Nubia Z17S: 4 камерали ромсиз флагман тақдим қилинди

Nubia Z17S: 4 камерали ромсиз флагман тақдим қилинди

ZTE компанияси суб-бренди бўлган Nubia 12 октябрда янги смартфонларини тақдим қилди. Уларнинг орасида 5,77 дюймли Nubia Z17S флагмани диққатга сазовор. Унинг томонлар нисбати 17:9 стандартида ишлаб чиқарилган экрани ромдан холи ва пиксел сиғими ҳам юқори -- Full HD+, яъни 2040х1080 белгига тенг. Экран Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси билан қопланган. Бу гал қизил ҳошияли виртуал "Home" тугмаси олд панелдан олиб ташланган. Бош камера эса қизил гардиш билан ўраб олинган.

Nubia Z17S флагмани жаҳоннинг энг кучли Snapdragon 835 процессори, 6 + 64 ёки 8 + 128 ГБ хотирага, тезкор қувват олувчи 3100 мА соат батарея (26 Вт., 25 минутда 50%) га эга бўлган. Хотирани 128 гигабайтли флешка орқали кенгайтириш ҳам мумкин.

2 та SIM-картали смартфон 4G LTE, Wi-Fi (802.11ac), Bluetooth 4.1, GPS/ГЛОНАСС/Beidou, NFC тармоқларини қўллаб-қувватлайди. ZTE Nubia Z17S Android Nougat 7.1'нинг ўзлаштирилган Nubia 5.0 операцион тизимида ишлайди.

Ўлчамлари: 147,46 х 72,68 х 8,5 мм, вазни — 170 грамм.

Ниҳоят, Nubia Z17S ҳам аудио қулоқчинга мўлжалланган 3,5 мм.ли портдан воз кечган. Унинг ўрнига смартфон USB Type-C ва NFC портлари билан таъминланган.

Nubia Z17S'нинг камера имкониятлари юқорига ўхшайди: бош камера 12 + 23 мегапикселли сенсорлар бирикмасидан иборат. Улардаги ёруғлик тақсимловчи мослама (диафрагма) f/1.8 ҳажмли. Шунингдек, сапфир линзаси ётқизилган бош камера объектни 2 карра яқинлаштириш, 10 карра рақамли яқинлаштириш функцияларига эга.

Nubia Z17S'даги Олд камера ҳам қўш -- ҳар бири 5 Мп бўлган 2 та сенсорлар бирикмасидан иборат ва улар 84 даража остида суратга олади. Уларнинг диафрагма ҳажми f/2.2 стандартли.

Қора ва кўк рангли корпусларда ишлаб чиқарилаётган смартфонга айни пайтда олдиндан буюртма бериш мумкин. Nubia Z17S'нинг 6 + 64 ГБ талқини $455, 8 + 128 ГБ талқини $606 доллардан сотувга чиқарилади.Уни етказиб бериш 19 октябрдан бошланади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!