Nubia Red Magic 5S ҳам чиқди: Snapdragon 865+ ва 144 Гц дисплейли, 540 долларлик геймерофон! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1220
  •  29.07.2020 10:07

Nubia Red Magic 5S ҳам чиқди: Snapdragon 865+ ва 144 Гц дисплейли, 540 долларлик геймерофон! (+видео)

Qualcomm компанияси 8 июль куни тақдим этган флагман – Snapdragon 865+ процессори базасида дастлабки учта смартфон тақдим қилинди. Булардан бири Galaxy Z Flip 5G букламафони бўлса, иккитаси ўйинбоп – Legion Duel ҳамда ROG Phone 3 моделларидир.

ЎҚИНГ: AnTuTu’да тахт талашаётган икки флагманнинг янги рақиби – Red Magic 5S ҳам тайёр!

Кеча – 28 июль куни ZTE корпорациясига қарашли Nubia компанияси ҳам Red Magic 5S русумли ўйинбоп смартфонини тақдим қилди. Бу – жорий йилнинг мартида намойиш этилган геймерофоннинг, яъни Red Magic 5G моделининг кучайтирилган версиясидир.

Дизайни

Янги смартфон ҳам ўша Red Magic 5G қурилмасидаги каби 6,65 дюймлик AMOLED-дисплей билан жиҳозланган. Унинг тасвир узатиши FHD+ форматида, экраннинг янгиланиш частотаси 144 Гц бўлса, сенсор қатламининг янгиланиш частотаси 240 герцлик. Бармоқ изи сканери ҳам экранга интеграция қилинган, олд камера бўлса юқори ромга жойланган.

Nubia Red Magic 5S корпусининг ён қирраларида ўйинда қўлланувчи сенсорли триггерлар бор, уларнинг дискретизация частотаси 320 герцни ташкил этади.

Корпусда, олдинги авлод «Қизил жоду»лардаги каби, RGB-ёритқичлар мавжуд.

Ичига разм соламиз

Nubia Red Magic 5S геймерофони энг илғор Android-процессор – Snapdragon 865+ базасида ишлайди; унда тавсирларнинг аниқ ва равон етказиб берилиши учун чипсет жамланмасидаги Adreno 650 график тезлатгичи масъул. Смартфоннинг LPDDR5 тоифали тезкор хотираси 16 гигабайтгача, UFS 3.1 стандартидаги доимий хотираси эса 256 гигабайтгача ҳажмда таклиф этилади.

Қурилмани ўйинлар жараёнида қизиб кетишдан сақлаш учун кумуш қопламали пластина ҳамда дақиқасига 15 000 айланиш тезлигидаги кулер қўлланган.

ЎҚИНГ: Энг қизиб кетувчи ва энг қизимайдиган смартфонлар (Master Lu рейтинги, 2020 йил 2-чорак)

Red Magic 5S аккумулятори 4500 мА/соатлик бўлиб, смартфон 55 ваттлик қувватда тезкор зарядлана олади, натижада унинг батареяси атиги 39 дақиқада тўлиб улгуради. Nubia бу гаджетини яп-янги, ҳали тўлиқ татбиқ этилишга ҳам улгурмаган Wi-Fi 6 модули ҳамда қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш билан ҳам таъминлаган.

Камераларига келсак...

Янги геймерофон камералари ҳам ўша – мартда чиққан Red Magic 5G билан бир хил: 64 мегапикселлик Sony IMX686 датчиги, 8 МПлик кенг бурчакли камера ҳамда 2 МПлик макросъёмка модули. Селфилар учун эса 8 мегапикселлик якка сенсорли камера қўлланган.

Қуйида Nubia Red Magic 5S смартфонининг расмий видеосини томоша қиламиз:

Қанчадан бўляпти энди?

Nubia Red Magic 5S модели тезкор/ички хотирасига кўра қуйидагича нархларда сотилади:

8/128 гигабайтлиги – $543

12/256 гигабайтлиги – $628

16/256 гигабайтлиги – $714

Хитойда унинг учун олдиндан буюртма ола бошлашган, очиқ савдога эса 1 августдан чиқаришади. Nubia Red Magic 5S бошқа мамлакатлар бозорларига тақдим этилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Дирвоқе, ўйинбоп смартфонлар сафига тез кунларда яна битта жиддий рақобатчи қўшилади...

ЎҚИНГ: Xiaomi ҳам Snapdragon 865 Plus чипли флагмани тақдимотини расман эълон қилди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!