Ноодатий дизайнга эга 10 та мобиль телефон

Ноодатий дизайнга эга 10 та мобиль телефон

Ҳозирги кунда аксарият мобиль телефонлар сенсорли экранлар билан жиҳозланган ва стандарт чорқирра шаклдаги ёки совун қути кўринишидаги дизайнга эга ҳамда бир-биридан фақат ўлчамлари, ранги ва корпусининг материали билан фарқланади. Камдан-кам ҳолларда экран остида физик клавиатура мавжудлиги ёки слайдер кўринишидалиги билан фарқ қилади. Дарҳақиқат, эсда қоладиган телефонлар жуда оз. Илгари дизайнерлар кўпроқ бош қотиришар ва фантазия қилишар, натижада фойдаланиш учун у қадар қулай бўлмаган, лекин ноодатий маҳсулотлар дунё юзини кўрарди.  Қуйида кўп миқдорда ишлаб чиқарилган ва ўз шакли билан лол қолдирадиган аппаратлар билан танишасиз.

Toshiba Portege G450

Япониянинг Toshiba компанияси ўз даврида жуда ғалати Portege G450 уяли телефонини ишлаб чиқарган. У қўшимчасига 3G-модем вазифасини ҳам бажарар эди. Унинг ўлчамлари ихчам (98x36x16 мм), чўзинчоқ шаклда, четлари юмалоқ эди. Олд панели учта доирадан иборат бўлиб, биринчисида OLED-экран, қолган иккитасида эса иккига бўлиган клавиатура блоги    жойлашган. Уларда тугмачалар марказий тугмача атрофида айлана бўйлаб жой олган. Биринчисида у “5”, иккинчисида эса “0” тугмачаси. Бундай тузилиш у қадар эргономика билан ажралиб турмасди, шу боис кўпчилик уни асосан портатив USB-модем сифатида ишлатган.

CEC F88 Wrist Watch (Telson TWC 1150)

Мана бу аппаратни эса илк “ақлли” соатлардан бири, десак адашмаган бўламиз. CEC F88 Wrist Watch (Ҳиндистонда Telson TWC 1150 номи остида ишлаб чиқарилган) ташқи томондан фантастик фильмларда бўладиган қандайдир қурилмаларни ёдга солади. Бу каттагина техника мўъжизасини ростдан ҳам қўлда кўтариб юриш зарур эди. Кенг тасмадан рақамли тугмачалар блоги, юқорида рангли экран ва навигация блоги жой олган. Қурилмага гарнитура ва кўчма камерани улаш мумкин бўлган. Энди иш бошлаган яширин агентга бундан ортиқ яна нима керак?!

Haier Pen Phone P7

У қадар соғлом бўлмаган фантазиянинг яна бир махсули – ўз шаклига кўра ручка ва термометр қоришмасини эслатувчи уяли телефон. Ўзининг 15 см.дан иборат салмоқли узунлигига (ўша давр учун албатта) қарамай, аппарат ингичка ва энсиз эди (27х18.2 мм) ва атиги 65 г тош босган. Шу ҳолида унга рангли LCD-дисплей, 90 дақиқа ёза оладиган диктофон, 0,3 мегапикселли рақамли камера, рақамли блок ва жойстик ҳамда бошқа одатий бошқарув органлари тўплами жойлаштирилган. Ташқи кўриниши ручка ва термометрга ўхшашига қарамай, у на ёза, на ҳаво ҳароратини ўлчай оларди, аммо GPRS мобил интернетини кўтара олган, қуввати эса 4 соат гаплашишга етган.

NEC Medias W

Япониянинг NEC компанияси Android-смартфонга анчайин экзотик кўриниш бера олган. Унинг Medias W номли модели иккита сенсор экранли горизонтал буклама аппаратдир. Бу очиқ ҳолатда қулай браузинг учун битта катта экран кўринишини олиш ёки экранлардан бирининг майдонини камайтирмаган ҳолда иккинчисини QWERTY-клавиатура сифатида ишлатиш учун қилинган иш эди. Смартфонда ҳар бири 4,3 дюймли 960х540 разрешениели иккита экран қўлланилган. Смартфон ОС Android 4.1 Jelly Bean бошқарувида ишлаган, ичига такт частотаси 1,5 ГГц, оператив хотираси 1 ГБ ва ўрнатма хотираси 16 ГБ бўлган Qualcomm Snapdragon MSM8960 икки ядроли процессор ўрнатилган.

Nokia 7600

Финляндиянинг Nokia компанияси ўз даврида ўз аппаратларининг шакли устида тажрибалар ўтказишдан тортинмаган. Оқибатда бугунги кунда унинг моделлар портфелидан кўплаб ғалати аппаратларни топиш мумкин. Компания тижорат нуқтаи назаридан бирор бир муваффақиятларни кўзда тутмаган ҳолда ана шундай тажрибалар ўтказиб турган. Nokia 7600 – ташқи кўринишидан таштакачни эслатувчи ностандарт шаклдаги аппаратдир. Бу – рангли дисплейли ва унинг ён атрофига тугмачалар жойлашган асимметрик моноблок. Техник нуқтаи назардан 7600 тўлдириб ташланган (2003 йил учун албатта) эди: унда ичига ўрнатилган VGA-камера, Bluetooth, инфрақизил порт ва MP3-плеер бор.

Motorola A925

Motorola компаниясининг кўплаб қизиқарли ва новаторлик уяли телефонлари бор. Бугун эса ғалатироқ ҳисобланган A925 моноблоги ҳақида сўз юритамиз. У сенсорли дисплей ва экраннинг ҳам уст, ҳам ост қисмида физик тугмачалар билан жиҳозланган эди. Унинг ўлчами катта, узун антеннаси  бўлиб, ташқи кўриниши сайёҳларнинг GPS-навигаторини эслатиб юборади. Бу бежиз эмас. Чунки айнан GPS-модуль ушбу смартфоннинг энг асосий афзалликларидан бири эди, унга ташқи антенна ҳам улаш имконияти бўлган. Гаджетга камера ўрнатилган, хотира картасини, GPRS-интернет, Bluetooth 1.1 ни кўтара олган, ОС Symbian OS v7.0, UIQ 2.0 да ишлаган.

Samsung SGH-E910 Serene (Bang & Olufsen)

Samsung компанияси вақти-вақти билан телефонлар яратиш борасида Bang & Olufsen билан ҳамкорлик қилиб турган. Ана шу ҳамкорлик ҳар сафар ғалати эргономикага эга, дизайни ёдда қоладиган аппаратларнинг яратилиши билан якунланган. Ана шундай мобил қурилмалардан бири SGH-E910 Serene ҳисобланади. У упа қутисини ёдга солувчи автомат тарзда очиладиган механизмга эга йиғма аппарат бўлиб, турли йўналишларда ишлатиш мумкин (хатто тасвирни тескари қилиб кўриш ҳам мумкин бўлган), клавишлар блоги думалоқ шаклда. Ичида навигация доираси бўлиб, унинг атрофида рақамли-ҳарфли тугмачалар жойлашган.

Sharp Touch Wood SH-08C

Яна бир япон телефони Sharp Touch Wood SH-08C бўлиб, у ташқи кўринишидан дуккакли экинлар донини эсга қолади. Японияда 15 000 дона ишлаб чиқарилган. Корпусининг асосий қисми махсус ишлов берилган кипарис ёҳочидан ишланган. Ёғоч бир хил рангли бўлмагани боис ҳар бир нусха ўзига хос кўринишга эга.  Табиат билан ана шундай уйғунликка қарамай, мазкур телефон анчайин технологик бўлган: унга 854×480 ли 3,4 дюймли экран ўрнатилган, GSM ва 3G тармоқларида ишлаш мумкин, MicroSD хотира карталари учун ғовак ва 5 мегапикселли камера мавжуд.

Q Qube Z2

Siemensнинг мобил бўлинмасини сотиб олишдан сал одинроқ, 2005 йилда BenQ компанияси квадрат шаклдаги, ташқи кўринишидан Хитойнинг арзон MP3-плеерларини ёдга солувчи Qube Z2 мобил телефонини ишлаб чиқарди. Навигация блоги экранинг остига жойлаштирилган, бошқа тугмалар эса унинг ўнг томонидан жой олган. Бундай ечим фойдаланувчи учун қулай бўлган деган фикрдан йироқман. Телефонда рангли экран, MP3-плеер, miniSD стандартидаги хотира карталарини ишлатиш имконияти, 1.3-мегапикселли камера, ёзиб олувчи қурилмали FM-радио мавжуд. Телефондан MMS-хабарлар жўнатиш мумкин, GPRS (10-синф) ва Java дан фойдаланиш имконияти бўлган.

Sony Ericsson Xperia X5 Pureness

Бугунги шарҳимизга ўз тоифасидаги илк шаффоф экранли телефон якун ясаб беради. Sony Ericsson Xperia X5 Pureness – имижга ишловчи аппарат бўлиб, ишлаб чиқарувчи атайлаб унга турли функцияларни тўлдириб ташаламаган, балки асосий эътибор ноодатий ташқи кўриниш ва “енгиллик”ка қаратилган. Телефонга 1,8 дюймли шаффоф экран ўрнатилган бўлиб, уни ҳар доим ҳам ўқишнинг имкони бўлавермаган, аммо бу ҳол “вау” омилни бекор қила олмайди. Xperia X5 Pureness нисбатан камтарин ўлчамга – 102х43х13 мм ва оғирликка – 70 г эга бўлган. Номида Xperia сўзи бўлса-да, у смартфон эмасди ва унга камера ўрнатилмаганди. Фақат асосий функциялар тўплами ва медиапроигрыватель бўлган.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!