Ниҳоят, Lenovo Z5 тақдим этилди: компания барчани лақиллатган экан!

  •   DiMaX
  •  2768
  •  05.06.2018 16:07

Ниҳоят, Lenovo Z5 тақдим этилди: компания барчани лақиллатган экан!

Бир неча соат аввал Lenovo компанияси ўзининг Z5 русумли флагман смартфонини расман намойиш этди. Айтиш керакки, бу ўша – тақдимотидан сал аввалроқ «жонли» расмлари тарқалган телефоннинг ўзи бўлиб чиқди.

ЎҚИНГ: «Рекордчи ромсиз» Lenovo Z5 – инқилобий смартфоннинг ҳамёнбоп версиясини илк «жонли» суратларда кўрамиз!

Ишлаб чиқарувчи унинг камида тўртта технология бўйича рекорд ўрнатаётганини айтиб мақтанаётган эди. Жумладан, шу пайтгача Lenovo Z5 номли бу смартфоннинг нақ 4 терабайтлик доимий хотирага эга эканлиги; мобил фотосуратчиликда бурилиш ясаётгани; ҳатто аккумуляторининг қуввати 0 фоизга тушганда ҳам ишлайвериши; битта тўла қувват билан 45 кунгача ишлай олиши; корпусининг орқа панели шишадан эканлиги айтилган ва олд панелини тўлалигича акс эттирган сурати чиққан.

Афсуски, юқорида айтилган жиҳатларнинг аксарияти Lenovo Z5 моделида йўқ бўлиб чиқди. Унда на буткул ромсиз дисплей, на 4 терабайтлик ички хотира йўқ. Шунчаки, iPhone X услубида «кемтик»ли экранга эга бўлган навбатдаги клон! Ҳатто орқа қопқоғида бармоқ изи сканери ҳам бор – бирор илғор биометрика технологияси ҳам жорий этилмаган.

ЎҚИНГ: Инқилобий Lenovo Z5 илк расмий тизерларда: унчалик ҳам ромсиз эмас экан!

Мана, ўзингиз назар солинг:

Техник жиҳатларига келсак, Lenovo Z5 модели диагоналига 6,2 дюймлик экранга эга. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 2240×1080 пикселни ташкил этади. Унинг «электрон юраги» тарзида ҳам энг илғор процессор эмас, балки Snapdragon 636 танланган. Смартфоннинг тезкор хотираси ҳажми 6 гигабайтга тенг, доимий хотирасига кўра эса 64 ва 128 гигабайтли талқинларда чиқади. Аккумулятори 3300 мА/соатлик ток сиғимига ҳамда тезкор қувватлаш технологиясига эга. Олд камера 8 мегапикселли, қўшалоқ асосий камера эса 8 ва 16 мегапикселли сенсорларни ўз ичига олади. Унда суратлар «сунъий идрок» тизими орқали қайта ишланади.

Lenovo Z5 смартфонининг савдолари 12 июнда Хитойда бошланади. Унинг 64 гигабайтлик хотирага эга версияси 1299 юань (тахминан 203 АҚШ доллари), 128 гигабайтлиги эса – 1799 юань (тахминан 281 АҚШ доллари) нархида сотувга қўйилади.

Хуллас, шунақа гаплар – Lenovo барчани лақиллатиб, «эл қатори» смартфонини «мутлақо ромсиз» деб ёлғондан шов-шув кўтариб келган экан... Айни дамда энг ромсиз, энг инновацион, энг қиммат смартфон 12 июнда расман намойиш қилиниши маълум.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг инновацион смартфон: «жонли» суратлар, тақдимот санаси ва рекорд нарх!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!