Ниҳоят, ультра-ҳамёнбоп Nokia 2 тақдим этилди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  2927
  •  31.10.2017 14:38

Ниҳоят, ультра-ҳамёнбоп Nokia 2 тақдим этилди! (+видео)

HMD Global ўзининг янги – Nokia 2 смартфонини тақдим этди. Бу хусусда компаниянинг расмий сайтида маълумот берилган.

Nokia 2 – мазкур бренднинг ўта ҳамёнбоп смартфони бўлиб, ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, сиғимдор аккумулятори унинг икки кун қувватлашсиз ишлашини таъминлаб беради.

Янги девайсга диагонали 5 дюйм бўлган, HD сифатли (720х1280 пикселли) дисплей ўрнатилган. Унинг асосий камераси 8, селфи-камераси эса 5 мегапикселли расмлар олишга мўлжалланган. Гаджет тўрт ядроли Qualcomm Snapdragon 212 процессори базасида ишлайди. Унинг хотираси эса ҳамёнбоплигига яраша: смартфон 1 гигабайт тезкор ва 8 гигабайт ички хотирага эга. Аммо microSD форматли карта ёрдамида унинг қўшимча хотираси ҳажмини 128 гигабайтгача ошириш имкони мавжуд.

Бироқ Nokia 2’нинг батареяси эътиборга лойиқ – нақ 4100 мА/соат сиғимга эга! Мана, қуйидаги видеороликда ҳам унинг асосан шу жиҳатига урғу берилган:

Nokia 2 иккита SIM-карта билан ишлай олади, шунингдек, симсиз алоқанинг 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11 b/g/n), Bluetooth 4.1, GPS ва ГЛОНАСС интерфейсларини қўллаб-қувватлайди. Унда FM-радио ҳамда қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик тирқиш мавжуд.

Смартфон Android операцион тизимининг 7.1.1 Nougat талқини бошқарувида ишлайди. HMD Global’нинг ваъда қилишича, у Android 8.0 Oreo талқинигача янгилана олади.

ЎҚИНГ: Nokia 2 – бренднинг энг арзон смартфони унинг энг катта хатоси бўлиши мумкин

Қурилманинг ўлчамлари 143,5х71,3х9,3 миллиметрга тенг. Nokia 2 корпуси қора, оқ ва мис туси берилган қора рангларда чиқарилади. У дунё бозорига 2017 йилнинг ноябриданоқ тақдим этилади. Янги моделнинг нархи 99 евро атрофида бўлиши айтилаётир.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!