Nokia нақ Android 14’гача янгиланувчи «ўлмас» 5G-смартфон чиқарди!

  •   DiMaX
  •  881
  •  27.07.2021 11:30

Nokia нақ Android 14’гача янгиланувчи «ўлмас» 5G-смартфон чиқарди!

Биз аввалроқ қайси смартфонлар «яшил роботчали» операцион тизимнинг нақ Android 14 талқинигача янгиланиши ҳақида маълумот чиқарган эдик. Улар сафига яна бир модел қўшилди – HMD Global компанияси Nokia XR20 русумли янги қурилмасини тақдим этди.

ЎҚИНГ: Ушбу 38 та русумдаги Samsung смартфон ва планшетлари нақ Android 13’гача янгиланади!

Мазкур янги смартфоннинг асосий афзаллиги – корпусининг мустаҳкам ҳимояга эга эканлигидир: у АҚШнинг MIL-STD810H ҳарбий стандарти талабларига жавоб беради. Шунинг эвазига Nokia XR20 модели 1,8 метрлик баландликдан тушиб кетса ҳам шикастланмайди, дейишмоқда. Сув ва чангдан уни IP68 даражасида муҳофаза қилишган, экрани юзасига Gorilla Glass Victus ҳимоя шишаси ётқизилган.

Nokia XR20 смартфонининг техник хусусиятлари ўртача, аммо у бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватлайди. HMD Global бунинг учун уни Qualcomm Snapdragon 480 5G процессори базасида тайёрлаган.

Девайснинг IPS матрицали экрани ўлчами – диагоналига 6,67 дюйм, тасвир узатиши эса Full HD+ форматида. Nokia XR20 олд камераси дисплейнинг тирқишига ўрнатилган ва 8 мегапикселлик якка датчикдан иборат. Бош камераси эса қўшалоқ – унинг жамланмасига 48 ва 13 мегапикселлик сенсорлардан ташқари, бир жуфт LED-чироқ ҳам кирган.

ЎҚИНГ: Ulefone Power Armor 13 – рекорд аккумуляторли «ўлдириб бўлмас» смартфон! (+видео)

Nokia XR20 моделининг хусусиятлари қаторига яна стереодинамикларни ҳамда корпуснинг ён қиррасидаги бармоқ изи сканерини киритиш мумкин. Қўшимча клавишни эса исталган бир иловани тезкорликда ишга тушириш учун тайинлаб қўйса бўлади.

HMD Global ушбу маҳсулотини 4630 мА/соатлик аккумулятор билан таъминлаган. Смартфон симли усулда 18 ваттлик, смсиз усулда эса 15 ваттлик тезкор қувватлана олади. Nokia XR20 қадоқданоқ Android 11 операцион тизими билан тақдим этилган, ишлаб чиқарувчи уни яна учта йирик Android янгиланиши ҳамда тўрт йил давомида хавфсизлик патчлари билан таъминлаб боришни ваъда қилмоқда.

Nokia XR20 тезкор/ички хотира ҳажмига кўра 6/128 гигабайтлик биттагина вариантда тақдим этилган ва microSD-карта уячаси ҳам бор. HMD Global уни 24 августдан, 550 долларлик нархда сота бошлайди. Харидорлар бу смартфонни Ultra Blue ёки Granite Grey рангли корпусда олишлари мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Nokia брендининг Android’сиз флагманлари: 6000 мАс батарея ва 200 МПлик камера!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!