Nokia’нинг энг арзон смартфони: илк маълумотлар ва сурати чиқди

  •   DiMaX
  •  1675
  •  21.07.2017 18:29

Nokia’нинг энг арзон смартфони: илк маълумотлар ва сурати чиқди

MWC 2017 кўргазмасида тўртта смартфон намойиш этган Nokia шу йилнинг ўзида яна тўртта смартфон тақдим қилиши ҳақида яқинда хабар берганмиз. Интернетда ўшалардан бири – Nokia 2 моделининг Nokia 3 билан таққосланган сурати пайдо бўлди.

Расмда ҳар иккала смартфоннинг олд панели ёнма-ён қўйиб ўзаро солиштирилган. Аввалроқ чиққан хабарларга кўра, Nokia 2 модели компаниянинг бу йилги смартфонлари орасида энг арзони бўлса ҳам, унга Snapdragon 212 процессори ўрнатилган. GSM Arena сайти манбаси – «сизиб чиққан» маълумот муаллифининг таъкидлашича, бу иккала қурилмада ҳам Snapdragon 212 қўлланилиши мумкин.

Смартфонларнинг экранлари бир хил – диагонали 5 дюймга тенг. Аммо экран устидаги навигация тугмачаларининг мавжудлиги сабабли Nokia 2 экранидаги фойдали майдон камроқ. Шунингдек, унинг суҳбатлашиш динамиги ва олд камераларнинг жойлашуви Nokia 3’даги билан тахминан бир хил.

Nokia 2 девайсининг умумий шакли – бурчаклари салгина думалоқроқ. Шунингдек, манбанинг таъкидлашича, унинг ташқи кўриниши Lumia 620 телефонини ҳам эслатиб юборадиган бўлади.

Қизиқ, негадир Nokia бу янги моделида Android дастурий тугмачаларидан дастлабки даражада фойдаланишга қарор қилган. Унинг шу пайтгача чиқарилган бирорта смартфонида бундай опция кузатилмайди.

Nokia’нинг янги – бу йилгилари ичида энг ҳамёнбоп бўлиши кутилаётган смартфони хусусида ҳозирча бошқа маълумот йўқ.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!