Nubia Alpha тақдим этилди – билакка тақилувчи соат-смартфон (+видео)

  •   DiMaX
  •  1008
  •  26.02.2019 13:22

Nubia Alpha тақдим этилди – билакка тақилувчи соат-смартфон (+видео)

MWC 2019 кўргазмасига Nubia компанияси Alpha (Nubia α) русумли ғайриоддий девайсини олиб келди. Уни смарт-соат деса ҳам бўлаверади, аммо катта экрани, камераси ва алоқа имкониятларини ҳисобга олиб, тақилувчи смартфон деган маъқулроқ.

ЎҚИНГ: Nubia қайишқоқ дисплейли илк «ақлли» соат-смартфонни тайёрлади

Nubia Alpha футуристик дизайнга ва 4 дюймлик қайишқоқ OLED-дисплейга эга. Visionox компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган экран металл билагузукда узунасига жойлаштирилган. Шу боис дисплей жуда энсиз ва узун – томонлари ўзаро 36:9 нисбатда, тасвир аниқлиги эса 960х192 пикселлик.

Қурилмага Snapdragon Wear 2100 процессори ва 1 гигабайтлик тезкор хотира ўрнатилган, доимий хотирасининг ҳажми эса 8 гигабайтга тенг. Компаниянинг таъкидлашича, 500 мА/соатлик аккумуляторнинг қуввати Nubia Alpha’ни бир-икки кун ишлатишга етади.

Мазкур қурилма икки хил версияда ишлаб чиқарилади, улардан биттаси фақат Bluetooth ва Wi-Fi модулларига эга. Иккинчи версия эса eSIM технологиясини қўллаб-қувватлайди – унда 4G тармоқларида қўнғироқлашиш ва матнли хабарлар юбориш, ҳатто видеоқўнғироқ функциялари бор.

Компания бу маҳсулотида Wear OS, Tizen ёки Watch OS операцион тизимларидан бирини қўлламаган, балки айнан шундай экранларга мослаштирилган алоҳида тизим яратган. У ишоралар орқали бошқариш учун multi-touch технологиясини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, билагузук-смартфонни овозли буйруқлар орқали, ҳатто экранга тегинмай туриб ҳаводаги қўл ишоралари ёрдамида ҳам бошқариш мумкин!

Nubia Alpha видеомулоқот учун 5 мегапикселлик камерага ва бошқариш учун иккита тугмачага эга. Шунингдек, юрак уришини ўлчовчи датчик, жисмоний фаолликни ва уйқуни кузатувчи сенсорлар ҳам мавжуд – худди барча «ақлли» соатлардагидек. Гаджет корпуси сувдан ҳимояланганлиги тақдимотда айтилган, аммо айнан қайси стандарт эканлиги очиқланмаган.

Nubia Alpha девайсини қуйидаги видеода томоша қиламиз:

Ушбу антиқа соат-смартфоннинг оддий версияси қора рангда бўлиб, жорий йилнинг апрелида, 450 евро нархида сотувга чиқади. eSIM-картали версияси эса қора корпусда 550 евродан, кейинроқ 18 қиротлик олтиндан ишланган талқини 650 евродан савдога қўйилади.

Terashop.uz интернет-дўконимизда эса 570 000 сўмдан бошланувчи нархларда турли смарт-соатларни сотиб олиш мумкин. Айниқса, шу кунларда – акция доирасида бу харидингиз янада ёқимли ва манфаатли бўлади.

ЎҚИНГ: Sony тақдим этган «ақлли» тасмача ҳатто Apple Watch’дан ҳам қиммат!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!