Одамсимон робот ўнқир-чўнқирда ҳам ҳаракатланиш лаёқатига эга бўлди

Одамсимон робот ўнқир-чўнқирда ҳам ҳаракатланиш лаёқатига эга бўлди

Американинг роботехника маҳсулотларини яратишга ихтисослашган Boston Dynamics муҳандислик компанияси одамсимон Atlas роботининг янги авлоди акс этган видеони чоп этди.

Роботларнинг янги авлоди нафақат бино ичида, шу билан бирга ташқарида, ўнқир-чўнқир йўл шароитида ҳам чаққонлик билан ҳаракатлана олади. Нохос қоқилиб йиқилиб тушса, робот ўзи мустақил оёққа туриш кўникмасига ҳам эга. У атрофни кўздан кечириш, вазиятга баҳо бериш ва масофани оптик ўлчаш диапозони ҳамда бошқа сенсорлар тизимлари билан таъминланган. Гуманоид роботи мустақил ҳаракатланиш ва хулоса чиқариши, мисол учун, ўзи ушламоқчи бўлган, ҳаракатланаётган жисмнинг ортидан бориш, сирпанчиқ ва паст-баландликда, қаттиқ зарбадан сўнг мувозанатини сақлаш лаёқатига ҳам эга.

Робот электр қуввати ёрдамида ишлаб, гидравлика тизими, яъни суюқлик босими ёрдамида ҳаракатланади. Унинг бўйи 175 см. ҳамда оғирлиги 82 кг.

Atlas роботининг илк талқини 2013 йилда тақдим этилган эди. У қидирув ва қутқарув ишларига жалб қилиш учун яратилган. Шунингдек, робот хавфли бўлган вазиятларда одам ҳаётини қутқариш, йирик биноларда ҳаракатланиш ва ўт ўчириш шлангларини марказий сув таъминоти қувурига улаш каби ишларни бажара олади.

Турли иш жараёни ҳамда вазифаларга жалб қилиниши мумкин бўлган автомат тизимлар ва ҳаракатланувчи роботлари билан машҳур Boston Dynamics компанияси томонидан дарахтга тирмашиб чиқадиган, катта тезликда югура оладиган, ноқулай жойда ҳам оғир юк билан бемалол ҳаракатланиб, ҳатто сакраш имконига эга роботехникалар синовдан муваффақиятли ўтказилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!