Ниҳоят, Samsung энг арзон 5G-смартфонининг барча жиҳатларини ошкор этди

  •   DiMaX
  •  2349
  •  10.10.2020 11:08

Ниҳоят, Samsung энг арзон 5G-смартфонининг барча жиҳатларини ошкор этди

Жанубий кореялик техногигант ўзининг энг арзон 5G-смартфони – Galaxy A42 моделини расман намойиш этган. Гарчи бу тақдимот тўлақонли бўлмаган, гаджетнинг айрим хусусиятлари қатори, нархи ҳам мавҳумлигича қолган эса-да, кейинроқ...

ЎҚИНГ: Galaxy A42 5G анбоксинг видеоси: Samsung’нинг энг арзон 5G-смартфони бошқаларникидан икки карра қиммат экан!

Galaxy A42 5G расмий намойишидан бир ой ўтиб, яъни кеча – 9 октябрь куни Samsung унинг техник жиҳатларини деярли тўлиқ эълон қилди. «Деярли» дейишимизнинг сабаби – компания барибир процессорнинг номини айтмаган. Бу қурилма максимал такт частотаси 2,2 гигагерцлик иккита ҳамда 1,8 гигагерцлик 8 ядрони, шунингдек, 5G-модемни ўз ичига олувчи чипсет базасида ишлаши айтилган, холос. Бу эса, биз аввалроқ ёзганимиздек, Snapdragon 750G процессори хусусиятларига тўғри келади.

Шундай қилиб, компаниянинг энг арзон 5G-смартфони 6.6 дюймлик ўлчамдаги Super AMOLED-дисплейга эга. Samsung унда томчисимон кемтикли, яъни Infinity-U дизайнини қўллаган; экраннинг тасвир аниқлиги эса HD+ форматида.

ЎҚИНГ: Galaxy F41 тақдим этилди: расмий видеоси, нарх ва хусусиятлари

Galaxy A42 5G корпуси пластикдан ишланган бўлиб, уч хил – Prism Dot Black, Prism Dot White ҳамда Prism Dot Gray рангларида таклиф этилади. Телефоннинг квадрокамерасида асосий датчик 48 мегапикселлик бўлиб, кенг бурчакли оптикага эга, апертураси f/1.8. Иккинчиси – ўта кенг бурчакли объектив билан тақдим этилган сенсор 8 мегапикселлик (f/2.0) аниқликда. Саҳна чуқурлиги модули (f/2.4) ҳамда макросенсор (f/2.4) – ҳар иккаласи 5 мегапикселлик резолюцияга эга. Селфилар учун дисплей кемтигида 20 мегапикселлик камера ўрнатилган.

Смартфоннинг аккумулятори 5000 мА/соатлик ток сиғимига эга ва 15 ваттлик тезкор қувватлана олади. Galaxy A42 5G моделида экраности дактилоскоп ҳамда қулоқчин тирқиши бор, лекин NFC чипи ҳақида ҳеч нима дейилмаган.

Samsung ушбу қурилмасини кейинги ойдан уч хил – 4/128, 6/128 ва 8/128 гигабайтлик модификацияларда сотувга чиқаради. Дарвоқе, нархи 369 евродан бошланувчи бу смартфонда 1 терабайтгача ҳажмли хотира картаси учун слот ҳам кўзда тутилган.

ЎҚИНГ: Samsung ҳали тақдим этмаган, батареяси бақувват ва арзон Galaxy M31 Prime аллақачон дўконга чиқди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!