Номаълум Redmi смартфонидаги янги MediaTek процессори AnTuTu тестида Snapdragon 865’ни маҳв этди!

  •   DiMaX
  •  976
  •  30.11.2020 17:47

Номаълум Redmi смартфонидаги янги MediaTek процессори AnTuTu тестида Snapdragon 865’ни маҳв этди!

Xiaomi’нинг арзончи бренди ўтган ҳафтада Redmi Note 9 5G, Redmi Note 9 Pro 5G ҳамда Redmi Note 9 4G русумли смартфонларини тақдим этган. Буларнинг ортидан Redmi яна битта, кучли телефон тайёрлаб улгурибди!

ЎҚИНГ: Сотувга чиқмасиданоқ рекорд ўрнатган Redmi Note 9 Pro 5G сири нимада?

AnTuTu сервисининг маълумотлар базасида Redmi брендининг номаълум смартфони текшириб кўрилгани ҳақида қайд пайдо бўлди. Унинг «электрон юраги» – MediaTek компанияси ҳали расман намойиш қилмаган чипсет экан.

Қизиғи шундаки, мазкур процессор нуфузли чипсоз – Qualcomm компаниясининг Snapdragon 865 флагманидан юқори балл олган!

Айтиш керакки, Snapdragon 865 бу тестда 610 000 балл атрофида натижа кўрсатган.

ЎҚИНГ: Snapdragon 865 чипли энг арзон флагман – Redmi K30S тақдим этилди!

MediaTek‘нинг бу янги чипсети саккиз ядроли бўлиб, шулардан тўрттаси юксак самарадорликка эга Cortex-A78, яна тўрттаси эса қувват тежовчи Cortex-A55 ядроларидир. Смартфоннинг графикасини таъминлаш учун унинг жамланмасида Mali-G77 график процессори мавжуд.

Янги мобил платформанинг марказий процессори бенчмаркда 175351 балл олган, график тезлатгич эса 235175 баллга баҳоланган. Хотиранинг самарадорлиги учун 123535 балл қўйилган.

Шунингдек, бенчмарк тасдиқлашича, ушбу смартфон FullHD+ резолюцияли, 90 герцлик экранга эга. Redmi унда 8 гигабайтлик тезкор ва 256 гигабайтлик доимий хотира қўллаган.

Digital Chat Station никли инсайдер ҳам мазкур янги процессорни илк бор Redmi ўз смартфонида ишлатишини айтган. Лекин бу қайси модел бўлиши ва қачон тақдим этилиши ҳозирча номаълум.

ЎҚИНГ: AnTuTu’да янги рекорд: миллион баллдан юқори натижага эришган илк гаджет!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!