Nokia 3 & Xiaomi Redmi Note 4: ҳамёнбопликда биринчилик учун жанг

Nokia 3 & Xiaomi Redmi Note 4: ҳамёнбопликда биринчилик учун жанг

 

Nokia компанияси 2017 йилнинг февралида ўтказилган MWC 2017 анжуманида Nokia 3, Nokia 5 ва Nokia 6 смартфонларини тақдим қилган эди. Ўтаётган ойда бу телефонлар жаҳон бозорига чиқарилди. Nokia 3’нинг жиҳатлари ва нархига кўра, ҳамёнбоп смартфонлар бозоридаги нарх-навони ижобий томонга ўзгартириши тахмин қилинмоқда.

Nokia 3 дизайни бизга ҳашамдор смартфонларни эслатади. Шунингдек, унинг имкониятлари ҳам диққатга сазовор. Таниқли брендга Андроид аталмиш оммабоп операцион тизимнинг омихта қилингани унинг оммалашувига таъсир ўтказмай қолмайди.

Жаҳон смартфон бозорида бугунги кунга қадар ҳамёнбоп ва яхши смартфон деса 150 АҚШ доллари турадиган Xiaomi Redmi Note 4 эътироф этиб келинаётган эди. Экспертларнинг фикрича, деярли шу нархда сотувга чиқарилган Nokia 3 смартфони  Redmi Note 4’нинг бу нуфузига таъсир қилади ва уни “арзон ва яхши смартфон” номидан маҳрум қилишга қодир.

Биз Nokia 3 ҳамда Xiaomi Redmi Note 4’га яқинроқдан назар солиш орқали ўқувчиларимизга қайси гаджетни танлаш мақсадга мувофиқлигини аниқлашга ёрдам беришга қарор қилдик.

Ҳамёнбоп смартфон ҳам жозибадор дизайнда бўлиши мумкин 

   

HMD Global компанияси 5 дюймли Nokia 3 мисолида смартфон бозорига таассуротли дизайндаги телефонни сотувга чиқарди. У кўринишидан Nokia Lumia смартфонларининг замонавийлаштирилган дизайн фалсафасини эслатади. Смартфон корпуси поликарбонат панел ва алюминий ром уйғунлигида ишланган. Унинг экрани Corning Gorilla Glass ҳимоя шишасига эга. Бу шишанинг тури маълум қилинмаган.

Xiaomi Redmi Note 4

Бироқ, 5,5 дюмли Xiaomi Redmi Note 4 ҳам ундан қолишмайди. Жумладан, Redmi Note 4 тўлиқ алюминий корпусга эга илк ҳамёнбоп смартфон бўлган ва ҳануз шундай. Айниқса, арзон гаджтенинг 2.5D эффектидаги ҳимоя шишаси билан қоплангани кўпчилик харидорларнинг диққатини тортган.

Дизайн борасида Redmi 4 тўлиқ металл корпуси билан устун келса,  Nokia 3 классик “Lumia” смартфонларига хослиги билан ўзига хос.

Платформа самарадорлиги ва муҳим жиҳатлари

Xiaomi Redmi Note 4

Xiaomi Redmi Note 4 смартфони 5.5 дюймли, сиғими Full HD (1080p, IPS LCD) дисплей, талқинига кўра, 2/3/4 гигабайтли тезкор ва 32/64 гигабайтли доимий хотира, 4,1000 мА соат электр токи сиғимили аккумулятор билан таъминланган. Смартфонда Snapdragon 625 процессори ва Adreno 506 видео картаси ўрнатилган.

Картинки по запросу Nokia 3 vs Xiaomi Redmi Note 4

Nokia 3 смартфонида 5 дюймли HD (720p) дисплей, 2 гигабайтли тезкор ва 16 гигабайтли доимий хотира, 2,650 мА соат сиғимли аккумулятор, MediaTek MT6737 процессори ва Mali T720 видео картаси ўрнатилган.

Redmi Note 4’нинг 2 ГБ тезкор (32 ГБ доимий) хотирали талқини жаҳон бозорида 150 доллар турса, 2 ГБ тезкор (16 Гб доимий) хотирага эга Nokia 3 147 АҚШ доллари туради.

Платформа самарадорлиги ва муҳим жиҳатлари борасида Redmi Note 4’нинг Nokia 3’дан тўлиқ устунлигини тан олиш керак.

Android операцион тизими

Жанг ҳали тугагани йўқ, хулоса чиқаришга шошманг. Nokia 3’нинг кучли бир жиҳати борки, у айнан шу билан рақибини ер тишлатиши мумкин. Ҳамёнбоп смартфонлар бозорида бу жиҳатга бошқа бирор телефон, жумладан Xiaomi Redmi Note 4 ҳам эга эмас.

Бу – мунтазам янгиланиб турадиган Android операцион тизими. Nokia 3 доимий равишда замонавий дастур ва функцияларга эга бўлиб, фойдаланувчи учун имкониятларни кенгайтириб бораверади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Redmi Note 4 эса янгиланишларни хуш кўрмайдиганлар, смартфон деса, ўйин ўйнашдан нарига ўтмайдиганлар учун. Redmi Note 4 ҳамнуз 2016 йилнинг Android Marshmallow операцион тизимида юрибди (яқин кунларда Nougat’га янгиланиши хусусида янгилик бор). Рақиби эса қадоқдаёқ Android 7.0 тизимига эга.

HMD Global компанияси бундан кейин Nokia 3, Nokia 5 ва Nokia 6’ни узлуксиз равишда Android’нинг сўнгги янгиланишлари билан таъминлаб боришга расман ваъда берган. Жумладан, шу кунларда Nokia 3’нинг энг илғор “Android O” операцион тизимига мослаштирилаётгани маълум қилинган.

 

Камералар жанги

Xiaomi Redmi Note 4 смартфонида 13 мегапикселли бош камера ўрнатилган. Унга f/2.0 стандартидаги ёруғликни қамраб олувчи оптик прибор ўрнатилган. Бош камера фазали автофокус ҳамда 2 тусли фоточақноққа эга бўлган. Шунингдек, ҳамёнбоп девайс 5 мегапикселли олд камерага эга.

Nokia 3 эса 8 мегапикселли бош камера билан таъминланган. Унинг апертураси ҳам f/2.0 стандартида. Бош камера LED фоточақноғи билан таъминланган. Гаджетнинг олд камераси учун ҳам 8 МП сиғимли сенсор танланган.

Экспертларнинг фикрича, Nokia 3 сураткашликда рақибини ер тишлатаса тишлатадики, лекин ундан қолишмайди.

Гарчи, Nokia 3’нинг 8 МП ош камераси  Redmi 4’нинг 13 мегапикселли датчиги билан жангда дурангни қайд қилса ҳам, Nokia 3’нинг олд камераси Redmi 4’ни уялтириши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат

Xiaomi Redmi Note 4 – шу кунга қадар юлдузга айланган машҳур смартфон. Бироқ, уни харид қилиш осон эмас. Боиси, Xiaomi компанияси шу кунга қадар смартфон савдосини онлайн йўлга қўйган. Компания дўконлари ҳамма жойда ҳам мавжуд эмас. Савдогарлар эса унинг устига салмоқли ҳиссаларини қўшиб сотадилар. Nokia 3 эса очиқ бозорда оммалашган. Боиси, компаниянинг ҳамма жойда етказиб берувчилари ва дўконлари бор. Бу эса арзон гаджетни муаммосиз харид қилиш имконини беради.

Хулоса

Nokia 3 ҳам, Xiaomi Redmi Note 4 ҳам ютуқ ва камчиликлардан холи бўлмаган, ҳамёнбоп смартфонлар орасида ҳурматга лойиқ гаджетлар. Уларнинг ҳар бири ўзига хос аудиторияни мўлжалга олади – Redmi Note 4 яхши камера, сифатли дисплей ва сиғимдор аккумуляторни хуш кўрувчи киноманлар учун бўлса, Nokia 3 замонавий функция ва дастурлардан ўз вақтида баҳраманд бўлишни истайдиган одамлар учун. Қолаверса, “Nokia” брендига содиқлар – бу бренднинг катта аудиториясидир.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!