингдек, орқа қопқоқ ўртасида дактилоскопик датчик ҳам ўрин олган.

Янги смартфоннинг техник таъминоти асосини Qualcomm компаниясининг саккиз ядроли Snapdragon 710 процессори ташкил этади. Galaxy A8s тезкор хотираси модификациясига боғлиқ ҳолда 6 ёки 8 гигабайтлик ҳажмга эга. Доимий хотираси эса ҳар иккала вариантда ҳам бир хил – 128 гигабайтлик бўлиб, яна 512 гигабайтгача ҳажмли microSD картаси жойласа бўлади.

ЎҚИНГ: Ҳамёнбоп Galaxy M смартфонларининг нархлари ва айрим жиҳатлари маълум бўлди

Samsung Galaxy A8s аккумуляторининг ток сиғими 3400 мА/соатлик. Смартфон иккита SIM-карта уячасига, 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11ac) (2.4/5GHz), Bluetooth 5, NFC, GPS + ГЛОНАСС интерфейсларига эга. Унинг корпуси замонавий USB Type-C порти билан жиҳозланган, аммо анъанавий 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқишидан маҳрум этилган.

Дарвоқе, корпус роми металлдан, орқа қопқоғи эса шишадан ишланган. Ўлчами 158,4х74,9х7,4 миллиметрга тенг бўлиб, уч хил – кўк, кул ранг ва яшил тусларда тақдим этилмоқда. Корпуснинг ён қиррасида Bixby овозли ёрдамчисини чақириш учун алоҳида тугмача мавжуд.

Galaxy A8s смартфони Android операцион тизимининг 8.1 – Oreo талқини билан тақдим этилган. Қурилмага Samsung яқиндагина тақдим этган One UI график қобиғи ўрнатилган; ундаги тўқранг интерфейс эса экрандаги «тешик»ни сезилмас ҳолга келтиришга хизмат қила олади.

Жанубий кореялик корпорация ушбу маҳсулоти учун Хитойда жорий йилнинг 21 декабридан буюртма ола бошлайди, аммо нархини ҳозирча айтмаган. Шунингдек, бу модел «Осмон ости салтанати»дан ташқарида ҳам расман сотилиш ёки сотилмаслиги номаълум. Ҳозиргача бозорга чиққан Samsung смартфонларини эса Terashop.uz интернет-дўконимиздан 861 000 сўмдан бошланувчи нархларда онлайн усулда сотиб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: «Тўрткўз» Galaxy A9 ҳам Terashop.uz’га етиб келди, Samsung смартфонларининг арзонлашган нархлари (2018 йил 10 декабрь) – Ўзбекистон бўйлаб бепул етказилади!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!