Nokia X6 "Малика"даги энг яхши ҳамёнбопнинг кушандаси

Nokia X6

Nokia X6 — кўринишданоқ дидни қитиқлайдиган муносиб ўрта нархли смартфон.

Бир қарашда қимматбаҳо Huawei P20 моделини эслатиб юборадиган девайс 5.8 дюймли Full HD+ сиғимли ва томонлари нисбати 19:9 ўлчамли, 2280×1080 пикселли экран билан таъмин қилинган. Экран Corning Gorilla Glass 3 ҳимоя шишаси билан қоплаб олинган бўлса, орқа томон шишадор ҳамда металл синчлар олд ва орқа панелларни маҳкамлаб турибди.

Redmi Note 5 эса 18:9 нисбатли, 5.99 дюймли ҳамда FHD+ сиғимли экранга эга бўлган. Бу борада имкониятлар бир хил.

Гарчи бу модел кўринишидан ҳашамдор флагманларни эслатиб юборса ҳам, нархига кўра бу девайснинг жиҳатлари ҳам ўртамиёна. Корпус ичида ўртача имкониятли 8 ядроли Snapdragon 636 процессори, 6 гигабайтли тезкор ҳамда 64 гигабайтли доимий хотира учун жой ажратилган. Маълумот ҳажми кўп бўладиган бўлса, microSD орқали хотирани катталаштириш мумкин. Бунинг учун SIM карта бўлмачаларидан бирини "фидо қилиш" керак бўлади.

Redmi Note 5 учун 2.0 Ггц частота тезлигида ишлайдиган 64 битли ва 8 ядроли Snapdragon 625 чипсети, 3/4 Гб тезкор ва 32/64 ГБ доимий хотира ўрнатилган. Яъни, самарадорлиги рақибиникидан бир оз паст.

Суратга олиш учун эса орқа панелда 16 + 5 мегапикселли эгизак сенсорли бош камера мавжуд. Улардан йириги рангли, иккинчиси оқ-қора сурат олади ва тизим олинган кадрларни яхлит кўринишга келтиради. Селфи учун эса 16 мегапикселли камера хизматингизда. Ҳар иккала камераларда "сунъий ақл" технологияси жорий қилинган. Улар орқа фонни ғира-шира қилиш, юз-қиёфани таниш ҳамда фильтрлашда фаол иштирок этади.

Nokia X6 модели Nokia’нинг "имзоси". Гап шундаки бир вақтнинг ўзида унинг ҳам орқа, ҳам олд камераларида тасвир ёзиш мумкин.

Корпуснинг орқа қисмида бармоқ изи сканери бўлса ҳам, фойдаланувчи тизимни очишда олд камерадаги Face Unlock функциясидан ҳам фойдаланиши мумкин. Смартфон куч-қуввати учун 3,060 мА соат сиғимли аккумулятор муҳим рол ўйнайди. Бу "қувват тоши"ни USB Type-C порти орқали Quick Charge 3.0 ёрдамида тезкор қувватлаш мумкин.

Nokia’нинг янги ва ўрта нархли Android телефонидаги яна бир ўзига хос жиҳат Nokia X6 қадоқдаёқ энг сўнгги Android 8.1 Oreo тизими бошқарувида ишлайди.

Nokia 6X нархи хусусида:

Nokia X6 — 4 гигабайтли тезкор, 32 гигабайтли доимий — CNY1,299 (200 АҚШ доллари);
Nokia X6 — 4 гигабайтли тезкор, 64 гигабайтли доимий — CNY1,449 (225 АҚШ доллари);
Nokia X6 — 6 гигабайтли тезкор, 64 гигабайтли доимий — CNY1,699 (265 АҚШ доллари).

Бу гаджет нарх борасида Xiaomi Redmi Note 5 смартфони билан беллашиш баробарида, жиҳатларига кўра у Redmi Note 5'ни мағлуб қилади. "Тоза" Android тизимида ишлаши, нисбатан сифатли ва жозибадор корпусга эга бўлгани ҳамда камера имкониятлари билан Xiaomi’нинг биринчи рақамли ҳамёнбоп девайсини "ер тишлатади".

Ўқинг: Galaxy S9'нинг муносиб рақибини қарши олинг

Xiaomi Redmi Note 5 Хитойда 155 АҚШ доллари (3/32), 187 АҚШ доллари (4/64). Умид қиламизки, юртимиз бозорига Nokia 6X кириб келиши билан арзон ва муносиб девайслар савдосида рақобат янада кучаяди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!