Ниҳоят, Samsung энг арзон Galaxy M10 ва M20 смартфонлари тақдимотини ўтказди!

  •   DiMaX
  •  4666
  •  29.01.2019 09:20

Ниҳоят, Samsung энг арзон Galaxy M10 ва M20 смартфонлари тақдимотини ўтказди!

Кутилганидек, Samsung кеча – 28 январь куни Ҳиндистонда тақдимот тадбирини ўтказди. Унда янги – Galaxy M туркумидаги илк иккита моделдаги смартфон намойиш этилди.

ЎҚИНГ: Samsung энди Xiaomi билан беллаша олади: Galaxy M смартфонлари кутилганидан ҳам арзон экан!

Ушбу маросимда Infinity-V дисплейга эга Galaxy M10 ҳамда M20 русумли қурилмалар тақдим қилинди, Galaxy M30 намойиши эса кейинроқ бўлиб ўтади.

Galaxy M10 модели диагоналига 6,2 дюймлик, тасвир аниқлиги 1480х720 пикселлик экранга эга. Асосий камераси 13, селфи-камераси эса 5 мегапикселлик. Смартфоннинг «электрон юраги» – якка кристалли Exynos 7870 чипидир. Бу процессор 1,6 ГГц такт частотасидаги саккизта ядрони ҳамда Mali-T830 график тезлатгичини ўзида жамлаган.

Бу модел хотира ҳажмига кўра икки хил: бошланғич версияда 2 гигабайтлик тезкор ва 16 гигабайтлик доимий хотира бўлса, иккинчи версиясида мазкур кўрсаткичлар тегишлича 3 ва 32 гигабайтга тенг.

Galaxy M10 корпусининг ўлчамлари 160,6х76,1х7,9 миллиметрни, вазни эса 163 граммни ташкил этади. Орқа панелида бармоқ изи сканери, ичида 3400 мА/соатлик аккумулятор жойлашган.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S10 смартфонларининг Европадаги нархлари маълум қилинди!

Galaxy M20 модели эса ўлчамлари ва аппарат қисмига кўра ундан каттароқ: 156,6х74,5х8,8 миллиметрлик корпуси 186 грамм тош босади. Тасвир аниқлиги 2340х1080 пикселлик бўлган дисплейнинг катталиги диагоналига 6,3 дюймга тенг. Samsung унга ўзининг янги ишланмаси – яқинда тақдим этилган Exynos 7904 процессорини ўрнатган. Бу смартфон тезкор хотираси 3-4 гигабайтлик, флэш-хотираси эса 32 ва 64 гигабайтлик талқинларда чиқарилади. Унинг аккумулятори эса ҳайратланарли – нақ 5000 мА/соатлик ток сиғимига эга! Шунингдек, бу модел замонавий USB-C портига эга эканлиги билан ҳам «ука»сидан фарқланади. Аммо камералари худди Galaxy M10 моделидаги сингари – 13 ва 5 мегапикселлик якка датчиклар.

Galaxy M10 ҳамда Galaxy M20 қулоқчинлар учун стандарт 3.5 миллиметрлик аудиотирқишга эга. Ҳар иккала смартфон Android 8.1 Oreo операцион тизим талқини базасидаги Samsung Experience 9.5 интерфейси билан ишлайди. Аммо компания уларнинг иккаловини ҳам Android операцион тизимининг энг янги – 9.0 Pie талқинигача янгилашга ваъда берган.

Ушбу смартфонларнинг савдоси Ҳиндистонда 5 февралда бошланади, тақдимотда уларнинг нархлари ҳам эълон қилинди. Galaxy M10 моделининг 2/16 гигабайтлик талқини 112 долларга, 3/32 гигабайтлиги эса 126 долларга баҳоланган. Galaxy M20 эса салгина қимматроқ: 3/32 гигабайтлиги 155, 4/64 гигабайтлиги бўлса 183 доллар. Ҳар иккала смартфон кўк ва қора корпусларда тақдим этилади.

Galaxy M10 ҳамда M20 моделлари Ҳиндистондан ташқарида ҳам сотилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, бироқ айрим Samsung смартфонларини 883 000 сўмдан бошланувчи нархларда Terashop.uz интернет-дўконимиздан харид қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: ЭКСКЛЮЗИВ: Galaxy S10+’нинг энг сифатли «жонли» сурати интернетда илк бор Terabayt.uz’да!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!