Nokia 3.4 ҳамда Nokia 2.4 тақдим этилди: NFC чипли арзон смартфонлар! (+видеолари)

  •   DiMaX
  •  1056
  •  23.09.2020 13:17

Nokia 3.4 ҳамда Nokia 2.4 тақдим этилди: NFC чипли арзон смартфонлар! (+видеолари)

HMD Global компанияси кеча – 22 сентябрь куни Nokia бренди остида иккита телефон намойиш қилди. Nokia 3.4 ҳамда Nokia 2.4 русумли мазкур қурилмалар арзон бўлса-да, ҳар иккаласиям NFC модули билан таъминланган.

ЎҚИНГ: Nokia учта моделда тугмачали 4G-телефон чиқаряпти: сунъий онгли, YouTube, WhatsApp ва Facebook’ли!

Nokia 2.4 модели томонлари ўзаро 20:9 нисбатли, диагоналига 6,5 дюймлик HD+ дисплейга эга. Унинг 5 мегапикселлик олд камераси экраннинг томчисимон кемтигига ўрнатилган. Смартфоннинг бош камераси 12 ва 2 мегапикселлик датчикларни ва фоточақноқни ўз ичига олади. Орқа панелда тиккасига жойланган камера модули остида бармоқ изи сканери бор.

Ушбу смартфоннинг самарадорлиги учун MediaTek Helio P22 процессори масъул. Nokia 2.4 тезкор хотираси 2 ва 3 гигабайтлик, доимий хотираси эса 32 ва 64 гигабайтлик вариантларда таклиф этилади. Унинг автономлигини 4500 мА/соатлик аккумулятор таъминлаб беради.

Қуйида Nokia 2.4 смартфонининг расмий видеосини томоша қиламиз:

Nokia 2.4 смартфони Android One дастури доирасига кирган бўлиб, Android 11 ва ҳатто Android 12 талқинигача янгиланиши кафолатланган. Бундан ташқари, HMD Global уни уч йилгача хавфсизлик патчлари билан таъминлаб туришга ваъда бермоқда.

ЎҚИНГ: Ушбу 38 та русумдаги Samsung смартфон ва планшетлари нақ Android 13’гача янгиланади!

Янги смартфонларнинг иккинчиси – Nokia 3.4 модели эса 6,39 дюймлик HD+ экранга эга. Селфи-камера учун унинг дисплейида кемтик эмас, балки тирқиш очилган ва 8 мегапикселлик датчик жойланган. Гаджетнинг бош камераси эса 13 + 5 + 2 мегапикселлик учта сенсор ва фоточақноқдан иборат. Доирасимон камера блогидан пастроқда дактилоскоп ўрнатилган.

Nokia 3.4 аппарат таъминоти асосини Snapdragon 460 процессори ташкил қилади. Ишлаб чиқарувчи бу моделини 3 ва 4 гигабайтлик тезкор хотирали вариантларда сотади. Аккумуляторининг ток сиғими 4000 мА/соатлик бўлган мазкур смартфонда ҳам «тоза» Android тизими қўлланган – тизим янгиланишлари, хавфсизлик патчлари ва бошқа апдейтлар борасида хавотирга ўрин йўқ.

Nokia 3.4 расмий видеоролигига ҳам назар соламиз:

Nokia 3.4 модели октябрнинг бошида 160 евро нархида (3/32 гигабайтлиги) сотувга чиқади. Унинг бошқа – нисбатан катта ҳажмли хотирага эга вариантлари кейинроқ чиқади. Nokia 2.4 эса шу ойнинг охиригача, 2/32 гигабайтлиги 120 евродан сотила бошлайди.

ЎҚИНГ: 95 долларлик Nokia C3 чиқди: Android 10 тизимли смартфон нақ 400 ГБ хотирани қўллаб-қувватлайди!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.