Ниҳоят, Samsung икки экран ва олти камерали Galaxy Fold буклама смартфонини тақдим қилди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  2380
  •  21.02.2019 16:42

Ниҳоят, Samsung икки экран ва олти камерали Galaxy Fold буклама смартфонини тақдим қилди! (+видео)

Samsung компанияси 20 февраль куни Сан-Францискодаги тадбирига буклама смартфонини олиб келиши то сўнгги лаҳзаларгача шубҳа остида эди. Лекин шу тарихий воқеа чиндан ҳам амалга ошди!

ЎҚИНГ: Samsung’нинг 5G-модели ва Galaxy F буклама смартфони илк расмий реклама видеосида!

Сўнгги миш-мишларда айтилаётганидек, бу гаджет Samsung Galaxy Fold номини олди. У букланувчи, диагонали 7.3 дюймлик Infinity Flex Display номли дисплейга эга. Тасвир аниқлиги 2152x1536 пикселлик бўлган, Dynamic AMOLED панелли мазкур экранда бир вақтнинг ўзида учта илова ойнаси ишлай олади. YouTube, Microsoft Office ҳамда WhatsApp аллақачон бу экранга мослаб оптимизация қилинган, Samsung ҳозирда янги форматдаги экранни Android тизими билан буткул мослаштириш учун Google билан ҳамкорлик қилмоқда. Смартфонни ҳар гал очиб юрмаслик учун, унинг ташқи тарафига 4.6 дюймлик яна битта – 1960x840 пикселлик дисплей жойланган.

Samsung Galaxy Fold худди китобчадек очилади ва ёпилганида ёқимли чирқиллаган овоз чиқади. Уни қандай режимда ишлатаётганидан қатъи назар, фойдаланувчи ҳамиша камера иловасини очиб, керакли лаҳзаларни тарихга муҳрлаб қўя олади. Бунинг учун қурилмага нақ учта оптик датчик қўлланган. Яъни, ёпилган ҳолатидаги корпуснинг орқа панелида уч модулли бош камера мавжуд, олд юзасида якка объективли камера бор. Булардан ташқари, корпус очилганида ички томонида ҳам қўш модулли камера бор.

Мазкур инқилобий смартфон 7 нанометрлик технологик жараёнда тайёрланган 8 ядроли процессор базасида ишлайди. Samsung намойиш давомида «AP chipset» деб атаган бу чип Snapdragon 855 бўлиши мумкин. Унга нақ 12 гигабайтлик тезкор хотира кўмакчи бўлади, девайснинг доимий хотираси ҳажми эса 512 гигабайтга тенг.

Қуйида мазкур девайсга бағишлаб тайёрланган расмий видеороликни кўрамиз:

Samsung бу планшет-смартфонини ток билан таъминлаб туриш учун иккита аккумулятор ўрнатган, уларнинг умумий сиғими 4380 мА/соатга тенг.

Galaxy Fold кумуш ранг, қора, яшил-тилларанг ва кўк туслардаги корпусларда шу йилнинг 26 апрелидан савдога чиқарилади.

Унинг нархи ҳам ўзига яраша – 1980 АҚШ долларидан бошланади. Шунингдек, Samsung ушбу гаджетнинг 5G тармоқларида ишловчи модификациясини ҳам тайёрламоқчи.

ЎҚИНГ: Galaxy A50 ўрта нархли бўлса-да, 5G тармоғида ишлай олади!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!