Ниҳоят, жаҳон смартфон бозорида Samsung’ни қувиб ўтишди!

  •   DiMaX
  •  2723
  •  28.01.2021 17:44

Ниҳоят, жаҳон смартфон бозорида Samsung’ни қувиб ўтишди!

2020 йилнинг энг оммабоп 20 смартфони рейтингида иккитагинаси айфонлар эди. Шунга қарамасдан, Counterpoint Research тадқиқот компанияси ўтган йилнинг сўнгги чораги якунларига кўра Apple ҳаммадан кўп смартфон сотганини эълон қилди.

ЎҚИНГ: Энг тез ва энг секин арзонлашувчи смартфонлар: қайсиларининг нархи икки карра тез пасаяди?

Ҳисоб-китобларга қараганда, купертинолик корпорация 2020 йилнинг тўртинчи кварталида смартфон сотиш бўйича катта сакраш қилган. iPhone 12 туркумининг ўтган чоракда харидорлар томонидан яхши кутиб олиниши эвазига айфонлар савдоси 22 фоизга ўсган. Олдинги авлод айфонлар сал арзонлаштирилгани туфайли уларга бўлган талаб ҳам пасаймаган.

Хулласи калом, Apple ўтган йилнинг охирги чорагида жами 82 миллионтача смартфон сотган ва бу билан бозорнинг 21 фоизини эгаллаган. Хусусан, у Хитойнинг премиал смартфонлар сегментида ўз ўрнини мустаҳкамлаб олган. Компания бош директори Тим Кук таъкидлашича, «Осмон ости салтанати»да энг кўп сотилаётган ҳар учта премиал смартфоннинг иккитасини Apple ишлаб чиқарган.

Samsung эса дунё смартфон бозорининг 16 фоизини эгаллаб, иккинчи ўринга тушиб қолган. Кучли бешталикка яна Хитойнинг учта смартфонсози – тегишлича Xiaomi, Oppo ҳамда Vivo кирган. Huawei пастлаб бормоқда – ўтган чоракда у 6-ўринга тушган.

ЎҚИНГ: Энг тезкор Android-смартфонлар ва энг силлиқ ишловчи график қобиқ (Master Lu рейтинглари, 2020 йил)

Агар битта чорак эмас, балки бутун 2020 йилда сотилган смартфонлар сонига қарасак, унда Samsung етакчиликни қўлдан бермаганини кўрамиз. Apple бунда иккинчи ўринда бўлса, йил давомида сотган телефонлари бўйича кучли учликка Huawei ҳам кирган.

Рейтингнинг кейинги поғоналаридан мос тарзда Xiaomi, Oppo, Vivo ҳамда Realme жой олган. Булардан сўнггиси ўтган йили энг тез ўсиб келаётган бренд сифатида эътироф этилмоқда.

ЎҚИНГ: Оммабоп смартфонлар топ ўнталиги (3-ҳафта)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.