Nokia экрани 7 дюймлик арзон смартфон тайёрлади

  •   DiMaX
  •  1162
  •  25.07.2020 15:34

Nokia экрани 7 дюймлик арзон смартфон тайёрлади

HMD Global компанияси Nokia бренди остида навбатдаги смартфонни ишлаб чиқди. TENAA сайтидаги сертификация туфайли бу модел ҳақдаги маълумотлар ва сурати маълум бўлди.

ЎҚИНГ: Nokia атиги 70 доллардан бошланувчи иккита смартфон тақдим этди

Янги смартфоннинг техник номи Nokia TA-1258 бўлиб, бозорга қандай модел сифатида тақдим этилиши ҳозирча номаълум. Маълум бўлган жиҳатларига эса қуйида тўхталиб ўтамиз.

Мазкур смартфон экранининг ўлчами диагоналига 6,99 дюймлик бўлиб, томонлари ўзаро 18:9 нисбатда. Дисплей резолюцияси Full HD+ форматида (1440х720 пикселлик). Процессор маркаси айтилмаган, лекин унинг 8 ядроли эканлиги ва 1,6 ГГц такт частотаси билан ишлаши маълум. Шунга ва тезкор/доимий хотира ҳажми 2/32 гигабайтлик эканига қараганда, бу смартфон паст нархга эга бўлади.

ЎҚИНГ: Афсонавий Nokia 3250 эсингиздами? Vivo эса шунақа форм-факторли смартфон патентлади!

Nokia янги смартфонида Android 10 талқинидаги операцион тизим қўлланади (эҳтимол, бу заиф қурилмаларга мосланган Android Go версияси бўлар). Смартфон иккита SIM-карта слотига эга ва тўртинчи авлод уяли алоқа – LTE стандартида ишлай олади.

Аккумуляторининг ток сиғими 3040 мА/соатлик бўлиб, тезкор қувватлана олади. Олд камера 5 мегапикселлик аниқликка эга; 8 мегапикселлик бош камера эса икки карралик оптик зумни қўллаб-қувватлайди. Асосий камера остида бармоқ изи сканери жойлашган.

Қурилманинг корпуси 159,6х77х8,5 миллиметрлик ўлчамда бўлиб, Хитойда уни Nordic Blue ҳамда Sand Gold рангларда сотишади. Nokia C туркумидаги арзон смартфонлардан бўлиши тахмин қилинаётган ушбу девайснинг тақдимот ва бозорга чиқиш вақтлари ҳозирча номаълум.

ЎҚИНГ: Энг қизиб кетувчи ва энг қизимайдиган смартфонлар (Master Lu рейтинги, 2020 йил 2-чорак)