Ниҳоят, тўрт модулли камерага эга илк смартфон – Samsung Galaxy A9 тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  2404
  •  11.10.2018 17:13

Ниҳоят, тўрт модулли камерага эга илк смартфон – Samsung Galaxy A9 тақдим этилди!

Смартфоннинг асосий камерасини иккита объективли қилишни Apple бошлаб берган бўлса, хитойлик гигант ундан бир қадам илгарилади – Huawei P20 Pro моделида уч модулли камера қўллади. Samsung Electronics компанияси эса бош камерани бирйўла тўртта датчикли қилиб қўяқолди!

ЎҚИНГ: Galaxy A9s – Samsung’нинг «тўрткўз» камерали илк смартфони!

Гарчи шу пайтгача тарқалган инсайдерлик хабарлари ва тахминларда жинубий кореяликларнинг «тўрткўз» камерага эга смартфони турлича номлар билан аталган бўлса-да, бунга бугунги тақдимотда аниқлик киритилди. Асосий камераси нақ тўртта объективни ўз ичига олган дунёдаги илк смартфон Galaxy A9 деб номланди.

Samsung’нинг таъкидлашича, ўрта нархли ушбу смартфон камераси ҳар қандай мураккабликда суратлар олишни қойиллатади – бетакрор селфидан тортиб идеал панорамаларгача.

Асосий камера қуйидагича мегапикселли ва апертурали модулларга эга: 24 МП (f/1,7), 5 МП (f/2,2), 10 МП (f/2,2) ва 8 МП (f/2,4). Шу тариқа, сенсорларнинг жами кўрсаткичи 47 миллион пикселни ташкил этади. Шунингдек, кенг бурчакли (120 даража) объектив ҳамда икки каррали оптик зум ҳақида ҳам сўз боради.  Камера сенсорлари остида фоточақноқ, орқа панелнинг ўртароғида эса бармоқ изи сканери ўрин олган.

ЎҚИНГ: Нақ еттита камерали смартфонни ким тайёрлаётганини биласизми?

Galaxy A9 флагманлардек «чексиз» Super AMOLED Infinity дисплейга эга. Диагоналига 6,3 дюймлик ушбу экраннинг тасвир сифати Full HD+ форматида (2220х1080 пикселли). Олд камераси эса максимал диафрагмаси f/2,0 бўлган 24 мегапикселли датчикдан иборат.

Янги қурилма Qualcomm Snapdragon 660 процессори базасида ишлайди. Мазкур чипсет жамланмасида 2,2 ГГц такт частотасига эга бўлган саккизда Kryo 260 ядроси, Adreno 512 график контроллери ҳамда 600 Мбит/сониягача тезликда маълумот алмаша олувчи X12 LTE уяли модеми мавжуд.

Galaxy A9 моделининг тезкор хотираси 6, доимий хотираси эса 128 гигабайт ҳажмга эга, яна microSD форматли хотира картаси қўйиш имкони ҳам бор. Унда симсиз алоқанинг Wi-Fi 802.11a/b/g/n/ac ва Bluetooth 5.0 LE интерфейслари, замонавий USB Type-C порти, NFC модули ҳамда GPS/ГЛОНАСС приёмниги мавжуд.

Корпуснинг ўлчамлари 162,5х77х7,8 миллиметрлик телефон 183 грамм тош босади, унга 3800 мА/соатлик аккумулятор ўрнатилган. Операцион тизим сифатида Android 8.0 (Oreo) талқини танланган.

ЎҚИНГ: Нақ еттита камерали смартфонни ким тайёрлаётганини биласизми?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.