Nokia 10 нархи, хусусиятлари, батафсил суратлари ва видеоси!

  •   DiMaX
  •  8119
  •  31.01.2018 10:52

Nokia 10 нархи, хусусиятлари, батафсил суратлари ва видеоси!

HMD Global компанияси MWC 2018 кўргазмасига Nokia 9 флагманидан ташқари, Nokia 10 моделини ҳам тайёрлаётгани ҳали яқиндагина маълум бўлди. Дастлаб Nokia X 2018 деб номланиши тахмин қилинган ушбу қурилма бешта объективли ажабтовур камераси билан таҳсинга лойиқ.

ЎҚИНГ: Беш камерали илк смартфон – Nokia X яна бир хусусияти билан дунёда тенгсиз

Ҳозирда интернет кенгликларида ушбу смартфоннинг турлича рендер-суратлари тарқалмоқда. Шулардан бири – Science and Knowledge номли таниқли YouTube-канал тайёрлаган концепт суратлардир. Келинг, биргаликда улардан баҳраманд бўламиз.

HMD Global муҳандислари янги флагманнинг қўшалоқ классик фотокамерасига қўшимча линзалар ва датчиклар ҳам ўрнатишган; натижада бош камера бешта модулли ҳисобланади.

ЎҚИНГ: Бешта объективли инқилобий камерага эга Nokia 10’нинг илк суратларини томоша қиламиз!

Тахминларга кўра, бешталик камераси шарофати билан Nokia 10 смартфони фотосуратлар сифатини йўқотмаган ҳолда 4 карралик оптик зумга, яхшиланган портрет (орқа фонни хиралаштириш) эффектига эга бўлади.

Шунингдек, у кенг бурчакли объективи билан ҳам мақтана олади, бу эса, айниқса, панорама типидаги расмлар олишда жуда қўл келади. HMD Global’нинг барча қимматбаҳо телефонларидаги каби, Nokia 10 ҳам қойилмақом Carl Zeiss оптикасига эга бўлади.

ЎҚИНГ: ZEISS камерали Nokia 7 тақдим этилди: ажойиб дизайн қулай нархда! (+видео)

Айтишларича, Nokia 10 флагмани диагонали 5,8 дюймлик, ён томонлари ромсиз Super AMOLED-экранга эга. Замонавий урфга кўра – томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлган дисплейнинг тасвир аниқлиги 2880х1440 пикселга тенг (QHD+ формати).

Бу смартфон 2,8 ГГц.гача такт частотасида ишловчи саккиз ядроли илғор Snapdragon 845 процессорига эга. Adreno 630 график тезлатгичи ҳамда, 8 гигабайтлик тезкор хотираси унинг самарадорлигини таъминлашда янада қўл келади. Доимий хотирасининг ҳажми 128 гигабайтга тенг бўлиши айтилмоқда.

Шунингдек, Nokia 10’нинг олд камераси қўшалоқ объективли бўлиб, 13 мегапикселли суратлар олишга қодир. Смартфон иккинчи авлод USB Type-C порти билан жиҳозланган.

Мана, Science and Knowledge тайёрлаган видеолавҳани бирга томоша қиламиз:

Бир қанча манбалардан олинган маълумотларга кўра, Nokia 10 смартфонининг нархи 990 АҚШ долларига тенг. Яъни, бу флагман iPhone X’нинг бошланғич модификациядаги – 64 гигабайтлик ички хотирага эга варианти билан бир хил нархда.

ЎҚИНГ: Энг қимматбаҳо 20та смартфон нархлари (2018 йил 27 январь)