Нима учун VPN'дан фойдаланиш керак? (+бонус)

Нима учун VPN'дан фойдаланиш керак? (+бонус)

Аксарият одамлар интернетдаги фаолияти махфий бўлишига ҳар қачонгиданда кўп эътибор қаратмоқда. Ўз хавфсизлигини ўйловчилар учун VPN ёки, инглизча қилиб айтганда, «virtual private network» (виртуал махфий тармоқ) мавжуд бўлиб, унинг ёрдамида интернетдан фойдаланаётганда шахсингизни яширишингиз мумкин.

Қуйида VPN воситасида яшириш мумкин бўлган 9 элементни санаб ўтиш асносида, бу турдаги тармоқнинг афзалликларига тўхталамиз. Мақола давомида сарлавҳада ваъда қилинган бонусни келтириб ўтамиз. Пост охирида эса асосий совғага эга бўласиз.

1/9. VPN IP манзилингизни яширади

IP манзил ҳақида олдин ҳам ёзган эдик. Шундай бўлсада, яна эслатиб ўтамиз: IP манзил — интернетга уланган қурилмангизнинг уникал адресидир. IP адреснинг ёмон жиҳати шуки, унинг ёрдамида сизнинг интернетдаги фаолиятингиз кузатиб борилиши мумкин. Учинчи томон, жумладан, сизнинг қидирув тарихингиз, ташриф буюрган саҳифаларингиз, ижтимоий тармоқдаги фаоллигингиз ва кўплаб бошқа ҳаракатларингизни кузата олади.

VPN'дан фойдаланиш эса сизнинг ҳақиқий IP манзилингизни яширади. Бу билан эса интернет-сервис провайдерингиз (ISP), қидирув тизимлари, веб-сайтлар, маркетингчилар ва хакерлар сизни шарпадек таъқиб қила олмайди.

+Бонус
Браузерингизнинг махфий ёки инкогнито режими маълум даражада махфийлигингизни таъминлайди, аммо ISPингиз бу билан ҳам сизни кузата олиши мумкин. Провайдер кузатувини олдини олиш учун VPN ёки бошқа хизматлардан фойдаланишни тавсия қиламиз.

2/9. VPN геомаълумотларингизни яширади

VPN хизматлари IP манзилингиз ҳамда географик жойлашувингизни бошқача қилиб кўрсатиш орқали бутун дунё бўйлаб жойлашган турли серверлардан фойдаланиб, интернетга уланишингизни таъминлайди. Бу, хусусан, блокланган сайтларга кириш, сиз жойлашган ҳудудда чекланган хизматлар (масалан, Ўзбекистонда YouTube Music, Spotify, SoundCloudу каби) ва IP-телефония сервисидан фойдаланиш имконини беради.

Қўшимча равишда, ҳақиқий IP манзилингизни ўзгартириш билан авиачипта, меҳмонхоналар ва бошқа маҳсулотларга арзонроқ нархда эга бўлишингиз мумкин. Буни синаб кўриш учун турли мамлакатларда жойлашган серверларга VPN билан уланинг ва бирор бир хизмат тури нархларини таққосланг. Фарқни сездингизми?

+IP адресингиз сизни қаерда деб кўрсатяпти? Буни билиш whatismyipaddress.com сайтига киринг.

3/9. VPN шахсий маълумотларинингизни яширади

Бир томондан қулай бўлса-да, оммавий Wi-Fi'лар махфийлигингизга катта хавф солади. Бу турдаги тармоқлар орқали хакерлар ҳеч қийинчиликсиз сизнинг шахсий маълумотларингизни ўғирлаши ва ҳатто қурилмангизга вирус жўнатиши мумкин. Бу ҳам етмагандек, паролларингиз билан логин маълумотларингиз ўғирланиши ҳам ҳеч гап эмас. Хакерлар ҳатто мессенжерлардаги суҳбатингизга ҳам «бурнини суқ»а олиши ҳеч гап эмас.

VPN билан тармоққа уланиш эса махфий маълумотлар махфийлигича қолишини кафолатлайди. Инкапсуляция ва шифрлаш усулларидан фойдаланиб, VPN ишончли бўлмаган тармоқлар ва оммавий Wi-Fi'лар бўйлаб яширин туннель яратади. Шундагина аэропорт, меҳмонхона, кафе ва ресторанлардаги фаол нуқталардан қўрқмасдан фойдалана оласиз.

ЎҚИНГ: Нега интернетда ҳамма учун жой топилаверади?

4/9. VPN торрентни яширади

Браузердаги қидирув тарихингиз ва кукиларни ўчириб юборсангиз ҳам, сизни кузатмоқчи бўлган одам учун интернетдаги фаолиятингиз очиқлигича қолаверади, IP адресингизни олиш билан сиз интернетда қидирган ҳамма нарсани кўриш мумкин бўлади.

Юқорида ҳам айтилганидек, браузернинг махфий/инкогнито режими ёқилган тақдирда ҳам, ISP браузерингиз тури, операцион тизимингиз ва плаг-инлар ёрдамида сизнинг шахсингизни аниқлай олади. VPN'ни ёқиб олиш билан эса, торрентни (BitTorrent - бу бирга-бир файл алмашиш учун алоқа протоколи бўлиб, интернет орқали маълумотлар ва электрон файлларни тарқатишда фойдаланилади) яширишингиз ва маълумотлар махфийлигига эришишингиз мумкин.

5/9. VPN торрентни яширади

Медиа компаниялари бирга-бир файл алмашиш тармоқларидаги торрент трафикка қарши курашни кучайтирмоқдалар. Агар мана шу вазиятда сиз муаллифлик ҳуқуқини бузган деб топилсангиз, огоҳлантирш олишингиз ёки ундан ҳам ёмонроғи, катта жаримага тортилишингиз ҳам ҳеч гап эмас.

Агар торрентдан кўп фойдалансангиз, IP манзилингизни яшириш ва торрент фаолиятингизни махфий сақлаш учун VPN'дан фойдаланишингиз мумкин. Юқори даражадаги махфийликни таъминловчи, тезлик ва энг сўнгги шифрлаш протоколларига эга таниқли VPN провайдеридан фойдаланишингизни маслаҳат берамиз.

6/9. VPN ижтимоий тармоқларда шахсингизни яширади

Ижтимоий тармоқ, блог ва форумларнинг фойдаланувчиси бўлсангиз ва атрофда содир бўлаётган воқеаларга фаол равишда комментлар қолдирсангиз, сизга шахсингизни яшириш учун ақлли сохта номдан кўпроғи керак бўлади. Веб-сайт маъмури нафақат сизнинг шарҳларингизни кўриши, балки IP манзилингиздан фойдаланиб сизни кузатиши ҳам мумкин.

Агар шарҳ ва фикрларингизни аноним сақлашни истасангиз, IP манзилингизни ниқоблаш учун VPN'дан фойдаланинг. Шунда, сизни кимдир аниқламоқчи бўлса, бузилган IP манзил билан сизни кузатишлари қийин кечади.

ЎҚИНГ: Интернет ҳақида қизиқарли фактлар

7/9. VPN харидлар борасидаги одатларингиз ҳақидаги маълумотларни яширади

Онлайн харид қилиш одатларимиз шахсий ҳаётимиз ҳақида кўп нарсани очиб беради. Баъзи ҳолларда, харидларингиз ҳақидаги маълумотларни махфий сақлашни хоҳлашингиз мумкин. VPN компьютерингиз ва сиз маҳсулот сотиб олаётган веб-сайт ўртасида туннель вазифасини бажаради. Бу электрон тижорат веб-сайтларининг IP манзилингизни кузатиши ва уни харид қилиш амалиётларингиз билан боғлашидан асрайди. Натижада, махфийлигингиз ҳимоя қилиниб, сизга мақсадли рекламалар берилишининг олди олинади.

8/9. VPN телефонингизда амалга ошираётган фаолиятингизни яширади

Бугунги кунда интернетга кириш учун мобил телефонлардан фойдаланаётганлар сони ортиб бормоқда. Аммо шуни ёдда тутиш керакки,
уяли телефонингиз орқали интернетдан фойдаланганингизда, ўзингизнинг IP манзил, жойлашув ва фаолиятингизни тармоққа узатасиз. Офисингиздаги VPN каби мобил VPN иловаси маълумотлар шифрланиши ва махфийликни таъминлайди. Интернетга қаерда туриб киришингиздан қатъи назар, мобил фаолиятингиз аноним бўлишига ёрдам беради.

9/9. VPN иш берувчингиздан веб-сёрфингизни яширади

Кўпгина компаниялар иш вақтида ишчиларга интернетга киришга рухсат беради. Аммо хўжайинингиз Facebook ёки Instagram'да неча соат сарфлаётганингизни кўришини хоҳламасангиз керак, албатта. Яширадиган маълумотингиз бўлмаса ҳам, компаниянгиз тармоғида VPN'дан фойдаланиш браузерингиз фаолиятини махфий сақлашга ёрдам беради. Ортиқча эҳтиёткорлик зарар қилмайди!

*****

Ана энди ваъда қилинган асосий бонусга ҳам етиб келдик. Қуйида энг ишончли бўлган VPN иловаларининг топ ўнталигини келтириб ўтамиз. Исталган ном устига босиб, дастурни Android учун юклаб олишингиз мумкин бўлади.

1. NordVPN;
2. Hotspot Shield;
3. Windscribe;
4. Hide me;
5. PrivateVPN;
6. TunnelBear;
7. ProtonVPN;
8. Opera VPN;
9. Speedify;
10. Better net.

Веб-фаолиятинингиз махфий ва хакерлар кузатувидан холи бўлишини тилаган ҳолда, бизни кузатишда давом этинг, деб қоламиз.

ЎҚИНГ: Интернет биз кутгандек бўлмади(ми)?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!