Nubia Z17 mini S: 4 камерали, бошланғич нархли смартфон тақдим қилинди

Nubia Z17 mini S: 4 камерали, бошланғич нархли смартфон тақдим қилинди

Nubia Z17S флагмани билан бирга, 12 октябрда яна бир -- ўрта нархли Nubia Z17 mini S смартфони ҳам тақдим қилинди. Девайс жиҳатлари унинг нархи билан солиштирилганда, диққатга сазовор хусусиятларга гувоҳ бўлиш мумкин.

Nubia Z17 mini S гаджети 5,2 дюймли FHD экранга эга бўлган ва Gorilla Glass 3 ҳимоя шишаси билан қопланган. Корпус шишадан тайёрланган ҳамда металл ром билан ўраб олинган.

Девайс самарадорлиги яп-янги ва флагман чиплардан бир оз орқада бўлган Snapdragon 653 процессори, Adreno 510 видео-картаси, X9 LTE мобил алоқа модеми, 6 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотирага боғлиқ. Доимий хотирани кенгайтиришнинг иложи йўқ.

Бош камера учун Sony'нинг 13 мегапикселли IMX258 русумли 2 та сенсорларидан фойдаланилган. Улардан бири рангли, бошқаси эса оқ-қора кўринишда суратга олади. Ёруғлик тақсимоти учун f/2.2 стандартидаги диафрагма масъул. Яъни, Z17S флагманидаги f/1.8 ҳажмли билан солиштирса, ёруғлик мосламаси бир оз орқада.

Бироқ, Nubia Z17 mini S олд камераси ҳам қўш сенсорли: 16 + 5 Мп (f/2.0 + f/2.2). Гарчи, олд фоточақноқ бўлмаса ҳам, суратга олиш вақтида дисплей ёритиш воситасига айланади.

Бу "ақлли телефон"да NFC ва USB Type-C портлари бўлса-да, флагман талқини каби, у ҳам 3,5 мм.ли аудио портдан маҳрум бўлган. Nubia Z17 mini S батареясининг сиғими 3200 мА соат.

Смартфон Wi-Fi (2,4/5 ГГц) ва Bluetooth 4.1 тармоқларида фаолият кўрсатади. Ўлчамлари: 147,5x71,2x7,6 мм, вазни -- 155 грамм.

Nubia Z17 mini S қора-тилларанг, тим кўк ва мовий рангли корпусларда ишлаб чиқарилади. Уни 19 октябрдан $305 доллардан харид қилиш мумкин бўлади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.