Nokia 3310: қайта туғилган афсона ҳақида 8 факт

  •   DiMaX
  •  2786
  •  02.03.2017 16:17

Nokia 3310: қайта туғилган афсона ҳақида 8 факт

MWC 2017 кўргазмасида, Nokia бренди остидаги янги смартфонлар қатори, 3310 телефони ҳам намойиш этилди. Бу – Nokia тарихидаги энг муваффақиятли моделлардан бирининг ремейк версиясидир. 2000-йилларнинг бошларида бу қурилма ҳақиқий афсонага айланган эди.

Хўш, унинг «қайта туғилган» версиясида бизни қандай янгиликлар кутмоқда?

Оригиналидан кўра 10 баробар узоқроқ ишлайди

Смартфон – қулай нарса, аммо уни ҳар куни қувватлантириб туриш керак бўлади. «Қадрдон» Nokia 3310 эса кутиш режимида 260 соатгача ишлар эди. Тасаввур қиляпсизми: ўн кундан ошиқ вақтгача сиз умуман розетка изламайсиз! Тўғри, суҳбатлашиш режимида батарея қуввати тезроқ – 2-4 соатда тугаб улгурар эди, лекин шу натижа ҳам кўпчилик смартфонлар соҳиблари учун орзу-ку!

Янги Nokia 3310 эса, ишлаб чиқувчиларнинг баёнотига кўра, қувватлантиришсиз янаям узоқроқ вақт туриб бера олади. Таъкидланишича, кутиш режимида 30 кунгача унинг батареяси қуввати тугамасдан туради. Тўхтовсиз суҳбат режимида эса у энди икки эмас, балки нақ 22 соатга бардош беради! Ҳа, телефонингизнинг зарядидан аввал ҳисобингиздаги пулингиз тугаши ҳам ҳеч гапмас…

Энди у «ғишт» эмас!

Эски Nokia 3310 моделини «ғишт» деб аташарди, аммо бу ҳазилдан телефон эгалари хафа бўлишмасди. Ҳозирда – олти дюймлик «белкуракфон»лар давридагина 133 грамм вазнга ва 22 мм қалинликка эга телефон кишининг кинояли табассумига сабаб бўлади. 2000 йилларда эса бу қандайдир баҳайбат қурилма эди!

3310 моделининг ремейки бўлса эскиси каби «қўпол» кўринмайди. Унинг вазни 85 граммни ташкил этади, корпуси қалинлиги эса 12,8 мм.гача ихчамлаштирилган.

«Змейка» ўйиниям бор!

Афсонавий Nokia 3310 ишлатганлар ундаги оддийгина, аммо қадрдон «Змейка» ўйинини ҳозир ҳам яхши эслашади. Қайта чиқарилган моделда ҳам шу номдаги ўйин бор, бироқ у оригиналига умуман ўхшамаслиги ҳафсалани пир қилади. Фақат бир жиҳати яхши – энди ўйин рангли тасвирда. Оригинал Nokia 3310 моделида 84х48 пикселли монохром экран бўлган бўлса, ремейкка 240х320 нуқта сиғимли 2,4 дюймли суюқ кристалли экран ўрнатилган.

Мустаҳкамлиги ҳали синалмаган

Nokia 3310 мустаҳкамлиги ҳақида афсоналар кўп – уни ўн еттинчи қаватдан тушириб юборишган, унитазда чўктиришган, деворларга уришган, тўп ўрнида тепиб футбол ўйнашган… Гарчи унинг ҳимоя стандартлари ҳақида ишлаб чиқарувчи томонидан бирорта ҳам баландпарвоз баёнот қилинмаган бўлса-да, гаджет бу синовларнинг барчасига мардона туриб дош берган!

Унинг «ўлмас»лиги сири, қисман, қурилманинг тузилишида эди. Кучли зарбаларда Nokia 3310 шунчаки учта қисмга бўлиниб қолар эди: батарея, орқа қопқоқ ва асосий танаси. Кейин эса уларни яна жой-жойига қўйиб, телефонни ёқиб, хотиржам ишлатавериш мумкин эди.

Хўш, янги 3310 ҳам шунақа синовларга бардошли эканми? Ҳозирча буниси ноаниқ, аммо бу девайснинг тузилиши ҳам худди аввалгиси каби. Буни яқин орада билиб олсак ҳам керак – қизиқувчан фойдаланувчилар янги девайс устида турлича «мустаҳкамлик тестлари» ўтказиб, видеоларини интернетга жойлашлари табиий. Бизни кузатиб борсангиз, бу борадаги янгиликлардан ҳам биринчилар қаторида хабардор бўласиз.

Янги 3310 суратга олади

2000 йили дунёга келган Nokia 3310 моделида, табиийки, камера деган нарсанинг ўзи йўқ эди. Монохром экранли телефонга камеранинг нима кераги бор ўзи? Ўша пайтдаги ўсмир-ёшлар учун энг катта бахт – компьютер клубидаги бир соатлик ўйин, янги рингтон ёки дисплейга қўйиладиган чиройли расм эди…

Янги Nokia 3310 эса 2 мегапикселли ҳақиқий камера билан жиҳозланган, яна ёруғлик-диодли чақноғи ҳам бор. Тўғри, бу билан мақтаниб бўлмайди, аммо шошилинчда бундайроқ суратлар олишга ярайди.

Иккита «симка», microUSB ва «флешка»

Табиийки, 2017 йилги «трубка» 2000 йилгисига нисбатан замонавийроқ бўлиши талаб этилади. «Қайта туғилган» Nokia 3310 ҳам батареяни қувватлаш учун айланасимон митти тирқишдан воз кечиб, замонавий microUSB билан жиҳозланган.

Бунинг устига, унга бирваракайига иккита SIM-карта қўйиш мумкин. телефоннинг 16 МБлик доимий хотирасини эса microSD ёрдамида кенгайтириш имконияти мавжуд.

Энди у «Made in China»

«Қадимги» Nokia 3310 моделини Финляндия ва бошқа Европа мамлакатларидаги малакали ишчиларнинг меҳнатсевар қўллари йиғар эди. Янгиси эса Хитойда ишлаб чиқариляпти. Тўғри, «Осмон ости салтанати»даги ишчилар ҳақида ёмон гапирмоқчи эмасмиз, аммо бу мамлакатда сифат тушунчаси ўта нисбий эканлиги ҳозирга келиб сир бўлмай қолган.

Дарвоқе, Nokia бренди остида уяли телефонлар, смартфон ва планшетлар ишлаб чиқариш борасидаги барча ҳуқуқлар энди HMD Global компаниясига тегишли. Тўғри, бу Финляндия компанияси ва унда қадимги Nokia’нинг кўпгина фахрийлари ҳам ишлашади. Аммо барибир бу – бизнесга бошқача назар билан қарайдиган янги ташкил этилган тузилма. Улар ишининг натижаларини эса вақт кўрсатади.

Ремейк 50 евро туради

«Қайта туғилган» Nokia 3310 савдога жорий йилнинг иккинчи чорагидан чиқарилиши режалаштирилган. Унинг нархи ҳам маълум – 49 евро. Хитойда ишлаб чиқарилган, худди шундай функцияларга эга бўлган кўплаб телефонлар бундан анча арзон туришини ҳисобга олсак, финлар бу моделга мижоз йиғиш учун анча тер тўкишларига тўғри келиши аниқ. Фойдаланувчиларнинг афсонавий, қадрдон брендга бўлган муҳаббатлари туфайлигина яхши савдодан умид қилиш қийин.

Майли, нима бўлганда ҳам, мазкур қурилма ҳақида фойдаланувчиларнинг фикрлари, видеолари ҳам чиқишини кутамиз. Бу борадаги янгиликларни дарҳол сизга етказишга ошиқамиз, биздан узоқлашманг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.