Ниҳоят, Xiaomi атиги 300 долларлик Pocophone F1 флагманини тақдим этди! (видео)

  •   DiMaX
  •  5101
  •  22.08.2018 17:30

Ниҳоят, Xiaomi атиги 300 долларлик Pocophone F1 флагманини тақдим этди! (видео)

Тахминан икки ойдан бери интернетда Xiaomi’нинг янги бренд остидаги смартфони ҳақида хабарлар кезиб юрибди. Унинг деярли барча хусусиятлари маълум бўлган, «жонли» сурат ва видеолари ҳам тарқалган.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг ҳамёнбоп Pocophone F1 флагмани Geekbench’да OnePlus 6, Mi 8 ва Galaxy S9+’ларни ортда қолдирди!

Ўзи ваъда қилганидек, «хитойча Apple» бугун Pocophone F1 русумли ўша смартфонини расман намойиш этди. Мазкур девайс 27 августдаёқ Жакарта, Гонконг ҳамда Парижда бирйўла савдога чиқарилади. Яқин орада бу флагман бошқа мамлакатлар бозорларига ҳам тақдим этилади, зеро, Xiaomi уни бутун жаҳондаги истеъмолчилар учун чиқарганини таъкидлаган.

Xiaomi Pocophone F1 якка кристалли Snapdragon 845 процессори, 6/8 ГБ тезкор ҳамда 64/128/256 ГБ доимий хотира билан таъминланган. Унинг нархи 300 доллардан бошланади; яъни мазкур гаджет илғор Snapdragon 845 чипига эга энг ҳамёнбоп смартфондир. Унинг юқори талқини эса 415 долларга нархланган.

Ишлаб чиқувчининг ўзи Pocophone F1 смартфонини «Master of Speed» – «Тезкорлик устаси» дея даъво қилмоқда. Иссиқлик ўтказувчи найчалар орқали совитиш тизими мазкур флагманнинг узоқ муддатда оғир юмушлар бажарганда ҳам қизиб кетмаслигини таъминлайди.

Ушбу флагманнинг суюқ кристалли дисплейи диагоналига 6,18 дюймга тенг, пикселлар сиғими эса 2246х1080 нуқтани ташкил этади. Экраннинг тепа қисмидаги «ўйиқ»да олд камера ҳамда фойдаланувчининг юзини таниш тизими ўрин олган.

Pocophone F1 асосий камераси қўшалоқ: 12 мегапикселли Sony IMX363 сенсори ҳамда 5 мегапикселли қўшимча датчикни ўз ичига олади. Диафрагмаси f/1,9’га тенг. Олд камера ҳам селфи ишқибозларига қўл келади: 20 мегапикселли, f/2,0 диафрагмали датчик.

Pocophone F1’нинг «қувват тоши» – 4000 мА/соат ток сиғимига эга аккумулятор бўлиб, у 18 ваттлик тезкор қувватлаш технологиясига эга. Quick Charge 3.0 қувватлаш ускунаси ҳам смартфон жамланмасининг ўзида мавжуд.

Ушбу смартфон стерео овоз янгратиш учун иккита динамик билан жиҳозланган. Шунингдек, у катта юк билан ишлаганда қизиб кетишдан сақловчи LiquidCool Technology тизими билан ҳам таъминланган.

Мазкур смартфонга Android Oreo операцион тизим талқинига асосланган MIUI 9.6 прошивкаси ўрнатилган. Xiaomi уни яқин орада Android 9 Pie базасидаги MIUI 10 прошивкасигача янгилашни ваъда қиляпти. Мана, қуйидаги видеолавҳада унинг ишлаши намойиш этилган:

Xiaomi бу флагманини Graphite Black, Steel Blue ҳамда Rosso Red деб номланувчи ранглардаги корпусларда ишлаб чиқармоқда. Шунингдек, Armored Edition деб аталувчи махсус талқин ҳам бўлиб, у 8/256 ГБ хотирали версияда, 430 доллар нархида тақдим этилади.

Хитойнинг ўзида Pocophone F1 савдоси 29 августдан бошланади. 27 августда эса унинг Европадаги нархи маълум қилинади. Бу борадаги янгиликларни биз билан бирга кузатинг.

ЎҚИНГ: 22 августда тақдим этиладиган Xiaomi Pocophone F1’ни ҳозирданоқ OLX онлайн бозоридан олиш мумкин! (+видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!