Nokia PureBook X14 – юпқа алюминий-магний корпусли ва 1220 долларлик ноутбук!

  •   DiMaX
  •  479
  •  14.12.2020 11:37

Nokia PureBook X14 – юпқа алюминий-магний корпусли ва 1220 долларлик ноутбук!

«Қайта тирилган» Nokia брендли смартфонларни энди финлар ёки Microsoft эмас, балки HMD Global компанияси ишлаб чиқараётганидан хабарингиз бор. Ушбу номдаги ақлли телевизорларни бўлса умуман бошқа – Flipkart компанияси тақдим этиб келмоқда.

ЎҚИНГ: Тугмачали телефонлар бозори: Nokia иккинчи ўринда, унда етакчи ким?

Яқинда биз Nokia бренди остида энди ноутбук ёки планшетлар ҳам чиқаётгани ҳақида ёзгандик. Flipkart компанияси унинг лаптоп эканлигини, номини ва айрим техник хусусиятларини ошкор этди.

Ушбу ноутбук Nokia PureBook X14 деб номланган бўлиб, ўнинчи авлод Core i5 процессори (модели ҳозирча номаълум) базасида ишлайди. Номидан ҳам кўриниб турганидек, унинг экрани диагоналига 14 дюймлик ўлчамда ва Full HD форматида тасвир узата олади. Компания мазкур гаджетини 8 гигабайтлик тезкор хотира ҳамда 512 гигабайтлик SSD-сақлагич билан таъминламоқда.

Ишлаб чиқарувчи лаптопнинг корпуси тоза дизайнга эга ва енгил эканлигини таъкидламоқда: унинг вазни атиги 1,1 килограмм, қалинлиги эса бор-йўғи 16,8 миллиметр келади. Бунга эришиш учун компания корпус материалида алюминий ҳамда магний қотишмасидан фойдаланган. Шунингдек, дисплейнинг ён ромлари 4,8 миллиметрлик эканлигини ҳам айтиб ўтиш ўринли.

ЎҚИНГ: Компьютер қотиб қолганда қайси тугмаларни босиш керак?

Булардан ташқари, Nokia PureBook X14 иккита USB 3, биттадан USB 2.0, USB-C, HDMI ҳамда RJ45 портлари билан жиҳозланганки, юпқа корпусда бунчалик кўп интерфейсларни ўрнатиш – кам учрайдиган ҳолат. Шунингдек, ноутбук Wi-Fi 5 ҳамда Bluetooth 5.0 адаптерлари билан ҳам таъминланган.

Flipkart ҳозирча бу лаптопнинг расмий намойиш санасини маълум қилмаяпти, лекин манбалар унинг нархи тахминан 1220 долларга тенг бўлишини айтишмоқда.

ЎҚИНГ: Эксперт маслаҳати: ишлаётган ноутбукни қаерга қўйиш хавфли?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!