Nokia 8.1 ҳам тақдим этилди: Nokia X7’нинг худди ўзи, фақат NFC-чипли ва... нақ 60 фоизга қиммат!
Ўзи ваъда қилганидек, HMD Global компанияси кеча – 5 декабрь куни Дубайда тақдимот маросимини ўтказди. Унда мазкур смартфонсознинг Nokia 8.1 модели расман намойиш этилди.
ЎҚИНГ: Ҳали тақдим этилмаган Nokia 8.1 сирларию суратлари фош бўлди
Кутилганидек, бу – Хитойда тақдим этилган Nokia X7 смартфонининг халқаро бозорга мўлжалланган версияси бўлиб чиқди. Ундаги ягона ўзгариш – контактсиз тўловларни амалга ошириш имконини берувчи NFC модулига эга эканлигидир.
Дарвоқе, яна бир фарқи – нархида: HMD Global бу девайс учун нақ 400 евро сўраяпти! Айтиш керакки, Nokia X7 смартфонининг бошланғич нархи 245 долларга тенг эди.
Хулласи калом, NFC-чипини айтмаса, Nokia 8.1 моделининг техник жиҳатлари ҳам Nokia X7 билан бир хил. Яъни, у Full HD+ форматидаги 6,18 дюймлик экранга ва Snapdragon 710 процессорига эга. Тезкор хотираси 4, доимийси эса 64 гигабайтлик; аккумуляторининг ток сиғими 3500 мА/соатга тенг ва у тезкор қувватлаш технологиясига эга.
Nokia 8.1 асосий камераси 13 ва 12 мегапикселлик датчикларга, селфи-камераси эса 20 мегапикселлик сенсорга эга. Смартфон «тоза», яъни ҳеч бир график қобиқсиз Android 9.0 тизими бошқаруви остида ишлайди. Корпуси 154,8х75,7х7,97 миллиметрлик, вазни эса 178 грамм келади. Дунё бозорига у уч хил тусдаги – кўк, жигарранг ва кул ранг корпусларда етказиб берилади.
Ўзбекистонда ҳам ушбу афсонавий бренднинг айрим телефонлари савдога қўйилган.