Nokia: «Азизим, дунёга бевақт келибмиз...»

  •   DiMaX
  •  1888
  •  06.05.2020 14:03

Nokia: «Азизим, дунёга бевақт келибмиз...»

Коронавирус пандемияси сабабли кўплаб ишлаб чиқарувчилар зарар кўраётгани аниқ, хусусан – смартфонсозлар. Айниқса, нисбатан яқинда Nokia бренди остида смартфонларни қайта чиқара бошлаган HMD Global компанияси...

ЎҚИНГ: Nokia 5.3 ва Nokia 1.3 тақдим этилди – «кризисга қарши» смартфонлар! (+видеолар)

Counterpoint Research таҳлил компанияси маълумотларига кўра, сўнгги етти йил ичида илк бора мана шу йилнинг биринчи чорагида дунё бўйлаб 300 миллионтадан кам смартфон сотилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 13 фоизга пастдир. Энг йирик смартфон бозорларидан бири бўлмиш Хитойда эса аҳвол янада чатоқ – пасайиш 27 фоизга етган!

Ушбу даврда энг йирик ўсиш Realme брендида кузатилган – 157 фоиз! Бошқа брендларда эса ё юксалиш кам, ё умуман пасайиш бор. Йилнинг илк чорагида Samsung компанияси энг кўп смартфон сотган, иккинчи ўринда эса Huawei ва унинг Honor бренди келяпти. Кучли учликни якунлаётган Apple смартфонлари савдоси эса донабай ҳисобда 5 фоизга, даромад жиҳатидан эса 7 фоизга пасайган. Xiaomi компанияси савдолари 7 фоизга ошган – бунда унинг Ҳиндистон смартфон бозорида 30 фоизлик улушини сақлаб тургани эътиборли.

ЎҚИНГ: 1000 долларлик Galaxy S20+’ни мағлуб этган, ўзи атиги 200 долларлик смартфонни биласизми? («Жонли» тест видеоси)

2020 йилнинг биринчи чорагида сотилган жами смартфонларнинг 8 фоизи 5G тармоғини қўллаб-қувватловчи моделлардир. Ўтган йилнинг сўнгги чорагида бу кўрсаткич атиги 1 фоиз бўлганини ҳисобга олсак, 5G-смартфонлар келажаги порлоқ.

Якунига етган кварталда мобил қурилмалар бозорида HMD Global компаниясидан омад юз ўгирди. Nokia бренди остидаги тугмачали телефонлар савдоси бир йилда 34 фоизга пасайиб, атиги 8,6 миллион донагача тушган. Nokia смартфонларининг савдоси эса 2019 йилнинг иккинчи чорагидан буён пасайиб келмоқда. Аммо бу йилнинг биринчи кварталида компания тарихида энг йирик – нақ 45 фоизлик пасайиш бўлди!

Бу ерда гап фақат коронавирусда эмаслиги аниқ, аммо барибир HMD Global раҳбарияти Nokia брендини бевақт жонлантирган-ов...

ЎҚИНГ: Сиз кутган функция қайси Android-смартфонларга қайтяпти – Google аниқлик киритди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!