Nokia яна битта смартфон тайёрлаяпти экан!

  •   DiMaX
  •  1083
  •  30.11.2017 16:59

Nokia яна битта смартфон тайёрлаяпти экан!

HMD Global компанияси Nokia брендини «тирилтириб» олган, уни жонлантириш ва кучайтириш ишлари ҳам режага мувофиқ давом этяпти. Мазкур номи остида чиқаётган қурилмалар ўзининг хусусиятлари ва асосийси – «инсофли» нархи билан харидорлар эътиборини қозониб келмоқда.

ЎҚИНГ: Nokia: 2017 йилда 7 та смартфон ишлаб чиқарилади

Ҳали тақдим этилмаган Nokia 9 флагмани энг орзиқиб кутилаётган моделлардан бири бўлаётир, аммо у энди кейинги йили тақдим этилса керак. Бироқ HMD Global яна битта смартфон – Nokia 5’нинг кейинги авлодини тайёрлаётгани ҳам маълум бўлди. Бу модел ҳам 2018 йилда намойиш этилса керак, деб ёзади Pocketnow нашри.

Тақдимотга тайёрланаётган ушбу девайс айнан қандай номланишини ҳозирча била олмаймиз, аммо унинг айрим хусусиятларидан бохабар этишимиз мумкин. GFXBench бенчмаркининг базасида яқинда пайдо бўлган маълумотларга кўра, Nokia 5 (2018) деб аталиши тахмин қилинаётган телефоннинг асосий жиҳатлари қуйидагича:

Хулласи калом, Nokia 5 смартфонининг кейинги авлоди диагоналига 5,2 дюймлик экранга эга, дисплейнинг тасвир аниқлиги Full HD форматида, яъни 1920х1080 пикселли. Унинг самарадорлиги учун 2,2 ГГц такт частотасида ишловчи саккиз ядроли Snapdragon 630 процессори масъулдир.

Таққослаш учун келтириб ўтиш керакки, оригинал Nokia 5 моделига саккиз ядроли Snapdragon 430 процессори ва 2 гигабайтлик тезкор хотира ўрнатилган. Унинг 2018 йилги «авлод»ида эса тезкор хотира ҳажми ҳам 4 гигабайтгача кучайтирилган. Булардан ташқари, оригинал Nokia 5’даги 16 гигабайтлик доимий хотира янги моделда 64 гигабайтни ташкил этади. Ёмон эмас-а, нима дедингиз?

ЎҚИНГ: Nokia 5 ва Nokia 3 Россияда сотувга чиқди

Шунингдек, асосий камера 13 мегапикселли эмас, балки энди 16 мегапикселли бўляпти. Лекин негадир Nokia 5 (2018) моделининг селфи-камераси аввалгидек 8 ўрнига 5 мегапикселли бўляпти.

Ва ниҳоят, янги моделнинг операцион тизими сифатида Android 7.1.1 талқини кўрсатилган, аммо тақдимот вақтигача уни Oreo талқинига янгилашса керак. Бу борадаги янгиликлардан бохабар бўлиб бориш учун биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: Nokia 9 дизайнини ғилофчи компания «сотиб қўйди» (+10 сурат)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.