Ниҳоят, Samsung кутилганидан ҳам арзон «Ваттомонстр»ини тақдим этди!

  •   DiMaX
  •  3385
  •  18.03.2020 18:30

Ниҳоят, Samsung кутилганидан ҳам арзон «Ваттомонстр»ини тақдим этди!

Samsung корпорацияси «Ваттомонстр» лақабли Galaxy M21 смартфонини дастлаб 15 мартда намойиш қилмоқчи эди. Лекин тақдимот сал кечикиб, бугун – 18 март куни, коронавирус тарқалиши хавфи туфайли тақдимот онлайн форматда ўтказилди.

ЎҚИНГ: Энг арзон Samsung смартфони – Galaxy M01 ҳақида Geekbench хушхабар берди!

Samsung Galaxy M21 модели максимал даражада автономликка эга бўлган смартфон хоҳловчилар учун энг мақбул вариант бўлди. Унинг нақ 6000 мА/соатлик аккумулятори фойдаланувчини тез-тез розетка излаш хавотиридан озод этади.

Компаниянинг таъкидлашича, батарея қуввати смартфондан кун давомида фаол фойдаланишга етарли. Тағин у 15 ваттлик усулда тезкор қувватлаш технологиясига ҳам эга.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, ҳамёнбоп Galaxy A11 тақдим қилинди, лекин...

Умуман олганда, Galaxy M21 модели бултур сентябрда намойиш қилинган «бели бақувват» Galaxy M30s смартфонининг деярли ўзгинаси. Ҳар иккаласида ҳам Exynos 9611 процессори, диагоналига 6,4 дюймлик ва Full HD форматли Super AMOLED экран қўлланган.

Уларнинг бош камераси ҳам айнан бир хилда 48, 8 ва 5 мегапикселлик датчиклардан иборат.

Ва ниҳоят, бу икки смартфоннинг корпуси дизайнида ва ўлчамларида ҳам ҳеч қанақа фарқ йўқ! Samsung сайтидаги хусусиятларига қарасак, «Ваттомонстр» фақат олд камераси 20 мегапикселлик эканлиги билан Galaxy M30s смартфонидан фарқланади – унисида селфи-камера 16 мегапикселлик эди.

Galaxy M21 тезкор хотираси 4 ва 6, доимий хотираси эса 64 ва 128 гигабайтлик конфигурацияларда таклиф этилади. Гарчи компаниянинг ўзи расман эълон қилмаган бўлса-да, бошқа манбаларга кўра, Ҳиндистонда уни 175 доллардан бошланувчи нархларда, 23 мартдан сотишади. Қизиғи – дастлаб сал қимматроқ чиққанига қарамасдан, Galaxy M30s ҳам ҳозир айнан шу нархда сотиляпти.

ЎҚИНГ: Samsung ҳам Redmi Note 9 Pro Max нархида «автономлик монстри»ни сотувга чиқарди