Ниҳоят, Redmi K20 ва K20 Pro тақдим этилди: нарх ва жиҳатлари

  •   DiMaX
  •  10130
  •  28.05.2019 15:26

Ниҳоят, Redmi K20 ва K20 Pro тақдим этилди: нарх ва жиҳатлари

Xiaomi компаниясининг Redmi брендига мансуб флагман смартфонлари – Redmi K20 ҳамда Redmi K20 Pro ҳақидаги миш-мишлар ҳам ўз ниҳоясига етди. «Хитойча Apple» бугун – 28 май куни уларнинг расмий тақдимотини ўтказди.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонлари бунчалик оммабоплигининг 5 сабаби

Redmi K20 Pro флагмани Qualcomm компаниясининг энг илғор Snapdragon 855 процессори базасига қурилган. Мазкур қурилма тезкор хотираси 8 гигабайтгача бўлиб, UFS 2.1 туридаги 256 гигабайтгача ҳажмли ички хотира билан жиҳозланган. AnTuTu бенчмаркида у салкам 390 000 балл олган – бу эса Xiaomi Mi 9 (СОТИБ ОЛИШ) флагманидан ҳам юқори кўрсаткич!

Янги смартфоннинг AMOLED матрицали дисплейи диагоналига 6,39 дюймлик, тасвир аниқлиги Full HD+ форматида. Корпус олд панелининг 91,9 фоиз юзасини эгаллаган ушбу экран кемтиксиз ва тирқишсиз бўлиб, ҳошиялари ўта юпқа: юқориси 1,85 мм, ёнлари – 2,11 мм, пасткиси – 3,8 мм.га тенг. Дисплейга еттинчи авлод бармоқ изи сканери ҳамда DC Dimming технологияси татбиқ этилган.

Redmi K20 Pro корпусининг роми 7000-сериядаги алюминий қотишмасидан тайёрланган, олд ва орқа панеллари эса четлари қайрилма Gorilla Glass 5 ҳимоя шишасидан ишланган. Смартфоннинг ўлчами 156,7х74,3х8,8 миллиметрга тенг, вазни эса 191 грамм тош босади.

Смартфоннинг олд камераси корпуснинг юқори қиррасидан чиқувчи модулга жойланган. Керак бўлиб қолганида у атиги 0,8 сонияда уясидан чиқиб, расмга туширишга тайёр туради. Xiaomi’нинг даъвосига кўра, селфи-камера механизми 300 000 мартадан ошиқ ишлатишга дош бера олади. Унга 20 мегапикселлик оптик датчик ҳамда диафрагмаси F/2,0 бўлган объектив жойланган.

Бош камера учта модулни ўз ичига олади, улардан асосийси 48 мегапикселлик Sony IMX586 датчиги бўлиб, F/1,75 диафрагмали объективга эга. Иккинчиси 13 мегапикселлик модул ва F/2,4 диафрагмали, ўта кенг бурчакли объективни ўзида жамлаган. Учинчиси эса 8 мегапикселлик сенсор, F/2,4 диафрагмали телеобъектив бўлиб, икки карралик оптик зумга эга. На бу флагманда, на стандарт Redmi K20 моделида тасвирни оптик барқарорлаштириш тизими қўлланмаган.

Аккумулятор ток сиғими 4000 мА/соатга тенг бўлиб, 27 ваттлик технология ёрдамида уни атиги 73 дақиқадаёқ тўла қувватлай оласиз. Redmi K20 смартфонлари корпусида замонавий USB-C порти ҳам, қулоқчин учун стандарт 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш ҳам мавжуд. Флагманлар Game Turbo 2.0 технологиясига, NFC адаптерига ҳамда икки диапазонли GPS приёмнигига эга.

Redmi K20 моделининг Pro-версиядан учта фарқи бор: аввало, унда Snapdragon 855 эмас, балки Snapdragon 730 чипи қўлланмоқда. Иккинчи фарқи – нисбатан арзонроқ ушбу смартфонда тезкор қувватлаш технологияси атиги 18 ватт билан чегараланган. Redmi K20 Pro бош камерасининг асосий модули сифатида Sony IMX586 қўлланган бўлса, Redmi K20 моделида Sony IMX582 сенсори турибди, лекин уям 48 мегапикселлик. Бу икки смартфон бошқа барча жиҳатларига кўра айнан бир хил.

Нархларига келадиган бўлсак, тезкор/доимий хотира ҳажмига кўра мазкур смартфонлар қуйидагича баҳоланган:

  1. Redmi K20 6/64 ГБ — 290 АҚШ доллари;
  2. Redmi K20 6/128 ГБ —305 АҚШ доллари;
  3. Redmi K20 Pro 6/64 ГБ — 360 АҚШ доллари;
  4. Redmi K20 Pro 6/128 ГБ — 375 АҚШ доллари;
  5. Redmi K20 Pro 8/128 ГБ — 405 АҚШ доллари;
  6. Redmi K20 Pro 8/256 ГБ — 435 АҚШ доллари.

Хитойнинг ўзида биринчи бўлиб Redmi K20 Pro сотувга чиқади – уни 1 июнданоқ харид қилиш мумкин бўлади. Redmi K20 модели эса 6 июнда савдога чиқади.

Яқиндагина биз еттинчи авлод Redmi смартфонларининг энг арзони бўлган Redmi 7A намойиш этилгани ва унинг хусусиятлари ҳақида ёзгандик. Бугунги тақдимотда айтилишича, унинг нархи атиги 80 АҚШ долларига тенг бўлиб, Хитойда униям 6 июнь куни – Redmi K20 билан баравар бозорга чиқаришади.

ЎҚИНГ: Redmi K20 ҳамда Redmi K20 Pro смартфонлари глобал бозорга бошқа номлар билан чиқади (+суратлар)

Эслатиб ўтамиз, айрим русумлардаги Xiaomi телефонларини 590 000 сўмдан бошланувчи нархларда Terashop.uz интернет-дўконимиздан харид қилиш мумкин. Шу ёки бошқа ишлаб чиқарувчининг смартфонини ишлатаётганингиздан қатъи назар, биз сизга омадингизни синаб кўришни таклиф қиламиз! Айни дамда 2 июнга қадар сизда ушбу компаниянинг ажойиб фитнес-браслети – Mi Band 3 ютиб олиш имконияти мавжуд.

Бунинг учун YouTube-каналимизга аъзо бўлиб, ушбу видео остига изоҳ ёзиб, «Ёқди» тугмачасига боссангиз кифоя. Ғолиб эса сайтимизнинг Facebook-саҳифаси орқали жонли эфирда аниқланади ва ушбу омадли инсонга совға ўзи яшаб турган вилоят марказигача бепул етказиб берилади!

Бу ҳақдаги батафсил маълумотни мана бу ерда олишингиз мумкин. Интернет-дўконимизда эса шу кунларда «Айём» акцияси доирасида мазкур компаниянинг айрим смартфонларига чегирмалар эълон қилинган.

ЎҚИНГ: Terashop.uz’да барча Xiaomi смартфонлари арзонлашди – нархлари билан танишинг! (2019 йил 23 май)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!