Nubia Red Devil тақдим этилди: атиги 560 долларга Snapdragon 845 ва 10 ГБ «оперативка»ли геймерофон!

  •   DiMaX
  •  425
  •  08.11.2018 14:04

Nubia Red Devil тақдим этилди: атиги 560 долларга Snapdragon 845 ва 10 ГБ «оперативка»ли геймерофон!

ZTE корпорациясининг суббренди бўлган Nubia компанияси ўтган йили ўзининг Red Magic русумли ўйинбоп смартфонини тақдим этганди. Энди унинг иккинчи авлоди ҳам тайёрланаётгани хусусида ёзганмиз.

ЎҚИНГ: РАСМАН: Nubia ҳам иккинчи геймерофони – Red Magic 2’ни жангга тайёрлаяпти! (+«жонли» сурат)

Nubia’нинг иккинчи авлод геймерофони Red Magic 2 эмас, балки Red Devil деб номланган экан. Айни дамда компания уни Хитойдаги краудфандинг сайтида эълон қилган, аммо қурилманинг барча хусусиятлари ошкор этилмаган.

Компания ушбу смартфонининг 10 гигабайтлик, LPDDRX4 турига мансуб тезкор хотирасига урғу берган. Аммо, очиғини айтганда, Xiaomi компаниясининг Black Shark Helo геймерофони ҳамда Mi MIX 3 слайдер флагманидан кейин 10 гигабайтлик «оперативка» унчалик ҳам янгилик эмас.

Nubia Red Devil доимий хотираси ҳам чакки эмас – 256 гигабайтлик ҳажмга эга. Шунингдек, Nubia Red Devil америкалик чипсознинг айни дамгача расман бозорга чиқарилган энг кучли – Snapdragon 845 процессори базасида ишлайди. Ўйинларда ортиқча қизиб кетмаслиги учун суюқликли совитиш тизими жорий этилган – у чип ҳароратини 13,2 даражага тушира олади. Шунинг эвазига процессор максимал частотада ҳам қизиб кетмасдан, самарадорлиги тушмасдан ишлайверади.

ЎҚИНГ: Атиги 230 долларлик Vivo Z3 – компаниянинг илк ўйинбоп смартфони тақдим этилди

Булардан ташқари, Nubia’нинг ушбу «Қизил Иблис» смартфонида SmartPA овоз кучайтиргичига асосланган акустика тизими ҳам қўлланган бўлиб, у DTS технологиясини ҳам қўллаб-қувватлайди. Қурилма корпусидаги алоҳида тугмача эса махсус ўйин режимини ишга туширади. Бунда процессор самарадорлиги янада оширилади, RGB чироқлари ҳамда 4D Shock функцияси ёқилади.

Nubia Red Devil учун ҳозирданоқ Хитойда буюртма олина бошлаган. Унинг 10 гигабайтлик «оперативка» ва 256 гигабайтлик ички хотирага эга талқини учун 560 АҚШ долларига тенг нарх белгиланган. Геймерофоннинг бошқача конфигурациядаги талқинлари ҳам чиқиши мумкин, лекин бу ҳозирча аниқ эмас. Унинг асосий рақиби – Black Shark 2 моделининг 10 ГБ тезкор ва 256 ГБ ички хотирага эга талқини учун эса Хитойнинг ўзида 605 доллар сўралаётир.

Xiaomi компаниясининг илк ўйинбоп смартфони – глобал прошивкали, 6/64 ГБ хотирали Black Shark моделини 3 849 000 сўм эвазига Terashop.uz интернет-дўконимиздан харид қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: Ўйин смартфонларининг келажаги порлоқми?

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.