Nokia G10 – афсонавий бренднинг биринчи ўйинбоп смартфони!

  •   DiMaX
  •  866
  •  09.03.2021 11:28

Nokia G10 – афсонавий бренднинг биринчи ўйинбоп смартфони!

Хабарингиз борки, HMD Global компанияси Nokia брендини сотиб олгач, бир қатор смартфонлар ва тугмачали телефонлар тақдим этиб келмоқда. Ўтган ойда у қуввати 27 кунга етувчи, WhatsApp, Facebook, YouTube ва Google Assistant кабилар ўзида мавжуд бўлган Nokia 6300 4G моделини сотувга чиқарган.

ЎҚИНГ: Тугмачали телефонлар бозори: Nokia иккинчи ўринда, унда етакчи ким?

Турли манбалардан сизиб чиққан маълумотларга кўра, хитойлик компания геймерлар учун ушбу бренд остида Nokia G10 русумли смартфон тайёрлаган. Янги қурилма аллақачон бир неча ташкилотда, шу жумладан Евроосиё иқтисодий комиссиясида (Eurasian Economic Commission, EEC), Таиландда ҳамда TÜV Rheinlan’да сертификациядан ўтган.

Кутилаётган геймерофоннинг айрим техник хусусиятлари ҳам маълум: 6,4 дюймлик дисплей, саккиз ядроли (модели аниқ эмас), камида 4 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотира, microSD слоти. Nokia G10 квадрокамерасида асосий сенсор 48 мегапикселлик датчик бўлиши ҳам маълум, лекин тақдимот вақти ҳақида бирор маълумот йўқ.

Дарвоқе, Nokia ҳали 2003 йилиёқ телефон ва ўйин консоли функцияларини ўзида жамлаган N-Gage номли антиқа гаджет чиқарган (юқоридаги фотосуратда). Бироқ ушбу қурилма геймерфонлар эрасини бошлаб бера олмади. Сабаби – компания ўз маҳсулотининг айнан ўйин учун мосланганлигини етарлича тарғиб қила олмаган. Натижада кўплаб мижозлар бу девайс – шунчаки ўта хунук ва ноқулай телефон, деган фикрга борганлар. N-Gage’нинг муваффақиятсизлиги узоқ йиллар давомида ўйин телефонлари/смартфонларининг яратилишига соя солиб турган.

ЎҚИНГ: Ўйин смартфонларининг келажаги порлоқми?