Nokia 8110: қадрдон "банан" бозорга қайтди

Nokia 8110: қадрдон

HMD Global компанияси 25 февралдан бошлаб Барселонада ўтаётган MWC 2018 анжумани доирасида ўзининг тақдимотини ўтказди. Унда Nokia 8 Sirocco флагмани билан бирга бизга яхши таниш бўлган Nokia 8110 моделини ҳам қайта тақдим қилинди. Бу галги модел 4G тармоғини ҳам қўллаб-қувватлайди. Бизга маълум бўлган "тугмача" клавишли телефон LTE тармоғида ишлаши билан ўзига хосдир.

Бу модел шунчаки оддий клавишли телефондан фарқ қилади. Ишлаб чиқарувчи Nokia 8110 4G'ни кўплаб илова ва функциялар билан "қуроллантирган". Натижада, мобил телефондан WhatsApp, Facebook ҳамда Twitter каби мессенжер ва ижтимоий тармоқларга ҳам кириш мумкин. Янги тизим - YunOS операцион тизими телефондан Google Search, Maps ва Assistant каби халқаро хизматлардан фойдаланиш имконини беради.

Nokia 8110 4G смартфонида 2,4 дюймли, рангли IPS-экран мавжуд, бу дисплейнинг пиксел сиғими QVGA. Телефонга Qualcomm Snapdragon 205 чипсети, ток сиғими 1 500 мА соат бўлган аккумулятор батареяси, аудио қулоқчинлар учун 3,5 мм.ли порт, 512 МБ катталикдаги оператив хотира, 4 гигабайт доимий хотира мавжуд.

Шунингдек, телефонда 2 та SIM-карта ҳамда 1 та флеш-хотира учун ҳам бўлмача бор.

Орқа панелдан 2 Мп аниқлигидаги бош камера ўрин олган.

Айтиб ўтганимиздек, Nokia 8110 4G телефони ёрдамида 4G тармоғида маълумот алмашиш мумкин.

Ишлаб чиқарувчининг эълон қилишича, Nokia 8110 4G қувватини тўлдириб, 4G тармоғида 9 соат беминнат ишлай олади. Бу қувват билан унда 48 соат мусиқа тинглаш мумкин.

Эркин режимда телефон 25 кун хизмат қилиш қобилиятига эга. Сариқ ва қора рангдаги корпусда ишлаб чиқариладиган Nokia 8110 4G телефони 2-3 ойдан сўнг 80 евро баҳосида сотувга чиқарилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!