Нима сабабдан махсус хизматлар Telegram'ни ёмон кўрадилар?

Нима сабабдан махсус хизматлар Telegram'ни ёмон кўрадилар?

Павел Дуров ўз сўзида турди - Telegram Россияда блокланиши айтилса ҳам Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФСБ)га тармоқдаги ёзишмаларни ўқиш имконини бермади. Қўйилган талаб бажарилмагандан кейин Роскомнадзор Telegram хизмати устидан судга ариза берди ва бугун бўлиб ўтадиган суд натижаси Telegram'нинг Россиядаги тақдирини ҳал қилиши кутилмоқда. Биз бу ҳақида кеча хабар берган эдик.

Telegram ва Россия ҳукумати ўртасидаги зиддият кучайгандан сўнг бир қанча манбалар, жумладан, бизнинг сайтимиз ҳам мессенжерга қўйилган тўсиқни қандай айланиб ўтиш ҳақида маслаҳатлар бера бошлади. Аммо бир саволга жавоб топиш кўпчиликнинг ҳаёлига келмаган кўринади: Махсус хизматлар нега Telegram'ни бунчалик ёмон кўрадилар ва унинг раҳбариятига босим ўтказишга ҳаракат қиладилар? Кўринишидан оддий саволдек туйилади, лекин унинг жавоби жўн эмас. Келинг, масаланинг сиёсий ва ҳуқуқий томонларини айланиб ўтиб, ўзимизга мос - техник ёндашув орқали саволга жавоб топиб кўрсак.

ЎҚИНГ: Павел Дуров Россия ҳудудида Telegram'нинг блокланишига рози бўлди

Ҳақиқий шахсий махфийлик

Махсус хизматлар Telegram'дан талаб қиладиган асосий нарса - бу тармоқ орқали жўнатилувчи хабарларни ўқиш имконини берилиши. Роскомнадзорнинг даъво қилишича, ушбу мессенжер хизматидан нафақат оддий фуқаролар, балки жиноятчилар ҳам фойдаланадилар. Масалан, мессенжердаги махфий чатлар кўп ҳолларда ноқонуний товар айирбошлаш, яъни қора бозор марказига айланади. Бундай ёзишмаларни фош қилиш учун эса мессенжернинг яратувчиларидан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Telegram'да хабарлар шундай кучли ҳимояланганки, уни манаман деган махсус хизматлар ҳам оча олмайди. Ҳозирча, албатта.

Бундан ташқари мессенжер раҳбарияти ўз фойдаланувчилари ким бўлишидан қатъий назар улар ҳақидаги маълумотларни ҳатто давлатга ҳам тақдим этмайди.

ЎҚИНГ: Россиялик журналистлар Telegram масаласи бўйича Европа судига мурожаат қилишди

Мураккаб структура

ФСБ Павел Дуровдан ёзишмаларни ўқишга ёрдам берувчи криптограммани шунчаки тақдим қилишни талаб қилмоқда. Бироқ асосий масала шундаки, ҳатто Павел Дуров ва унинг жамоаси ҳам техник жиҳатдан тармоқдаги хабарларни ўқиш имконига эга эмас - мессенжернинг архитектураси шундай ўзига хос тузилган. Хабарларни тўлиқ очиш учун зарур бўладиган крипто-калитлар яратувчиларда мавжуд эмас - крипто-калитлар фойдаланувчидан фойдаланувчига кўчиб юради, серверларда сақланмайди. 

Серверларнинг жойлашуви

Махсус хизматларнинг ҳисоблашича, Россияда Telegram серверларининг мавжуд эмаслиги тармоқ билан боғлиқ иккинчи жиддий муаммодир. Мессенжер Россия Федерацияси ҳудудида “ахборот тарқатишни ташкил қилувчилар реэстри“га киритилган. Россия қонунчилигига кўра, бундай реэстрга киритилган операторлар бир қатор талабларни бажариши лозим. Масалан, Россияда рўйхатга олинган тармоқ ўз маълумотларини айнан мамлакат ҳудудида жойлашган серверларда сақлаши керак. Telegram'нинг эса Россия ҳудудида бундай маълумотлар омборхонаси йўқ. Яъни бирор ҳукумат вакиллари, полиция ёки ФСБ зарур пайтларда Telegram серверларига кириб, ундаги қаттиқ дискларда сақланаётган маълумотларни олиб кета олмайди.

Блокировкадан ҳимоя

Ҳозирги воқеалар Павел Дуров кун келиб махсус хизматлар унинг мессенжерига қарши чиқишларини олдиндан билгани ва бу кун келишига жиддий тайёргарлик кўрганидан далолат бермоқда, яъни мессенжернинг компютер ва мобил иловаларида прокси-серверларга уланиш имконияти анчадан буён мавжуд. Бундай серверлар интернетга чиқиш йўлига қўйилган тўсиқни четлаб ўтиб, бошқа давлатда жойлашган компютер орқали тармоққа уланиш имконини беради. Бундан ташқари Telegram'нинг ўзида ҳам қўшимча дастурлар ўрнатилишини талаб қилмайдиган VPN-ботлар мавжуд. Мобил қурилмага ўрнатилган VPN иловалар ҳам интернетга қўйилган тўсиқни осонликча олиб ташлаб, мессенжернинг одатдагидек ишлашига шароит яратади. Соддароқ айтганда, Роскомнадзор Telegram'ни бутунлай блоклаш имконига эга эмас.

ЎҚИНГ: Telegram ва Роскомнадзор можаросига Рамзан Қодиров ҳам аралашди

Икки босқичли шахсни тасдиқлаш

Махсус хизматлар учун Telegram'нинг яна бир камчилиги - унда икки босқичли шахсни тасдиқлаш жараёни жорий қилинганидир. Бундан бир неча йил олдин махсус хизматлар тармоқдаги исталган аккаунтни осонликча оча олар эди. Бунинг учун нишонда турган шахснинг телефон рақамини мессенжерга териш ва тасдиқлаш коди юборилган SMS хабарни тутиб олишнинг ўзи кифоя эди. 2015 йилда эса яратувчилар мавжуд аккаунтга янги қурилмадан кириш чоғида SMS коддан ташқари қўшимча пароль ҳам сўрайдиган икки босқичли ҳимояни жорий қилдилар. Бироқ ушбу икки босқичли шахсни тасдиқлаш функцияси фойдаланувчи томонидан ёқиб қўйилган бўлиши лозим. Акс ҳолда янги қурилмадан мавжуд аккаунтга кириш учун SMS тасдиқ кодининг ўзи кифоя бўлади.

Павел Дуров

Махсус хизматларнинг жиғига тегувчи навбатдаги омил Павел Дуровнинг ўзидир. Бир вақтлар бу ёш миллиардер ҳукумат томонидан бўлаётган босимлар туфайли ўз жамоасини олиб, Бирлашган Араб Амирликларига кўчиб кетган эди. Дуров исталган давлат томонидан унинг мессенжер хизматига қарши босим ўтказилишидан қўрқмаслигини очиқ айтиб келади. Шу сабабли ҳам Россия махсус хизматлари бу йигитчанинг попугини пасайтириб қўйишни истар балки.

Айни пайтда Москва шаҳрида Telegram мессенжер хизмати устида суд жараёни бошланди. Биздан узоқлашманг ва биз бу борадаги сўнгги янгиликларни ўз вақтида сизга етказамиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.