Nokia 4G алоқадан 1000 марта тезкор 5G’ни ваъда қилмоқда

Nokia 4G алоқадан 1000 марта тезкор 5G’ни ваъда қилмоқда

Ахборот технологиялари ишлаб чиқарувчилари алоқа хизматлари фойдаланувчиларига 2020 йилдан жаҳонда 5G алоқа тармоғидан фойдаланиш мумкин бўлишини айтишмоқда.

Nokia компанияси ҳам ўтган ҳафтада 5G алоқа тармоғига оид қарашлари ҳамда тажрибасини баён қилди.

Nokia’нинг 5G прогнозига кўра, 5G автомобилларнинг хавфсиз ҳаракатланиши, жарроҳликда симсиз бошқариладиган роботларнинг татбиқ қилиниши, саноат ривожланишида муҳим ўрин эгаллайди.

Мобиль ва кенг полосали интернет тармоқлари учун телекоммуникация қурилмаларини ишлаб чиқарувчи Nokia компанияси 5G тармоғини ривожлантирувчи йирик муассасалардан бирига айланишни ҳам режа қилмоқда.

Компания синовдан ўтказган 5G технология интернет тармоқлари орқали секундига 30 гигабит ҳажмдаги маълумотни алмашиш имконини берган. Яъни, бу 4G алоқа авлодидан 1000 маротаба тезкор алоқа дегани.

Бир муддат аввал ахборот-коммуникация технологиялари ва тармоқларини ишлаб чиқиш, тадқиқот ва илмий лойиҳаларни ташкил этиш соҳасида жаҳоннинг еткачи компанияси Cisco 2020 йилга келиб жаҳондаги мобиль алоқа фойдаланувчилари сони 5.5 миллиард нафарга етиши, яъни, Ер аҳолисининг 70 фоизи алоқа воситаларидан фойдаланиш имконига эга бўлишини айтган эди. Бу эса тезкор алоқага бўлган эҳтиёжни оширади.

5G тармоғида видеоалоқа сифати ҳам ошиб, 4K, яъни HD форматидан 4 маротаба яхши бўлган форматда суҳбатлашиш мумкин бўлади.

Ҳайдовчисисиз автомобилларни симсиз тармоқлар орқали бошқариш ҳисобга олинса, машина сенсорлари ва улар тўплаётган маълумотларни қайта ишлайдиган марказлар ўртасидаги алоқа тезкор ва сифатли бўлиши талаб этилади. Демак, ўз-ўзини бошқарувчи автомобиллар тақдири ҳам 5G’га боғлиқ.

Шунингдек, тиббиётда ёки бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларига роботехникаларни жалб қилишнинг муҳим шарти ҳам тезкор алоқа ҳисобланади.

“5G инсоният келажагининг автоматлаштирилган имкониятлардан иборат янги босқични бошлаб беради. Янги авлод алоқа тармоғи бизнес, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалар ривожида муҳим ўрин тутади,” дейди Nokia’нинг бош технологи Маркус Уэлдон.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!