Ниҳоят, япон олимлари коронавирусни атиги 30 сонияда ўлдирувчи гаджет яратишди

  •   DiMaX
  •  420
  •  11.01.2021 11:59

Ниҳоят, япон олимлари коронавирусни атиги 30 сонияда ўлдирувчи гаджет яратишди

2020 йил баҳорда америкалик биологлар коронавируснинг классик мусиқага ўхшовчи «овози»ни ёзиб олишган эди. Кейинроқ эса Подшоҳ Абдуллоҳ номидаги фан ва технологиялар университети мутахассислари коронавируснинг энг аниқ 3D-моделини ишлаб чиқишган. Яқиндагина эса ушбу вирус оқсил таркибининг илк уч ўлчамли тавсири эълон қилинган.

ЎҚИНГ: Олимлар коронавирус вакцинаси турлари акс этган видеони улашишди

Япониядаги Mainichi нашрининг хабар беришича, маҳаллий олимлар SARS-CoV-2 вирусини ярим дақиқадаёқ 99,99 фоизга йўқ қилиш имконини берувчи қурилма яратишган. «Handy UV emitter» номли бу мосламадаги узоқ муддатли светодиод тўлқин узунлиги 280 нанометр, оптик қуввати эса 70 милливатт бўлган ультрабинафша нурларини таратади.

Хабарга кўра, коронавирусга тўлқин узунлиги 265 нанометрлик ультрабинафша нурлари билан таъсир қилиб, уни буткул ўлдириш мумкин. Бунда қурилманинг хизмат қилиш муддати атиги 2000 соатни ташкил этади. Лекин нурнинг тўлқин узунлигини 280 нанометрга чиқариш билан, гаджетнинг яроқлилик муддатини тахминан 10 каррага ошириш мумкин. Бунда унинг ишлаш самарадорлиги пасаймайди ҳам, дейишмоқда олимлар.

ЎҚИНГ: Илон Маск нега коронавирус вакцинаси қабул қилишни рад этди?

Коронавирус кушандасини яратган Nichia компанияси мутахассисларининг таъкидлашича, мазкур қурилмани шамоллатиш (вентиляция) тизимларида қўллаб, ҳавони вирусдан тозалаш мумкин. Компания бу гаджетдан 20 донасини Токусима префектураси (вилояти) ҳокимлигига, яна 30 донасини эса шу ердаги университетга туҳфа этган.

Токусима университети олиб борган тадқиқотлар натижаларига кўра, Handy UV emitter чиндан самарали. У 5 сантиметргача масофада коронавируснинг 99,99 фоизини йўқ қила олади.

Nichia компанияси аллақачон мазкур технологияни қўлловчи қурилмаларни ишлаб чиқиш ва сотиш режаларини япониялик ишлаб чиқарувчилар билан муҳокама қилмоқда.

ЎҚИНГ: Беш йил аввал коронавирусдан огоҳлантирган Билл Гейтс янада хавфлироқ офатни башорат қилди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!