Nokia’нинг 15 та афсонавий мобиль телефонлари

Nokia’нинг 15 та афсонавий мобиль телефонлари

 

Финляндиянинг Nokia компанияси — телекоммуникация ускунлари ва дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси, эҳтимол ўтмишнинг энг афсонавий ва машҳур мобиль телефон ҳамда смартфон ишлаб чиқарувчиси. Компания 2011 йилга қадар смартфон ва мобиль қурилмалар сотиш бўйича халқаро бозорда етакчилик қилган.

Фаолияти давомида компания 20 тага яқин мобиль қурилмаларни ишлаб чиқарган.  Сўнгги йилларда Windows Phone операцион тизими туфайли компанияга тегишли Symbian тизимидан воз кечилди. Айни пайтда Nokia бренди остида мобиль телефон ва смартфонлар ишлаб чиқариш ҳуқуқи Microsoft компаниясига тегишли. Nokia бренди остида Android тизимида ишлайдиган илк планшет тақдим этилган айни пайтда биз унинг энг оммалашган телефонлари тўғрисида маълумот бермоқчимиз.

1

Nokia 8110

Nokia 8110 мобиль телефони ҳаракатланувчи ва олд панелдаги тугмаларни ёпувчи устки қопқоқ-слайдерга эга ўзига хос имиждаги модель бўлган. Унинг корпусининг том ва қуйи қисми бирмунча букик шаклда бўлган. Шу сабабли ҳам халқ тилида унга “банан” деб ном қўйилган. Nokia 8110 гарчи, 1997 йилда тақдим қилинган бўлса ҳам, 1999 йилда Голливуднинг «Матрица» фильмида унинг слайдери махсус тугмани босгач автоматик ҳаракатланадиган талқини намойиш этилганидан сўнг оммалашиб кетади. Аммо, бу талқиндаги телефон чекланган миқдорда ишлаб чиқарилган ва тезда сотилган.

Нокиа 8110 ягона диапазонли мобиль телефон бўлиб, алоқанинг GSM 900 тармоғида фаолият кўрсатган. Унда SMS-хабар ҳам алмашиш мумкин бўлган. Унинг монохром экранига 4х13 белги сиққан. Унинг ўлчамлари: 141x48x25 мм бўлиб, 152 грамм тош босган. Стандарт талқинда аккумулятор сиғими — 400 мА соат, махсус талқинда — 900 мА соат бўлган.

2

Nokia 3310

Навбатдаги “ғишт телефон”ни танимайдиган, қўлига олмаган одам бўлмаса керак. Ўша йилларда жаҳонда у кириб бормаган хонадон кам эди. Бу — афсонавий ва ўлмас Nokia 3310! Ҳа, ўша — бир вақтлар энг кўп сотилган телефон.

2000-йилнинг тўртинчи чорагида тақдим этилган телефон аппарати жаҳон бўйлаб 126 миллион дона сотилган. Жаҳонда бошқа бирор оддий телефон модели бу қадар кўп сотилган эмас.

3310 — 2 диапазонли мобиль телефон бўлиб, алоқанинг GSM 900 ҳамда 1800 тармоқларида ишлаган. Қурилма функциональ жиҳатдан бирор ўзига хосликка эга бўлмаган: 5 ёзув қаторга эга ва графикани қўллаб-қувватлайдиган монохром дисплей, монофоник мусиқа имконияти ва 8 та кириш ҳамда 8 та чиқиш қўнғироқлари намоён бўладиган қўнғироқлар журнали.

Nokia 3310 телефонида SMS-хабар алмашиш, 4 та ўйин, жумладан таниқли “Snake” ўйинини ўйнаш мумкин бўлган. Кўпчилик одамлар бу тарихий телефонни оила музейида сақлаб қўйганлар. Уни 90-йилларнинг технологиялари савдоси билан шуғулланадиган Лекки платформаси орқали ҳануз харид қилишмоқда.

3

Nokia 8310

Ўз даврининг яна бир “чемпион” телефон аппарати — 8000-туркуми вакили 8310 алоқа воситаси бўлган. 2001 йилнинг сўнггида тақдим қилиниб, кўп ўтмасдан жаҳоннинг барча минтақасида қиммат нархда сотувга чиқарилган. У ўзининг ихчам ўлчами ҳамда бошқа телефонлар ҳавас қиладиган бир қатор илғор функциялари билан мақтанишга ҳақли бўлган. Телефон симсиз маълумот алмашиш мумкин бўлган инфрақизил порт ҳамда  FM-тюнер билан таъминланган, GPRS (мобиль алоқа орқали маълумот алмашиш) ҳамда WAP (мобиль телефон орқали интернетга уланиш) хизматларини қўллаб-қувватлаган.

8310 алоқа воситасида 5 ёзув қаторига эга монохром экрандан фойдаланилган. Унинг панелларини ҳам алмаштириш мумкин бўлган. Телефон 9 хил рангда ишлаб чиқарилган. Унинг Li-Ion аккумулятори 750 мА соат электр токи сиғимли бўлган. Бу қувват оддий режимда қурилманинг 100 дан 400 соатгача ишлашини, тинмасдан эса 4 соатлик суҳбатни таъминлаган.

4

Nokia 6310

Nokia 6310 — бизнес-туркумидаги телефонлар вакили бўлиб, Nokia уни жуда оммалашиб кетган 6210 телефонининг ўрнига бозорга туширади. У  Bluetooth (Nokia қурилмалари орасида биринчиси) технологиясига эга жаҳоннинг илк телефонларидан бўлган. 2001 йилда тақдим этилган телефон 2002 йилдан сотувга чиқарилган.

Ўз “аждодлари”га қараганда ихчамроқ ва енгилроқ бўлган Nokia 6310 аппаратининг дизайни мухлисларга маъқул келган аввалги телефонларникидан фарқ қилмайди.

Шу билан бирга, мобиль телефонда Bluetooth,  GPRS, WAP, инфрақизил порт технологияларининг мавжудлиги ҳам айни муддао бўлган.

Телефон 6 та ёзув қаторига эга,  96х65 сиғимли  монохром дисплей, оддий режимда 18 соат ҳамда 5 соатгача мулоқотга етадиган 1100 мА соат сиғимли литий-полимер туридаги аккумулятор билан таъминланган бўлган. Бу аккумулятор ўша кезларда жаҳоннинг энг илғор мобиль қувват тоши бўлган. Шунингдек, телефон ўзининг “акаси” бўлган 6210 аппаратининг аккумулятори билан ҳам ишлай олган.

5

Nokia 8910

2002 йилда мобиль телефон ишқибозлари диққатига ҳавола этилган, ўзига хос имижга эга Nokia 8910 жаҳониннг илк серияли мобиль телефони бўлди. Унинг корпуси титан – кумушранг металлидан тайёрланиб, кумуш ва қора ранг талқинларда сотувга чиқди. Шу боисдан унинг нарх-навоси ҳам анча баланд бўлди. Унинг яна бир ўзига хос жиҳати конструкцияси бўлди: корпуснинг ён қисмларида иккита овоз бошқаруви тугмалари ўрнатилган. Мобиль телефонда 4 та ёзув қаторини сиғдира олган, экраности ёритиш тизимига эга монохром экран мавжуд. Маълумотлар узатиш учун Bluetooth, IrDA, GPRS технологияларидан фойдаланиш мумкин бўлган. Ундан кейин унинг такомиллашган, рангли экранга эга 8910i талқини намойиш этилди.

6

Nokia 7650

Навбатдаги аппарат — Nokia 7650, компаниянинг Symbian OS операцион тизими ҳамда камерага эга илк смартфон.  Бунга қадар 9210 телефони тақдим этилган бўлиб, у тузилишидан клавиатурали китобчани эслатар, хотира картаси учун бўлмачага эга эди. 7650 смартфонининг корпуси слайдер кўринишида эди. Унинг 2.1 дюймди рангли, пиксель сиғими 208х176 пиксель бўлган экрани 4096 хилдаги рангни ўзида акс эттира олган.

Смартфон Symbian OS v6.1 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатган. У SMS, MMS, Email, WAP 1.2.1 ва xHTML хизматларини қўллаб-қувватлаган. Маълумотлар алмашиш учун эса мобиль воситада GPRS, Bluetooth1.1 ҳамда IrDA технологиялари татбиқ этилган. Унинг доимий ички хотирасининг сиғими 4 МБ бўлган. Nokia 7650 камераси 640х480 сиғимли суратлар олган.

7

Nokia 5140

Nokia дунёда биринчилардан бўлиб сув бўйида дам олишни хуш кўрувчилар учун ташқи таъсирлардан ҳимояланган мобиль телефонларни ишлаб чиқара бошлаган. Бу жиҳатга эга илк телефон бўлган Nokia 5140 модели 2003 йилда намойиш қилинган ва 2004 йилдан сотувга чиқарилган. Яна бир нисбатан замонавий ҳимоя тизимига эга Siemens M65 телефонига ашаддий рақиб бўлган Nokia 5140’нинг корпуси каучук платигидан тайёрланган ва унинг барча порт ва коннекторлари корпусга сув ўтказмайдиган махсус тиқин билан ҳимояланган бўлган.

Тўғри, бу ҳимоя уни юқоридан асфальтга қулаш ёки сувга тушиб кетганда муқаррар ҳалокатдан сақлаб қола олмаган, бироқ у кичик масофадан қулаш, ёмғир ва сув сачрашига бардошли. Шу билан бирга, унда фонарнинг мавжудлиги аппаратнинг яна бир ўзига хослиги бўлган.

Мобиль телефон 28х128 пиксель сиғимли рангли, CSTN-экранига эга бўлиб, унда 4096 хилдаги ранг акс этган. Қурилма GPRS, EDGE, инфрақизил порт технологияларини қўллаб-қувватлаган, Bluetooth технологиясидан эса маҳрум эди. Шунингдек, унда  VGA-камера ва FM-тюнер ўрнатилган.

8

Nokia 9500 Communicator

Symbian-смартфонлари туркумидан жой олган Nokia 9500 Communicator телефони китобча шаклида бўлиб, унинг ички ва ташқи экранлари бўлган. Ички клавиатура ва экран янада кенг ва сиғимдор бўлган. Хусусан, QWERTY-клавиатурада барча лотин ҳарфлари алоҳида тугмачада ўрин эгаллаган. Nokia 9500 телефони 2004 йилда тақдим этилган. Смартфон 4.5-дюймли бўлиб, сенсор технологиясининг боши бўлган 640х200 пиксель сиғимли ва рангли TFT-экран билан таъминланган.  Унинг оғирлиги 204 грамм бўлган.

Аппарат компаниянинг Symbian OS v7.0s операцион тизимида фаолият кўрсатган. Унинг коммуникация жиҳатлари Wi-Fi 802.11b, Bluetooth 1.1 ҳамда IrDA симсиз алоқа тармоқларига уланиш имкониятини берган. Шу билан бирга, телефон аппаратида MMC хотира картаси ва видео суратга оладиган VGA-камера ҳам мавжуд бўлган.

9

Nokia 6230

Nokia 6230 — Nokia’нинг бизнес соҳаси вакиллари учун ишлаб чиқарган ва жуда оммалашган телефони. MMC стандартидаги алмаштириш мумкин бўлган хотира карталарини ўқий оладиган илк мобиль телефонлар сирасига кирган ва 32 МБ маълумот сиғимига эга бўлган. Уни 2004 йилдан бошлаб сотиб олиш мумкин бўлган. Мобиль алоқа воситаси 1.5 дюймли, 128х128 белги сиғими, 5 ёзув қатори, TFT-экран билан таъминланган. Телефонда Bluetooth 1.1, IrDA модуллари, 640х480 сиғимли сурат оладиган ва видео тасвирга оладиган камера мавжуд. Унга MP3 форматидаги мусиқа юклаб олиш мумкин бўлган. Шунингдек, унда FM-тюнер ҳам ўрнатилган.

10

Nokia 8800

Nokia телефонларининг ўзига хос имижи, яъни слайдерга эга яна бир мобиль телефон — Nokia 8800’нинг илк партияси 2005 йилда сотувга чиқарилган. Унинг экрани пишиқ шишадан тайёрланган ҳимоя қатламига эга бўлгани смартфон саноатида муҳим янгилик бўлди. Унинг ташқи кўриниши ва шиша ҳимоясидан бошқа ўзига хосликлари кўзга ташланмайди. Дастлабки талқин 1.7 дюймли, 208х208 сиғимли TFT-дисплейга эга бўлган.  Телефонда Bluetooth 1.2 модули, FM-тюнер ва 800х600 пиксель сиғимли с SVGA туридаги камера ўрнатилган.

Ҳатто ҳозир ҳам Nokia 8800’нинг замонавий талқинларидан фойдаланиб келаётган одамлар сони кам эмас. Унинг бугунги версияларида  материал корпуси яхшиланиб, экран катталашган, камера имкониятлари оширилган, хотира сиғими кенгайтирилган.

11

Nokia N91

Nokia N91 смартфони — қаттиқ диск ўрнатилган ноёб мобиль телефонлар сирасига кирган. Унга ўрнатилган Hitachi Microdrive туридаги қаттиқ дискнинг маълумот сиғими 4 ёки 8 ГБ (Music Edition талқиниди 8 ГБ) бўлиб, бу жиҳати уни смартфон саноатининг энг яхши мультимедиа ечими татбиқ этилган гаджет сифатида бозордаги ўрнини мустаҳкамлайди. Nokia N91 корпуси зангламайдиган пўлатдан тайёрланган ва кумуш ҳамда қора талқинда ишлаб чиқарилган. Унинг слайдерининг ташқи томонига мусиқа  ёки видеони бошқариш мумкин бўлган механик тугмача ўрнатилган. Смартфонда 2.1 дюймли, 208х176 пиксель сиғимли TFT-экран ўрнатилган бўлиб, қурилма Symbian OS v9.1 операцион тизимининг Series 60 UI 3rd Edition талқинида фаолият кўрсатган.

Nokia N91 мобиль алоқа воситасида Wi-Fi 802.11b/g, Bluetooth 1.2 модуллари, 1600х1200 сиғимли сурат оладиган, видео тасвирга оладиган 2 мегапикселли камера, 8 ГБ талқинида A2DP технологияси жорий қилинган.

12

Nokia 3250

Symbian туркумига кирувчи навбатдаги Nokia 3250 смартфони оммавий реклама ҳамда тарғибот эвазига ёшлар аудиторияси ўртасида оммалашиб кетади. У смартфон бозорида нисбатан арзон ва юқори мультимедиа имкониятларига эга, хотира картасини ўқийдиган, клавиатура блоки 180° градусга бурила оладиган ўзига хос имиждаги телефон сифатида ўз ўрнига эга бўлди. Унинг клавиатурасининг орқа томонидан плеерни бошқариш мумкин бўлган меню тугмалари ўрин эгаллаган эди.

Бу орқа-олдинга бурила оладиган корпус блогидан камера ҳам ўрин олган эди. Плеер менюсидаги Play кнопкаси съёмка жараёнида суратга ҳам олиш мумкин бўлган. Унинг камера сиғими 2 мегапикселли бўлган. Телефон Symbian OS v9.1 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатган. Унинг 2.1 дюймли дисплейи TFT технологисидаги 208х176 сиғимли экранга эга бўлган.

13

Nokia N93

Nokia N93 — корпуси қўш раскладушкали панеллардан иборат смартфон. Унинг экран қисмидан турли ёққа бураш мумкин бўлган камера сифатида ҳам фойдаланиш мумкин бўлган. Съёмка вақтида экрандан манзарани кўриш мумкин бўлган визор сифатида ҳам фойдаланиш мумкин бўлган.

Камера объективи смартфон корпусининг юқорисидан ўрин олган бўлиб, камера модули Carl Zeiss компаниясида ишлаб чиқарилган ва 3 карра оптик яқинлаштириш функциясига эга бўлган. Яна бир муҳим жиҳати – камера светодиодли фоточақноқ билан таъминланган бўлган. Камера 3.15 мегапикселли бўлиб, максималь 2048×1536 сиғимли сурат, 640х480 сиғимли видео тасвирга олган. Камера сониясига 30 та кадр олган.

Смартфонда 2.4 дюймли, 320х240 сиғимли экран татбиқ этилган. Nokia N93 телефонида Wi-Fi 802.11 b/g, Bluetooth 2.0. модуллари мавжуд. Смартфон Symbian OS 9.1 операцион тизимида фаолият кўрсатган. Ундаги 3D-акселератор технологияси уч ўлчамли ўйинларни ўйнашга шароит яратган.

14

Nokia N95

Яна бир оммалашган ва функцияларга бой бўлган Nokia мобиль алоқа воситаси бўлмиш N95 Symbian-смартфони 2007 йилда тақдим этилган. Унинг корпуси ҳам 2 панелли, слайдер шаклида тайёрланган: қуйида — клавиатура, юқорида — плеерни бошқариш тугмалари мавжуд. Смартфон 2.6 дюймли, 320х240 пиксель сиғимли экранга,  MicroSD қўшимча хотирани ўқиш бўлмачаси,  UPnP технологиясидаги Wi-Fi 802.11 b/g, A2DP технологиясидаги Bluetooth 2.0 модуллари, Nokia Maps навигация тизимига эга бўлган. Камера модули ҳам мақтанишга арзигулик бўлиб, 5 мегапикселли матрица билан таъминланган. У Carl Zeiss модули ва фоточақноққа эга бўлган. Ва, ниҳоят у видео қўнғироқларни амалга оширишга мўлжалланган олд камерага ҳам эга бўлган. Смартфон Symbian OS 9.2 операцион тизимида фаолият кўрсатган. Кўп ўтмасдан унинг 8 ГБ хотирага эга талқини ҳам тақдим этилган.

15

Nokia E71

“E” туркумига кирувчи бизнес-фонларни ҳам айтиб ўтиш жоиз. Улар орасида энг машҳури Nokia E71 йирик ва металл корпусли, QWERTY-клавиатурали бўлиб, унда бизнес соҳаси ёки бошқа соҳа вакиллари зарур маҳалда матн, хабар ва электрон хатларни катта қулайлик билан теришган. Мазкур смартфон 2008 йилда тақдим этилган. У E61 телефон аппаратининг меросхўри бўлган. Nokia E71 ўз “аждоди”га нисбатан анча ихчам ва қулай корпусга эга бўлган. “Ақлли” телефон Symbian S60 3rd Edition платформасидаги Symbian OS v9.2 операцион тизимида фаолият кўрсатган. Feature Pack 1 прошивкаси билан таъминланган гаджет 3G алоқа тармоғини қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, унда  A2DP технологиясидаги Wi-Fi 802.11 b/g, Bluetooth 2.0 модуллари, инфрақизил порт ва  навигация функциялари мавжуд. Унинг камераси 3.2 мегапикселли бўлган ва қурилма MicroSD хотира картасини қўллаб-қувватлаган. Nokia E71 2.36 дюйм ва 320х240 пиксель сиғимли экранга эга бўлган.

Brain-маълумот: Компании тарихи 1865 йилда тоғ-кон муҳандиси Фредерик Идестам Финляндияда кичкина қоғоз фабрикасига асос солишидан бошланган. Компанияга 1871 йилда Nokia Ab. деб ном берилади.

1980-йилларда компания кенг миқёсида электроника воситалари ишлаб чиқара бошлайди. 1987 компаниянинг асосий бизнесини маиший техника воситалари савдоси ташкил қилган. Бу бренд Европадаги телевизор ишлаб чиқарувчи энг оммалашган компания бўлган. Компания номи “Nokianvirta” дарёси номидан олинган бўлиб, бу финнча “nois” (кўпликда “nokia”), яъни қора сувсар дегани.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!