Nokia 9 сирларини илк бор расмий манба фош этди

  •   DiMaX
  •  1290
  •  20.12.2017 13:12

Nokia 9 сирларини илк бор расмий манба фош этди

Мана бир йилдирки, Nokia 9 смартфони ҳақида гап-сўзлар, унинг рендер суратлари ва видеолари интернетда кезиб юрибди. Уни 2017 йилнинг кузида намойиш этилиши кутилаётган эди, аммо қандайдир сабабларга кўра HMD Global компанияси тақдимотни кечиктирмоқда. Анчадан буён бу смартфон ҳақида фақат миш-мишлар ва инсайдер хабарлари тарқалаётган бўлса, Nokia’нинг бўлажак флагмани хусусида кечагина расмий манба хабар берди.

ЎҚИНГ: Nokia 9: жиҳат ва нархи, қўш-объективда олинган илк суратлар

Маълум бўлишича, HMD Global компанияси АҚШнинг Алоқа бўйича федерал комиссияси (FCC)га янги мобил қурилмани рўйхатдан ўтказиш бўйича ариза топширган. Бу мажбурий жараён бўлиб, FCC рўйхатидан ўтмаган смартфонни АҚШ бозорида расман сотиш мумкин эмас.

Nokia 9 смартфонини сертификациядан ўтказган расмий манба тақдим этган маълумотларга қараганда, бу гаджет флагманларга хос техник хусусиятларга эга, аммо кўпчилик тасаввур қилаётганидек бақувват эмас экан.

ЎҚИНГ: Эксклюзив видео: Nokia 9 флагмани тайёр!

FCC маълумотларига кўра, Nokia 9 смартфони LG компаниясининг диагонали 5,5 дюймлик OLED-экрани билан жиҳозланган. Девайс 2,45 ГГц такт частотасига эга саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 835 базасида ишлайди. Флагманга Samsung компанияси томонидан ишлаб чиқарилган UFS 2.1 русумли флеш-хотира ўрнатилган, унинг ҳажми 128 ГБни ташкил этади. Смартфон замонавий USB Type-C порти, 5 мегапикселлик олд ва 13 мегапикселлик асосий камера билан жиҳозланган. Унинг 3250 мА/соат сиғимли аккумулятори Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологиясига эга.

ЎҚИНГ: Nokia 9’нинг барча тафсилотлари битта видеода: Galaxy Note 8 каби, фақат қизиқроқ

Шунингдек, Nokia 9 моделига бошиданоқ илғор Android 8.0 Oreo операцион тизими ўрнатиб чиқарилади. Гаджетда Snapdragon 835 процессорининг қўлланиши унинг 4G VoLTE, Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth 5.0 ва NFC модулларига эга бўлишини кафолатлайди. NFC туфайли Android Pay тўлов тизими орқали харидларни амалга оширишда тўлов қилиш учун мазкур смартфондан фойдаланиш мумкин.

Nokia 9 смартфонининг расмий тақдимоти келаси йилнинг январида, CES 2018 кўргазмаси доирасида амалга оширилиши кутилмоқда. Лекин HMD Global яна бир ярим ой сабр қилиб туриб, февралнинг охиридаги MWC 2018 тадбирида намойиш этиши ҳам мумкин. Унинг нархи ва оммавий савдога чиқарилиш вақти ҳақида эса ҳозирча фақат тахминий маълумотлар мавжуд.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, Nokia 9 ва Nokia 8 (2018) тақдимот санаси ҳамда нархлари маълум!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!